Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ўзбекистон делегацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ишчи гуруҳи сессиясида иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ишчи гуруҳи сессиясида иштирок этмоқда

2021 йил 22 ноябрь куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ривожланиш ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 22-сессияси ўз ишини бошлади.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Ривожланиш ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи 1998 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ҳамда Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаши қарорлари асосида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси – ривожланиш ҳуқуқини амалга ошириш ва рағбатлантириш соҳасидаги ўзгаришларни мониторинг қилиш ва шарҳлаб боришдан иборат.

Ишчи гуруҳ давлатлар, БМТ муассасалари ва бошқа халқаро ташкилотлар ўзларининг фаолияти ва ривожланиш ҳуқуқи ўртасидаги боғлиқ жиҳатлар тўғрисида тақдим этган маълумотларни таҳлил қилади. Ўз фаолияти, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармасининг тавсиялари юзасидан маърузалар тайёрлайди. Манфаатдор томонларнинг илтимосига кўра, ривожланиш ҳуқуқини амалга ошириш доирасида муайян техник кўмак дастурларини таклиф этади.

Ривожланиш ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи Женевада йилига бир марта йиғилади ва ўз маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Бош Ассамблеяга тақдим этади. Ишчи гуруҳ сессиясига ҳар йили сайланадиган Раис-маърузачи раислик қилади.

Бу галги сессия иши аввалида Элчи Замир Акром Раис-маърузачи этиб қайта сайланди. Унинг маърузаси Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган.

Сессияда ривожланиш ҳуқуқини амалга ошириш ва рағбатлантириш соҳасидаги ўзгаришлар муҳокама этилмоқда. Унда БМТ муассасалари ва бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.

Сессия арафасида Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимга сайланди. Натижада Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси фаолиятида иштирок этиш ваколатига эга бўлмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси таркиби Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси ва унинг турли географик гуруҳлардан сайланган тўртта ўринбосаридан ташкил топган. Ўзбекистоннинг доимий вакили номзоди кўрсатилган Осиё-Тинч океани минтақаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тизимидаги энг йирик географик гуруҳлардан бири ҳисобланади.

Ушбу гуруҳга 56 та давлат киради. Эътиборли томони шундаки, уларнинг барчаси Ўзбекистон номзодини 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон вакилининг ушбу лавозимга сайланишини мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланаётганининг яна бир яққол ифодаси сифатида эътироф этмоқдалар. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегияси доирасида кейинги беш йилда эл-юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш борасида эътиборли натижаларга эришилди.

Хусусан, 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзолигига сайланган Ўзбекистон  бугунги кунда ушбу ташкилот доирасида фаол иш олиб бормоқда. Жорий йил октябрь ойида мамлакатимиз ташаббуси билан Кенгаш томонидан Пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолюцияси қабул қилинди.

Яқинда бўлиб ўтган Президент сайловидан кейинги даврда юртимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва сайлов жараёнида ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланди. Тараққиёт стратегияси доирасида ана шу йўналишларнинг ҳар бири бўйича амалга ошириладиган энг устувор вазифалар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилган.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда амалга оширилган ишлардан кўра, олдинда турган вазифалар кўп эканидан асло кўз юмаётгани йўқ. Аксинча, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “бу олий қадриятни том маънода қарор топтириш – бирон-бир манзилга етиб бориб тўхташ, дегани эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз”.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитиш масаласи устувор вазифа сифатида белгилангани бежиз эмас.

Зеро, ушбу истиқболли стратегия муаллифи ҳисобланувчи Ўзбекистон Президентининг сўзлари билан айтганда, “Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу”.

Женевада ўз ишини давом эттираётган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ривожланиш ҳуқуқи бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи сессиясида ҳам шу фикрларга яқин ва ҳамоҳанг баёнотлар янграмоқда. Халқаро сиёсатчиларнинг фикрича, ҳозирги пандемия инқирози шароитида инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, инсоннинг ривожланишга бўлган ҳуқуқини ҳар томонлама таъминлаш учун жаҳон ҳамжамияти янада яқин ҳамкорликда ва ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши лозим.


Кўришлар сони: 139

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими