Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори билан учрашув

ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори  билан учрашув ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори  билан учрашув

2018 йил 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида меҳмонга Ўзбекистонда жадал суръатларда кечаётган туб ўзгаришлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда халқ саломатлигини сақлаш, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини ошириш, соҳада сезиларли ижобий ўзгаришларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, сўнгги икки йилда тиббиёт тизимини тубдан ўзгартириш, тиббий хизматни халқаро талаблар асосида йўлга қўйиш, кўрсатилаётган тиббий хизматдан халқнинг розилигини таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди, ҳал қилиниши зарур бўлган масала ва муаммолар аниқланди ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари ҳам таъминлаб берилди.

Президентимизнинг соҳага оид 50 та фармон, қарор ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. 6 та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, улар сони 16 тага етди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда ихтисослаштирилган марказларнинг 10 та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 300 дан зиёд янги ихтисослашган бўлим, 1 минг 200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди. Мамлакатимиз Президентининг яқинда қабул қилинган “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан соҳа ходимларининг ойлик маоши 1 декабрдан 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга ошириладиган бўлди.


Учрашувда қайд этилганидек, жорий йилда юртимизда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Келаси йилда эса, соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш масалалари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул этиб белгилангани ҳам бежиз эмас. Парламент қуйи палатасида Президентимиз ташаббуси билан айни муаммолар ечимига кўмаклашувчи Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилгани бу соҳага нақадар жиддий ва катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Шу йил 13 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган масалалар кўриб чиқилар экан, парламент қуйи палатаси ҳузурида Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигидаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилди.

Ўз навбатида, учрашувда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги бундай катта ўзгаришларга юқори баҳо берди.


Маълумки, ЖССТ Европа минтақавий бюросининг 2012 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиллик сессиясида унга аъзо 53 давлат қаторида Ўзбекистон ҳам “Саломатлик — 2020” стратегиясини қўллаб-қувватлаган эди. Юқори мартабали меҳмон ЖССТ Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилиб, инсон саломатлиги ва келажак авлод камолатига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган ушбу стратегияни Ўзбекистонда ҳам изчил амалга оширишга мамлакат раҳбарияти томонидан катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббус ва кўрсатмалари асосида мамлакатда бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар бугун янги босқичга кўтарилганига юқори баҳо берди.

Учрашувда ЖССТ Европа минтақавий бюроси билан алоқаларни янада яхшилаш, ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга доир қатор масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа соҳага оид бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.


Кўришлар сони: 6050


Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

24.09.2021
Жарималар миқдори камайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар...

Тадбирлар тақвими