Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Спикер ўринбосари “Деҳқонобод асл анори” ишлаб чиқариш кооперативи фаолияти билан танишди

Спикер ўринбосари “Деҳқонобод асл анори” ишлаб  чиқариш кооперативи фаолияти билан танишди

Сайхунобод туманида жойлашган “Янгиобод” СИУда 76 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатади. Умумий ер майдони 2 900 гектар бўлган ҳудудда йилига 6000 тонна ғалла, 3000 тонна шоли етиштирилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов Сирдарё вилоятига учрашуви давомида мазкур ҳудудда бўлиб, фермерлар билан мулоқот қилди.

Суҳбат жараёнида оқава сувларни етишмовчилиги, сув насосларини ишлатиш учун электр энергиясининг танқислиги ва имтиёзли кредитларни олишда қийинчиликларга дуч келаётган фермерларнинг мурожаатини тинглаб, уларни ҳал этиш чораларини кўрди.

Халқ вакилининг учрашувлари давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилган “Камалак” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида давом этди. Бу ерда болажонлар ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, юртимизда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш орқали МТТлари тармоғини янада кенгайтириш ҳамда болаларнинг мактабгача таълими билан кенгроқ қамраб олинишини таъминлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида МТТ вакиллари муассасага олиб келувчи йўллар таъмирга муҳтожлигини айтиб, шу масалада депутатдан кўмак сўрашди. Халқ ноиби бу масалани назоратга олиб, ижобий ҳал этиш чораларини кўрди.

Томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандлар тарбиясидаги роли ҳам катта. Чунки томорқада болалар ҳалол меҳнат билан яшашни ўрганади, ота-онанинг қадрига етадиган бўлиб улғаяди. Буни тумандаги “Шодлик” маҳалласида яшовчи Адҳам ва Анвар Рўзиевлар яхши билади.

Ҳозирги кунда томорқасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйган, йилига 3-4 маротаба ҳосил олаётган Рўзиевлар хонадонида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, улар лимончилик, кўчат етиштириш ва деҳқончиликдан мўл ҳосил етиштириш орқали даромад олишмоқда. Шунингдек, томорқада картошка, сабзи, редиска маҳсулотлари етиштиряпти.

А.Ҳаитов иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирар экан, хонадон эгалари ишларига омад тилаб, ердан самарали фойдаланиш бўйича уларга зарур тавсиялар берди.

Мазкур учрашувлар доирасида Мирзаобод туман ҳокими, сектор раҳбарлари, аграр соҳа мутахассислари иштирокида аҳоли томорқаларидан самарали фодаланиш, очиқ ва ёпиқ майдонларда маҳсулот етиштириш бўйича семинар ташкил этилди.

Тумандаги “Дехқонобод” МФЙ “Истиқлол” кўчаси 44-уйда яшовчи Ахмаджон Тўрабоевнинг 37 сотихлик томорқасида 220 туп анор, 30 туп узум, 25 туп олма, 20 туп нок, 10 туп олхўри ва яна шунча туп ўрик етиштирилмоқда. Қолган бўш ерлардан ҳам унумли фойдаланиб, картошка, бақлажон, помидор, кўкатлар ва сабзи маҳсулотлари етиштиряпти.

Учрашув давомида ернинг ҳар бир қаричини қадрига етиш кераклиги қайд этилиб, хонадон эгаларига “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоб улашилди.

А.Ҳаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари “Деҳқонобод асл анори” ишлаб чиқариш кооперативининг Германиядан келтирилган махсус машиналарда маҳаллий шароитда етиштирилган анорларни қайта ишлаб, шарбат тайёрлайдиган цехда бўлишди.

Корхонага қарашли 171 гектар ер майдонида 136 800 туп анор кўчатлари, 200 000 туп анор қаламчалари парвариш қилинмоқда. Ишлаб чиқариш кооперативида бир соатда 1,5 тонна, йилига 5 500 тонна анор шарбати олинади. Шарбат замонавий технологиялар асосида тайёрланиб, юқори сифати ва табиийлиги билан ажралиб туради.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари кооператив фаолияти билан танишар экан, тайёр бўлган шарбат махсус идишда қадоқланиб, экспорт қилинаётганини юқори баҳолади. Анор навларини кўпайтириш, анор кўчатларини етиштириш бўйича зарур тавсиялар берди.


Кўришлар сони: 291

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...