Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Депутат Норин туманида тадбиркорларни қийнаётган муаммони назоратга олди

Депутат Норин туманида тадбиркорларни қийнаётган муаммони назоратга олди

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Парламент қуйи палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худайбердиевнинг бу галги учрашувлари Норин туманидаги “Етти қашқа” ва “Тўлқин” МФЙда яшовчи сайловчилар билан мулоқот қилишдан бошланди.

Очиқ мулоқотлар чоғида “Етти қашқа” маҳалла фуқаролар йиғини Гулчинор кўчасида яшовчи Бекзод Тўйчиев суюлтирилган газ баллонини туман газ таъминоти корхонасига газ тўлдириш учун бергани, лекин орадан ойлар ўтса-да, на газ тўлдирилишидан, на газ баллонининг ўзидан дарак йўқлигини айтиб, шу масалада депутатдан кўмак сўради.

Халқ вакили бу мурожаат юзасидан туман газ таъминоти корхонаси вакиллари билан учрашди. Аниқланишича, туман газ таъминоти корхонасига газ тўлдириш учун берилган 150 дан ортиқ газ баллонлари йўқолган. Айни вақтда фуқароларнинг бу хусусдаги мурожаатлари вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Газ баллонларини алмаштириш масаласи эса тез орада ҳал этилади.

Норинлик Чарос Мамадалиева томонидан жорий йил 10 май куни депутат З.Худайбердиев номига мурожаат келиб тушган эди. Халқ ноиби шу вақтнинг ўзида “Етти қашқа” МФЙ раиси ҳамда ушбу маҳалладан халқ депутатлари туман кенгашига сайланган депутат билан боғланиб, масалага ойдинлик киритганди.

Депутат тумандаги учрашувлари давомида бу муаммо ечими билан қизиқди. Фуқаро фермер хўжалигига ишга қабул қилингани, 2012 ва 2015 йилларда туғилган фарзандларига болалар нафақаси олиш учун ҳуқуқий кўмак олиб, зарур ҳужжатларни топширганини маълум қилди.

Тумандаги “Тўлқин” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган мулоқотлар давомида Мустақиллик кўчасида яшовчи М.Тўйчиева электр симлари томма-том ўтгани туфайли ёғингарчилик вақтида қўлбола симёғочларга уланган симлардан ўт чиқишини, шунингдек, ички йўллар ҳам таъмирга муҳтожлигини билдирди.

Мазкур мурожаат халқ депутатлари туман кенгаши депутати М.Собиров ва Норин тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди. Мутасаддилар фуқароларга ушбу муаммоларни ечишда ҳамкорлик зарурлигини айтиб, тез кунларда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилишини билдирди.

З.Худайбердиевнинг тумандаги учрашувлари “Тўлқин” МФЙда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабида давом этди. Ушбу таълим муассасаси 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир бу ерда 513 нафар ўқувчилар таълим олмоқда.

Суҳбат жараёнида бугун юртимизда таълим соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, таълим муассасаларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси яхшиланаётгани эътироф этилиб, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Норин туманидаги Чўжа оилавий шифокорлик пункти ҳудуддаги 7 минг 875 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатади. Тиббиёт муассасасида ҳозир эмлаш жараёнлари амалга оширилмоқда.

Бу ерда аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Лекин олий маълумотли шифокорлар етишмайди. Жорий йилдан Наманган давлат университети қошида тиббиёт йўналишининг очилиши билан ушбу муаммо ҳам ҳал этилиши, шубҳасиз.

Куннинг иккинчи ярмида Норин туманида мактабгача таълим тизимидаги давлат-хусусий шериклик масаласи ўрганилди. Ҳозирда туманда 6 та ДХШ асосида НМТТлар фаолият кўрсатмоқда. Уларда 600 нафарга яқин болалар тарбияланмоқда.

Лекин 2 та ДХШ асосидаги НМТТлар билан вазирлик ўртасида битимлар имзоланган бўлса-да, тадбиркорлар шартларни бажаргани ҳолда давлат томонидан кўзда тутилган маблағлар молиялаштирилмаган.

Жорий йил 1 апрель куни Наманган шаҳрида Молия ва Мактабгача таълим вазирликлари мутасаддилари иштирокида ўтказилган йиғилишда бу масала май ойининг охирига қадар ҳал этилиши билдирилган эди. Аммо ой ҳам охирламоқдаки, негадир маблағдан дарак йўқ. Тадбиркорлар эса ҳар олти ойда кафолат учун қўйилган мулкларини қайта баҳолаш учун қўшимча маблағлар сарфлашга мажбур бўляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати З.Худайбердиев бу масалани назоратга олиб, ечими юзасидан тегишли вазирликка депутатлик сўрови чиқаришини маълум қилди.


Кўришлар сони: 437

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.09.2021
Жазони ижро этиш муассасалари парламент назоратида

Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқлари...

17.09.2021
Депутатлар “яшил белбоғлар”ни ривожлантириш бўйича таклифлар берди

2021 йил 17 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза...

17.09.2021
Трансплантация хизматидан фойдаланиш имконияти ошади

...Қашқадарёлик Ж.Жўрақулов энди 15 ёшни қаршилади. Лекин унда ҳам буйрак етишмовчилиги кузатилган....