Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Н.Исмоилов: Вакцинация билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур

Н.Исмоилов: Вакцинация билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан парламент эшитуви ўтказилди. Унда депутатлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б. Юсупалиевнинг ҳамда инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмоновнинг «Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ўтган даврда коронавирус пандемияси салбий оқибатларининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

«Президентимиз томонидан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган эътибор самараси ўлароқ, дунё мамлакатлари орасида юртимиз пандемия даврини катта қийинчиликсиз ва ижтимоий-иқтисодий йўқотишларсиз ўтказди», – деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов.

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида пандемиянинг эрта босқичларида республика бўйлаб кучайтирилган карантин чекловлари жорий этилди, таълим муассасалари ва кўплаб ташкилотлар фаолияти масофавий тарзда олиб борилди, халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари фаолияти тўхтатилди, санитар-карантин пунктлари фаолияти кучайтирилди ҳамда ҳудудларда мослаштирилган карантин зоналари ташкил этилди ва хориждаги фуқароларимиз чартер рейслар билан мамлакатимизга олиб келиниб, карантин зоналарида карантинга олинди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашда ижобий натижалар берди.

Аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усулидир. Жорий йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш долзарб аҳамият касб этади», – деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов.

Шу нуқтаи назардан, ўтган йили Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга асосан жорий йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун 3 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

«Аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирларида шаффофликни таъминлаш мақсадга мувофиқ, шунингдек, коронавирусга қарши эмлаш тадбирларининг ўз вақтида ва самарали ташкил этилиши устидан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш зарур», – деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов.

Шунингдек, эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини, улардаги 457 та совуткич, 148 та электр генератор, 121 та термосумка ва термоконтейнерни шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёни мамлакатимиз, халқимиз хаёти учун энг муҳим ва долзарб масалалардан бири эканлигидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Коронавирусга қарши эмлаш, жумладан, вакцинация жараёнининг ихтиёрийлиги, биринчи навбатда эмланиши назарда тутилмаган аҳоли тоифаларини вакцинациялаш ва эмлаш натижасида рўй бериши мумкин бўлган салбий оқибатлар каби масалалар билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни «Темир дафтар»га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурдилар.

Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилди.


Кўришлар сони: 97

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.02.2021
Чаманзор қишлоғи муаммолари ўрганилди

Шу кунларда Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Oлий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери...

26.02.2021
Ноширлик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асослари такомиллаштирилмоқда

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси 7 боб ва 35 моддадан иборат. Унда ноширлик соҳасини давлат томонидан...

26.02.2021
Депутатлар аралашуви билан муаммо бартараф этилди

Дастлаб, депутатлар Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада бўлишди. Ушбу тиббиёт муассасаси 48 ...

Тадбирлар тақвими