Cайт ранги: A A


Мустақилликнинг 30 йиллиги

Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари фаолияти билан танишмоқда

Спикер ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар  тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари фаолияти билан танишмоқда

“Ери бойнинг эли бой”, дейди халқимиз. Ҳар бир хонадоннинг қут-баракали бўлиши, одамларимизнинг ўз турмушидан рози ва мамнун яшаши учун эса албатта, ерни увол қилмай, ундан унумли фойдаланиш зарур.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг бир қатор вилоятларида бўлиб, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларига экин экилиши ҳолатини кўздан кечирмоқда.

Ҳозирги кунга қадар улар туманлардаги энг намунали томорқа хўжаликлари фаолиятини оммалаштириш, муносиб томорқачиларни рағбатлантириш, улар иштирокида маҳорат дарслари ўтказиш билан шуғулландилар. Шунинг баробарида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерлар бириктирилиши, томорқа ерларига ишлов бериш, экинлар парваришида ёрдам берилиши ҳамда шу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати ташкил этиляпти.

Дастлаб Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ўз фаолиятини Қашқадарё вилоятидан бошладилар. Бу ерда улар хонадонма-хонадон юриб, аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолани ўрганди.


Нишон туманидаги “Юлдуз” қўрғончасида яшовчи Асрор Қурбоновнинг матонатига қойил қолмасдан илож йўқ. Негаки, автоҳалокат туфайли бир қўлидан ажралган йигит иссиқхона ташкил этиш учун анчагина қийналди. Аммо ортга қайтмади. Дастлаб гулчилик, сўнгра дарахт кўчатлари етиштириш билан шуғулланди. Олинган фойда эвазига иссиқхона ташкил этиб, помидор маҳсулоти етиштиришни йўлга қўйди. Бугун ҳамма бу ишбилармонга ҳавас билан қарамоқда. Ундан иссиқхонада маҳсулот етиштириш борасида маслаҳат олишмоқда. Ҳар йили 145 миллион сўм даромад қилаётган моҳир томорқачи фаолиятини яна кенгайтириш ва цитрус мевалар етиштириш борасида изланмоқда.

Асал етиштириш бўйича Пахтаобод тажрибаси Қашқадарёда маълуму машҳур. “Асалчилар” маҳалласида 500 нафар томорқачи асалари боқиш билан банд. Бу ҳунар уларга отамерос бўлиб, энг сифатли ва арзон асални пахтаободликлар етиштиради.

– Ҳар йили 300 тоннадан ошиқ маҳсулот оламиз, – дейди тажрибали асалчи Абдували Ражабов. – Аммо қадоқлаш йўлга қўйилмаганлиги боис оладиган фойдамиз унчалик ҳам кўп эмас. Спикер ўринбосари А.Ҳаитов билан мулоқот чоғида болни қадоқлаш ва сотишда ёрдам сўрадик. У киши “Пахтаобод асалчилар кооперативи”ни ташкил этишга ваъда берди. Мазкур тузилма иш бошлагач, асални экспорт қилиш имкони ҳам вужудга келади.


Парламент қуйи палатаси депутатларининг учрашувлари Шаҳрисабз туманида давом этди. Ўрганишлар чоғида “Шод хуррамлик чорбоғи” МЧЖга қарашли боғларнинг ҳосилдорлиги пастлиги кўзга ташланди. Дарахтлар орасига экинларни кеч экишгани боис, ривожланиши яхши эмас.

Туман ҳокими Исроил Омоновнинг айтишича, тумандаги 227 гектар боғ 8 та йирик саноат корхоналари тасарруфида бўлиб, улар дарахтзорларни МЧЖларга ижарага бериб юборишган. Боғлар қаровсиз қоляпти.

Аҳволни ўнглаш учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Айрим хонадон эгалари томорқа ерларидан мутлақо фойдаланмаётганликлари ҳам аниқланди. Депутатлар ва партия фаоллари кўмагида бу ерларга ишлов берилиб, ер эгаларига кўчат, уруғлик, минерал ўғитлар топширилди. Сув танқис бўлган ҳудудларда кичик артезианлар қазиш, томорқаларга томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг навбатдаги манзили Андижон вилояти бўлди.

Вилоятда улар томорқа эгаларининг фаолиятини ўрганди ҳамда эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш ва шу орқали даромадни ошириш бўйича тавсия ва амалий ёрдам бериш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.


Андижон вилоятида партия фаоллари ва депутатлар билан бўлиб ўтган мулоқот доирасида Жалақудуқ туманидаги 40-Қатортол округидан сайланган депутат Манзурахон Эгамованинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятига юқори баҳо бериб, соҳа ривожи учун билдирган таклифларини қўллаб-қувватлади. 

Муҳайёхон Тожибоева ёлғиз она. Асака тумани “Баҳрин” маҳалласидаги Ҳуррият кўчасида истиқомат қилади. Боқувчисини эрта йўқотгач, рўзғорнинг бор юкини елкасига олган аёл узум парваришига меҳр берди. Муқим иш жойи бўлмагач, бор эътиборини томорқасига қаратди. 4 сотихдан иборат томорқасида 30 туп узум, 2 туп ўрик, 3 туп гилос, 1 туп олма дарахтидан олинаётган ҳосил оилага даромад олиб киришда асосий кўмакчи. 2,5 сотих узум қатор ораларида парваришланаётган картошка экинлари рўзғорнинг бир томонини кўтаряпти. Аммо меваларнинг пишиқчилиги ҳам бир зумда ўтади-кетади. Ерга совуқ тушиши билан оиланинг даромади йўқолиши табиий. Демак, кўмак керак!

Мазкур учрашувлар давомида М.Тожибоева хонадонида бўлган депутатлар фуқаронинг тортиниб айтолмаётган “дарди”ни яшаш шароитини ўрганиш асносида тез илғадилар. Имтиёзли кредит ҳисобига қуриб берилиши ваъда қилинган 1 сотихли иссиқхона оиланинг даромад манбаини ошириш мақсадини ўзида ифода этди.

Баҳром Муҳаммадиев ҳам “Баҳрин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди, унинг оиласи кам таъминланганлар рўйхатида туради. Асосий даромади томорқасидан келади. 4 сотих ерида 50 туп анор, 2 туп гилос экилган. Дарахтлар орасида эса картошкаю резаворлар бўй кўрсатиб турибди. Лекин бу оилага ҳам амалий ёрдам ниҳоятда зарур. Яъни, кичкинагина иссиқхона қуришга кўмаклашилса, ўзини эплаб кетади.

Ишчи гуруҳ аъзолари Одинахон Отахонова ва Бегали Қодировлар аниқ ташаббусни ўртага ташлашди: Б.Қодиров 1 сотихли иссиқхона қуриб берадиган, О.Отахонова эса шу оилани ижтимоий ҳимояга оладиган бўлди. Шу куннинг ўзида бу хонадонга боқиш учун юз дона жўжа ҳам топширилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида Фарғона вилоятида ҳам ўрганишлар олиб боришди.

Депутатлар Бағдод туманидаги “Унсин ая” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишар экан, пандемияси даврида аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш долзарб масалалардан эканини айтиб, ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш лозимлигини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур хўжалик ҳиммат кўрсатиб, “Олтиариқ” сиҳатгоҳида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ва карантинга олинган фуқароларимиз учун сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини бепул етказиб турдилар. Бугунги оғир, синовли кунларда ҳам мазкур хўжалик тумандаги 100 та оилани карантин тугагунга қадар оталиққа олди.

Шу куни халқ ноиблари туманнинг Дашт қишлоғида янги асос солинаётган “White chikken” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини кўздан кечирди.

Яқин кунларда бу ерда 160 минг бош паррандалар бройлер усулда етиштирилади. Ҳозирда тадбиркор томонидан Туркия давлатидан паррандалар учун ем маҳсулотларини тайёрлаш учун керакли жиҳозларнинг бир қисми  келтирилди. Мазкур корхона давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб, ҳудудлардаги ишсиз ёшларни бандлигини таъминлашга, уларнинг турмушини фаровон бўлишига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

Депутатлар ушбу корхона фаолияти билан танишиш асносида жиҳозларни кўздан кечириб, тадбиркорлик истиқболлари хусусида суҳбатлашдилар.

Дашт қишлоғида яшовчи Жумабой Бойқўзиев томорқадан самарали фойдаланиш ҳадисини олган. У 26 сотихлик томорқасида 100 туп анор, 15 туп олма, 30 туп шафтоли, 40 туп бодом ва бундан ташқари, ёнғоқ, гилос ва нокларни етиштирмоқда.

Шунингдек, 3,5 сотихлик иссиқхонадаги 45 туп лимондан ҳам яхши даромад олинмоқда. Мевали дарахтлар тагида эса картошка ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Халқ вакиллари мазкур хонадонда ҳам бўлиб, томорқачи билан мулоқот қилди. Бу ерда маҳорат мактаби ташкил этилиши, ҳудуддаги фуқароларга томорқанинг ҳар қаричи азиз эканлигини тушунтириш ва дашт ерлардан ҳам шундай юқори ҳосилдорлик олишни тарғиб этиш бўйича фикр алмашилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлар бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.

 


Кўришлар сони: 2197

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.07.2021
Директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффофми?

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

30.07.2021
Депутат аралашуви билан муаммога ечим топилди

Депутат сўрови – бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларинин...

30.07.2021
Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси...

Тадбирлар тақвими