Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Сайловчи ишончи — юксак масъулият

Сайловчи ишончи — юксак масъулият

Халқнинг дард-ташвиши билан яшаш, аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш бугунги кунда депутатларимиз фаолиятининг чинакам маънода ажралмас қисмига айланган. Сайловчиларимиз билан учрашиш, ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида биз ҳам олис Сурхон воҳасининг Узун туманига йўл олдик.

Сурхон деганимизда кўз ўнгимизда кўкка бўй чўзган пурвиқор тоғлар, бепоён кенгликлар намоён бўлади. Боботоғ ҳам Узун туманининг тоғли ҳудудларидан бўлиб, аҳоли Боботоғ, Оқмачит, Янгиобод ва Толтўғай маҳаллаларида умргузаронлик қилади. Ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларидан бири — ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирини камида 20 километрлик масофа ажратиб туради.

Ўтган 2020 йил боботоғликлар ҳаётида муҳим йил сифатида тарихга муҳрланди. Чунки, 2020 – 2023 йилларда Боботоғ ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Шу аснода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Бу борада айниқса, таълим муассасаларига алоҳида эътибор берилгани бизни хурсанд қилди. Хусусан, Янгиобод маҳалласидаги 36-мактаб, Оқмачит маҳалласидаги 45-мактаб учун қўшимча замонавий бинолар қурилаётганига, Боботоғ маҳалласидаги 46-мактаб учун эса, қўшимча спорт зали биноси қурилаётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу маҳалла кўркига кўрк қўшиб турган, ўтган йили қуриб битказилган 120 ўринли болалар боғчасида кичкинтойларнинг муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Сафар давомида 2600 нафар аҳоли яшайдиган Янгиобод маҳалласида бўлганимизда қишлоқ оқсоқолларидан бири Мансур Хуррамовнинг 36-ўрта мактаб қурилиши ҳақидаги фикрлари диққатимизни тортди. Отахоннинг айтишича, қурилиш жараёни жамоатчилик назоратида бўлган ва аҳоли талаби билан мактаб биноси учун сифатсиз плиталардан фойдаланишга йўл қўйилмаган. Отахоннинг: “Ахир, бу иморат келгуси авлодлар учун ҳам кўп йиллар хизмат қилиши керак”, – деган гапларини эшитиб хурсанд бўлдим. Эл-юрт тақдири учун шундай фидойи, куюнчак инсонлар борлиги, ислоҳотлар жараёнига ўзларини дахлдор ҳис этишлари, қувонарли албатта.

Маҳалла фаолияти билан танишар эканмиз, ҳудудда айрим муаммолар борлигига гувоҳ бўлдик. Жумладан, 35-ўрта мактаб биноларининг бирида болалар боғчаси фаолияти йўлга қўйилгани, 75 нафар болалар 3 гуруҳга қамраб олингани, 23 нафари мактабга тайёрлов гуруҳида таҳсил олаётгани маълум бўлди. Боғча мудираси Гулнора Хуррамованинг айтишича, мактаб маъмурияти бинодан чиқиб кетишни сўрамоқда, боғчанинг эса алоҳида биноси йўқ. Бундан ташқари, қишлоқ туман марказидан 100 км узоқликда жойлашганлиги учун озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишда қийинчиликлар туғдирмоқда. Жумладан, ҳафтасига уч марталаб туман марказидан озиқ-овқат олиб келиш иссиқ кунларда маҳсулотларнинг сифати бузилишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, муассаса раҳбари ойлик иш ҳақи камлигини ҳам ийманиб айтиб ўтди.

Ўрганишларимиз давомида маҳаллада ичимлик суви таъминоти, телефон алоқасида муаммо борлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмаслиги маълум бўлди. Аҳоли вакиллари билан бўлган мулоқотларда ўз ваколатларимиз доирасида мумкин қадар ушбу муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилишини маълум қилдик.

Ҳудуд аҳолиси билан бўлган мулоқотларда фуқаролар пенсия таъминоти, кредит ажратилиши, ишга жойлашиш ва бошқа бир қатор ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатилишини сўрадилар. Албатта, биз яхши тушунамизки, фуқаро томонидан кўтарилаётган ҳар бир муаммо нафақат унинг, балки оила аъзоларига ҳам дахлдор ўткир масалалардир. Демак, бир фуқаронинг муаммосини ҳал этиш билан бир оиланинг, бир неча фуқароларнинг оғирини енгил қилиш мумкин.

...Тоғли ҳудуд аҳолиси билан учрашувлардан қайтар эканмиз, йўл-йўлакай писталарнинг бу йил мўл-кўл ҳосил тўплаганини кўриб кўнглимиз таскин топди. Бу ҳосиллар, ахир, элнинг ризқи, фаровонлиги манбаи эканлигини англаб қувонмай бўладими, ахир.

Боботоғ ҳудудидаги бошқа маҳаллаларда бўлганимизда ҳам таниш муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалаларга дуч келдик. Бу муаммоларга маҳаллий ҳокимлик, мутасадди ташкилотларнинг эътиборини қаратиш, ҳал этиш чораларини кўриш биз депутатларнинг вазифаларимиздан ҳисобланади.

Боботоғда аҳоли билан бўлган учрашувларимизда, самимий мулоқотларимизда одамларнинг келажакка, эртанги кунга бўлган ишончлари кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Улар томонидан кўтарилган муаммоларнинг ҳал этилишида жонбозлик кўрсатсак, амалий натижаларга эришсак, сайловчиларимизнинг олдида юзимиз ёруғ, бизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган бўламиз.

Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 579

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

26.10.2021
Бола ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...