Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Тожикистон Республикасида меҳмон бўлиб турибди. Ташрифнинг биринчи куни делегациямиз аъзолари Душанбе шаҳрида Тожикистон парламенти қуйи палатаси Спикери Шукуржон Зуҳуров билан учрашди.

Шукуржон Зуҳуров ҳамкасбини қутлаш асносида мазкур ташрифнинг аҳамияти юқори эканини, бу ўзбек–тожик парламентлараро муносабатларида янги саҳифа очишига, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, Тожикистон ва Ўзбекистон парламентлари ўртасидаги алоқалар келгусида икки томонлама муносабатларнинг асосини ташкил этувчи иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришда муҳим роль ўйнашига умид билдирди.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг ўзида мамлакатларимиз ўртасида умумий қиймати 730 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 180 дан ортиқ келишув ва шартномалар имзоланди.

“Биз Тожикистонда эртами ё кеч — доим кўп асрлик муносабатларимизда яхши замонлар келишига ва барчаси ўз ўрнига қайтишига ишонар эдик. Ҳурматли Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайланганидан сўнг мустаҳкам ишонч ила қўшнилар билан муносабатларни йўлга қўйишини маълум қилган эди ва у киши ўз сўзининг устидан чиқди”, дейди Шукуржон Зуҳуров.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов мамлакатларимиз парламентлари вакиллари барча соҳаларда Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, давлатларимиз раҳбарларининг расмий ташрифлари чоғида имзоланган, икки мамлакатнинг манфаатларига бирдек хизмат қиладиган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламентларимизнинг салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди.

Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Кўришлар сони: 3954


Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.09.2021
Болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақоми кучайтирилмоқда

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда 20 дан ортиқ ривожланган давлатларда алоҳида...

16.09.2021
Озон қатламини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати қандай?

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни...

16.09.2021
Депутат номига сайловчилардан миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мавжуда...

Тадбирлар тақвими