Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Ўзбекистон — Корея: Парламентлараро ҳамкорлик давом этади

2021 йил 6 апрель куни Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги парламент делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида Спикер Н. Исмоилов коронавирус пандемияси шароитида беморларни самарали даволаш, реабилитация қилишда Ўзбекистонга кўрсатилган амалий кўмак учун Корея Республикаси халқига алоҳида миннатдорлик билдирди. Айни чоғда Ўзбекистон ва Кореянинг қадимий тарихий, дўстона алоқалари, аввалдан тараққий этган савдо-сотиқ муносабатлари ҳақида тўхталиб, бу борадаги ишлар ҳозирда барча соҳаларда жуда юқори даражада ташкил қилинаётганини эътироф этди.

Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида асосий ҳамкорларимиздан бири — Корея Республикаси билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигимизни билдирган эди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни тубдан янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистоннинг 2018 йилдан Корея Республикаси фуқароларига виза тизимини бекор қилганлиги икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдиларининг фаоллашувига ҳамда ҳамкорликни юксалтиришга имкон берди. Қолаверса, ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, олий таълим ва маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жанубий Корея тажрибаси мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига кенг жорий этилмоқда.

Икки давлат алоқаларини мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг сентябрь ойида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация мамлакатимизга, 2018 йилда эса Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов бошчилигидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси Корея Республикасига ташриф буюрди. Самимий ва конструктив руҳда ўтказилган музокаралар якунида парламентлар ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзолангани алоҳида эътиборга молик.

Бундан ташқари, мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, икки мамлакат парламентлари ҳукуматлараро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишда давом этишига умид билдирган эди.

Қонунчилик палатасидаги музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада тараққий эттиришдан манфаатдор эканликларини қайд этдилар. Жумладан, икки томонлама ҳужжатларни ратификация қилишни жадаллаштириш бўйича парламентлараро мулоқотни амалга ошириш, парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, Миллий Ассамблея илмий-тадқиқот маркази билан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш, қолаверса, парламентлар кутубхоналари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги таклифларни кореялик парламентарийлар қўллаб-қувватладилар.    

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок Ўзбекистон сўнгги йилларда иқтисодий-сиёсий жиҳатдан жадал ривожланаётган давлат сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганини эътироф этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни юксак баҳолади.

— Икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган алоқалар Корея ва Ўзбекистон раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли янада мустаҳкамланмоқда, — деди Спикер Пак Бён Сок. — Мамлакатингизга учинчи маротаба ташриф буюришим. Очиғини айтишим керак, сўнгги ташрифимдан сўнг, юртингиз ҳар жиҳатдан ўзгарганига, барча соҳаларда тараққиёт динамикаси ўсганига амин бўлдим. Бу мени ҳайратлантиради. Айниқса, Ўзбекистоннинг юқори ва қуйи палаталари парламентни ривожлантиришга, парламентлараро алоқаларни изчил йўлга қўйишга бор куч-имкониятларини ишга солаётгани манда катта таассурот қолдирди. Ҳозирда Корея ва Ўзбекистон ўртасида парламентлараро гуруҳ аъзолари шакллантирилган. Улар кўмагида икки томонлама муносабатлар янада ривожланмоқда.     

Ўз навбатида, Н. Исмоилов Корея парламенти вакилларини Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси доирасида шу йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Барқарор мақсадларга эришишда парламентлараро глобал шериклик” мавзуидаги халқаро форумга, 2021 йил 12-13 август кунлари эса Тошкентда бўлиб ўтадиган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясига таклиф этди. Шунингдек, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоларининг 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиши мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Мулоқот чоғида Корея парламенти делегацияси аъзоларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, туризм, маданий-гуманитар каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш ва алоқаларни чуқурлаштириш юзасидан ҳукуматларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича қизғин фикр алмашилди.

 


Кўришлар сони: 209


Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...

Тадбирлар тақвими