Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Пойтахт ҳам муаммолардан ҳоли эмас

Пойтахт ҳам муаммолардан ҳоли эмас
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бошчилигидаги Парламент комиссияси Тошкент шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини таҳлил қилди.

Ўрганишлар Юнусобод туманидаги 246-сонли мактабдан бошланди. Комиссия аъзолари аввал мактаб кутубхонаси ва ошхона фаолияти билан танишдилар. Сўнгра мактаб жамоаси билан таълимни ривожлантиришдаги муаммолар юзасидан фикр алмашилиб, устоз ва мураббийларнинг таклифлари эшитилди.

Шу ўринда очиқ мулоқотда асосий муаммолардан бири сифатида китоб ижараси билан боғлиқ муаммолар кўтарилганини таъкидлаш жоиз. Устозларнинг айтишича, дарсликлар ҳамон етишмаяпти, китоб дўконларидан топиш қийин, борлари эса жуда қиммат. Дарсликлардаги хатоликларга ҳам барҳам берилмаётгани бир неча бор тилга олинди.

Мактаб сиғими 1400 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, ҳозир бу ерда 3500 дан ортиқ ўқувчи таҳсил оляпти. Ўтган йили ўқувчиларнинг Олий таълимга кириш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил қилган...

Комиссия аъзолари давлат-хусусий шерикчилик асосидаги «ЛИТТЛEТОТС» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ҳам ўргандилар. 240 болага мўлжалланган ушбу МТТ 2020 йилнинг августида иш бошлаган бўлиб, унга 7,2 млрд.сўм миқдорида маблағ сарфланган. Бу ерда болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Депутатлар шу куни 560-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлишди. Ушбу муассасада 135 нафар имконияти чекланган болалар тарбияланяпти. Шарт-шароитлар эса бирон-бир хусусий МТТдан кам эмас.

– Болажонларга бор меҳримизни беришга ҳаракат қиляпмиз, – деди МТТ мудираси Дилрабо Султонова. – Чунки бу ердагилар асосан савоб учун ишлайдилар. Мақсад нуқсонли болаларни кун давомида олиб ўтириш эмас, уларнинг соғлигини тиклаш, мустаҳкамлаш, билим бериш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини кучайтиришга ҳисса қўшишдир. Кўриб турганингиздек, муассасамизда барча шароитлар яратилган. Мутахассисларимиз ҳам етарли, орамизда фақат тарбиячилар эмас, малакали шифокорлар ҳам бор.

МТТ мудирасининг айтишича, таянч ҳаракатида нуқсони бўлган болаларнинг 20-25 фоизи тузалиб, ўз оёғи билан мактаб остонасига қадам қўяди. Аммо муаммо шундаки, махсус мактабларда бундай муолажалар давом эттирилмайди, шунинг учун ҳам болалар мактабда ота-оналар кутган эътибор ва меҳрни топа олмаяптилар. Ҳатто ота-оналар орасида фарзандини яна ушбу МТТга қайтариб олиб келганлар ҳам бор.

– Сиз жуда оғриқли муаммони кўтардингиз, – деди учрашувда А.Қодиров. – Парламент комиссияси ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан айнан шундай муаммоларни ўрганиш ва ечим топиш мақсадида ташкил этилган. Албатта, бу масала парламент даражасида ўрганилади. Керак бўлса, мутасаддилар, хусусан Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирлари билан учрашиб ушбу масалаларни атрофлича муҳокама қиламиз.

Юнусобод туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Нигора Аҳмедова эса комиссия аъзолари билан кечган мулоқотда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори экани, айрим соҳа ходимларининг иш ҳақларини ошириш лозимлиги ҳақида гапириб, бу масалага комиссия аъзолари эътиборини қаратди.


Кўришлар сони: 164

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.03.2021
ЎзМТДП фракцияси аъзолари айрим нормаларга қарши чиқди

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини ...

05.03.2021
Қонун лойиҳасига рағбатлантирувчи норма киритилди

2021 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Лицензиялаш,...

04.03.2021
Суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизми яратилади

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасига суғурта бозори фаолиятини либераллаштириш ва инвесторлар учун...