Cайт ранги: A A


Сайловчилар билан учрашувларнинг ОАВда ёритилиши

Нега тадбиркорни қўллаб-қувватламайсиз? ўрганишларда мутасадди раҳбарлар эътибори ушбу саволга қаратилди

Нега тадбиркорни қўллаб-қувватламайсиз?  ўрганишларда мутасадди раҳбарлар эътибори ушбу саволга қаратилди

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда парламент аъзолари жойларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказаяпти, Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлари ижросини ўрганмоқда. Бу галги учрашувларда депутат ва сенаторлар халқнинг ишончини қозониш, манфаатларини ҳимоя қилишда таъсирчан механизмларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратишаётир.

Чунончи, Бухоро вилоятининг Когон туманида тиббий хизмат, хусусан, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини ўрганаётган халқ вакиллари диққатини Сараён маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаати тортди. Маълум бўлишича, бу ердаги қишлоқ врачлик пункти фаолияти маълум сабабларга кўра, тўхтатилган. Зарурат туғилганида одамларнинг чамаси 9 километр олисдаги ҚВПга боришларига тўғри келмоқда.

“Барча қулайликларга эга бинода пунктнинг филиали очилса, шу ҳудудда яшовчи кексалар ва ёш оналар учун айни муддао бўларди”, деган таклиф инобатга олинди. Бу ерда доимий ишловчи ҳамшира ва навбатчи врач фаолияти йўлга қўйилди. Шу тариқа  бир муаммога жойида ечим топилди.

– Биз ўрганиш жараёнига халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларини ҳам жалб этдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров. – Бу жойлардаги ҳақиқий аҳволни чуқур билиш имконини бермоқда. Секторлар фаолияти, жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ўрганаётиб, туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганига ҳам амин бўлдик. Шу билан бирга, фуқаролардан табиий газ босими пастлиги, ички йўлларнинг яроқсизлиги хусусида кўплаб эътирозлар тушмоқда. Биз муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал этишга эътибор қаратаяпмиз. Дейлик, 2,5 километр масофага янги қувурлар ўрнатиб, табиий газ таъминотини яхшилаш чоралари кўрилаяпти. Ҳудудда ер ости зах сувлари кўтарилгани боис 2 та дренаж тармоғи қуриш ҳақидаги мурожаат ҳам ечимини топмоқда.

Ўрганиш давомида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларнинг банкдан имтиёзли кредит олишда сунъий тўсиқларга дуч келинаётгани аниқланди. Масалан, 4-сектор бўйича ушбу масалада 42 та ариза тушган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида уларнинг атиги 5 таси ижобий ҳал этилган, холос. Ёки бошқа бир мисол. Фаровон қишлоғида яшовчи фермер Ойбек Қурбонов айни дамда 200 асалари оиласини парвариш қилаяпти. Асаларидан нафақат асал, балки бир қатор шифобахш маҳсулотлар ҳам олаяпти. Фермер уларни экспорт қилиш ниятида. Аммо тадбиркорга бу борада ёрдам қўлини чўзадиган ташкилот ёки мутасадди раҳбар топилмаяпти. Сектор раҳбарлари эътибори масаланинг шу жиҳатига қаратилди.

Депутатлар эҳтиёжманд фуқаролар мушкулини енгил қилишдек хайрли юмушга ҳам бош  қўшишмоқда. Айнан уларнинг аралашуви билан ногиронлиги бўлган фуқаролар Руқия Ширинова ҳамда Раҳмон Жўраевларга таянма аравачалар олиб берилди.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ


Кўришлар сони: 4241

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2021
Институт раҳбарияти томонидан депутат номига миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамжон Тўлабоев номига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини...

23.09.2021
Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Энди хорижга боришга ҳожат қолмайди

Сирдарёлик Олег Ким бу йил йигирма ёшни қарши олди. Лекин олти йилдан буён буйраклар хасталигидан...

23.09.2021
Қонун лойиҳасидаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда

Мутахассислар таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши трансплантация билан боғлиқ тиббий...