Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Муштарак мақсадлар йўлида

27 март куни сайловларда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий кузатувчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашдилар. 

Россия Федерацияси Федерациялар Кенгаши раиси ўринбосари Ильяс Умаханов билан бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши, хусусан, Конституциямизга тузатиш ва ўзгартишлар киритилгани, натижада давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ҳамда аҳамияти сезиларли даражада кучайгани, имкониятлари кенгайгани ҳақида сўз борди. Шунингдек, ҳокимиятни демократик модернизация қилишда муҳим ўрин тутувчи парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг Конституциявий мустаҳкамлангани ҳам айтиб ўтилди.

Ильяс Умаханов,

Россия Федерацияси Федерациялар кенгаши раиси ўринбосари, халкаро кузатувчи:

– Ўзбекистонда сайловлар эркин ўтиши, фуқаролар ўзларининг Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда овоз беришда ўз фикрини эркин ифода этишини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик алоҳида эътиборга сазовор ва у қатор давлатлар учун намуна ҳисобланади. Фикримча, Ўзбекистон сайловларининг ўзига хос жиҳати бу – сайловчиларнинг фаоллик даражаси. Сиёсий фаоллик эса овоз бериш ёшига етган ҳар бир фуқаронинг сайлов участкасига келиб ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этишга тайёрлигини кўрсатади. Мен ўзбек халқига тинчлик, омонлик, тараққиёт ва муваффақиятлар тилайман.

Италиялик халқаро кузатувчи билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам сайлов тизимини модернизация қилиш, сайловларни ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган жараёнлар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси бошчилигида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган мустақил тизим фаолият юритаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ренцо Карелла,

Италия парламенти депутати, халкаро кузатувчи:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни юқори ташкилий даражада ўтмоқда. Бу ҳақда бир неча омиллар гувоҳлик беради. Биринчиси, сайловолди компаниясининг юқори даражаси. ОАВ унинг фаол иштирокчилари ҳисобланади. Матбуот, телевидение, радио, интернет каби ОАВларда ушбу жараён ва номзодларнинг сайловолди дастурлари кенг тарғиб қилинмоқда. Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кузатувчи сифатида таклиф этилганимдан хурсандман. Бугунги учрашувимизда нафақат сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, балки парламент фаолияти, сиёсий партиялар, уларнинг Қонунчилик палатасидаги вакиллари ҳақида ўзаро фикр алмашдик. Шуни таъкидлашни истардимки, истиқлол йилларида Ўзбекистон чинакам демократик давлатга айланди. Ишончим комилки, бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатни модернизациялаш ва янгилаш йўлидаги яна бир муҳим кадам бўлади.

Италия парламенти депутати Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари билан танишлиги, сайлов округларида кўрилаётган пухта тайёргарлик, овоз бериш тартиб-таомилларининг қонунчиликка мос, замон талаблари ва халқаро андозалар даражасида амалга оширилишига ишонч билдирди. Шу билан бирга икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам мулоқотлар асосини ташкил этди.

Шунингдек, учрашувда Қирғизистон Республикаси Жуқорғи Кенгесининг Халқаро ишлар бўйича кўмитаси раиси билан ҳам амалий мулоқот бўлиб ўтди. Маълумки, демократик сайловлар мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг муҳим омилидир. Ўзбекистоннинг мазкур соҳага оид қонунчилигида халқаро андозаларга мос барча зарур жиҳатлар ўз ифодасини топган.

Канибек Иманалиев,

Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси:

- Биз Президент сайловларига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрдик. Бу жуда катта тадбир. Унга алоҳида тайёргарлик кўрилган. 2014 йил декабрда бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳам Қирғизистондан кузатувчилар иштирок этишган эди. Улар сайлов куни ҳам, сайловларга тайёргарлик жараёнига ҳам юқори баҳо беришган. Ишонаманки, Ўзбекистон Президенти сайловларида ҳам ана шундай бўлади.

Мулоқотлар давомида меҳмонга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Шунингдек, икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликка доир масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.  


Кўришлар сони: 12251


Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

24.09.2021
Жарималар миқдори камайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар...

Тадбирлар тақвими