Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутат сўрови натижадорлиги нимага боғлиқ?

Депутат сўрови натижадорлиги нимага боғлиқ?

2021 йил 9 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган тадбирда парламент назорати институтларидан самарали фойдаланиш масалалари депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда парламентнинг демократик ислоҳотларни рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш жараёнларида иштироки ҳар томонлама кенгайди. Айниқса, ижро ҳокимияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги фаолияти сезиларли даражада жонланди. Ўтган даврда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назорати механизмларини кучайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Қонунчилик палатасининг парламент назорати фаолиятида янги институтлар амалиётга жорий этилди. Жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратни янада кучайтириш, давлат дастурлари ҳамда қонунлар орқали белгилаб берилган нормаларнинг масъул мутасаддилар томонидан сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида “Ҳукумат соати” институти жорий қилинди. Мазкур институт жойларда аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси билан парламентнинг ўзаро ҳамкорлигидаги энг самарали усуллардан бири эканини кўрсатмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси бўйича Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган даврда Давлат дастурларининг ижроси юзасидан парламент назоратини юритишнинг ушбу янги шакли Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириши баробарида, парламент аъзоларининг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишига хизмат қилмоқда.

Тадбирда парламент назорати воситаларидан бири бўлган “депутат сўрови” институти, унинг аҳамияти ва моҳияти, ундан самарали фойдаланиш масалалари ҳақида гап борди.

Депутат сўрови – парламент назоратини амалга оширишнинг муҳим ва самарали усулларидан бири ҳисобланади. “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунда парламент қуйи палатаси депутати давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юбориши мумкинлиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар ҳудудлардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида мазкур институтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2021 йил 28 май ҳолатига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 292 та депутат сўрови юборилган. Шулардан 128 тасига белгиланган муддатда жавоб берилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар мавжуд. Улардан бири бу депутат сўровларига мансабдор шахсларнинг совуққонлик билан қараётганидир. Яъни, бугунги кунда депутат сўровига мансабдор шахслар ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтариш, ҳатто баъзи ҳолларда умуман жавоб қайтармаслик(кўпроқ маҳаллий кенгаш депутатларининг сўровларига) ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Тадбирда иштирокчилар томонидан депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш шунингдек, сайловчиларнинг муаммоларига самарали ечим топиш мақсадида депутат сўровини тайёрлаш ва уни жўнатиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, фракцияларда рўйхатга олинаётган депутатлик сўровларининг ягона базасини яратиш ва уни ички электрон тармоққа жойлаштириш лозим. Ушбу электрон базага қараб депутатлар тегишли масалада муқаддам депутат сўрови юборилган ёки юборилмаганлигини аниқлаб оладилар. Бу эса, айнан бир давлат органига бир хил масалада такрор депутат сўрови юборилишининг олдини олишда муҳим омил бўлади. Қолаверса, депутатлар муқаддам юборилган депутат сўровининг натижасига қараб кейинги ишларини режалаштириш имконига эга бўладилар.

Тадбирда депутат сўровларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан самарали ва таъсирчан назоратни ўрнатиш юзасидан билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, мазкур институт янада такомиллаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 169

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими