Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Аҳолини иш билан таъминлаш ҳолати қандай?

Аҳолини иш билан таъминлаш ҳолати қандай?

2021 йил 8 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари “Аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг шакллантирилиши ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар. Депутатларнинг мазкур масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов жавоб берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Бугунги кунда юртимизда 14 та “Ишга марҳамат” мономаркази, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани ҳамда Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиш учун профессионал таълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мономарказлар битирувчиларининг касбий малакасини “WorldSkills” халқаро стандартлари асосида баҳолаш, уларга барча давлатда тан олинадиган Skills паспорти берилиши йўлга қўйилди ва касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг Ягона реестри шакллантирилди. Ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилди.

Ушбу таълим муассасаларида жорий йилнинг 4 ойи давомида 62 минг нафарга яқин ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар меҳнат бозорининг эҳтиёжидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўқитилди.

Бундан ташқари тегишли вазирлик ва идораларнинг “Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, туман, шаҳарларда ишсиз ва банд бўлмаган 14 минг нафар ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш орқали бандлигига кўмаклашилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари таркибида расмий равишда 31 та Кунлик меҳнат марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар томонидан 2021 йил январь-март ойлари давомида 5,1 минг нафар фуқароларга вақтинчалик иш топишга кўмаклашилди. Таъкидлаш жоиз, вақтинчалик бир марталик ишларга жалб этиш бюролари орқали ҳудудларда аҳоли асосан қурилиш ишлари, уй хўжалиги ишлари, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ишлари, юк ташиш ва бошқа йўналишдаги ишларга жалб этилмоқда.

“Ҳукумат соати”да вазир ўринбосари ёшлар ва аёллар ўртасида ишсизлик даражасини камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, жорий йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га киритилган 237,3 минг, “Аёллар дафтари”га киритилган 167,7 минг ишсизларни ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва даромад манбасига эга бўлишида кўмаклашиш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”га киритилган 106,3 минг, “Аёллар дафтари”га киритилган 161,1 минг ишсизларнинг бандлигига кўмаклашилди. 2021 йил 9 апрелдан бошлаб ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган аҳоли қатламининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан янги 7 та йўналишда субсидия ажратиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, ишсиз ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳаллаларда “Жамоатчи ёрдамчи” сифатида жамоат ишларига жалб этиш йўлга қўйилди..

Қайд этилганидек, вазирлик ва ҳудудий меҳнат органлари, Давлат солиқ инспекциялари билан биргаликда корхоналар томонидан доимий тарзда меҳнатга ҳақ тўлаш фондини асоссиз пасайтириш ҳолатларини аниқлаш ва норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ёки фуқаролар меҳнатидан норасмий равишда фойдаланаётган иш берувчиларни аниқлаш мақсадида мониторинглар ўтказилиб келинмоқда.

Ўтказилган мониторинглар натижасида 2020 йилда 100 мингдан ортиқ корхоналарда жами 621,1 минг иш ўринларини легаллаштиришга эришилди.

Парламент аъзолари “Ҳукумат соати”да муҳокама қилинган масала юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдириб ўтдилар. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги устидан парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 235

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими