Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

2020 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари, сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ҳам иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини ўрганиш натижалари, қолаверса, Комиссия ҳузуридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлар бирлашмаси”нинг жорий йилда олиб борган ишлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бугунги кунда бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 26,6 фоизга етказилди. Бундан ташқари, ўтган йилги сайловларда республикамизда биринчи марта Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасида аёллар улуши 32 фоиз, Сенат ҳамда маҳаллий Кенгашларда эса қарийб 25 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, аввалги чақириқда бу кўрсаткичлар икки баробарга кам бўлган.

Қолаверса, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.

Жорий йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ўқишга қабул қилинди.

Яна бир жиҳат. 2020 йилнинг ўтган даври давомида 166,3 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. 31,1 минг нафари касбга ўқитилди, 48,4 минг ишсиз аёлларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди.

Ҳар бир ҳудудда “Аёллар тадбиркорлиги марказлари” ташкил этилиб, тегишли мақсадли жамғармалар ва тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўтган давр мобайнида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизларга жами 6,9 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди. Шу билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳамда касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз хотин-қизлар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари”ни юритиш йўлга қўйилди.

Қолаверса, жорий йилда Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди. Унга асосан, ҳар бир туман ва шаҳар учун алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг ижроси доираси оиласида ногиронлиги бўлган 4,7 минг нафардан зиёд аёлларга маиший техникалар олиб берилди. 18,6 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1 минг 40 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг уй-жой шароитлари яхшиланди.

Шунингдек, йиғилишда мазкур йўналишда ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам қониқарли эмаслиги, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитларни мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари аниқланганлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан тегишли вазирликлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар масъулларининг ахбороти эшитилди.

Бундан ташқари, йиғилишда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари долзарб муаммо сифатида юзага чиқмоқда. Бу иллатларни йўқотиш учун, аввало, ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурати юзага келди ва шу мақсадда махсус қонун қабул қилинди. Ҳимоя ордери, реабилитация марказлари (шелтерлар), “ишонч телефони”, “Нажот” мобил иловалари каби аёллар билан мулоқот қилиш тизимлари яратилди. Қолаверса, жорий йилнинг 25 ноябридан 10 декабрига қадар “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси ўтказилди.

Бироқ эришган натижалар қаторида камчиликлар мавжудлиги йиғилишда қайд этилди. Биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида ички ишлар органлари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган 11 минг 138 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Уларнинг 9 минг 916 нафари, яъни 89 фоизи оилада тазйиқ ва зўравонликка учраган. Уларнинг 5 минг 418 нафарига нисбатан жисмоний зўравонлик содир этилган, натижада 652 та оила ажрашиб кетган.

Йиғилишда бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Ф.Эшматова ахборот берди.

Шу билан бирга, Комиссия ҳузуридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмаси”нинг жорий йилда амалга оширган ишлари муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан Бирлашма раҳбари Д.Кабулова сўзга чиқиб, бугунги кунда нодавлат ташкилотлари олдида турган муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталди.

Йиғилишда таъкидланганидек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим аҳамият касб этади. Уларни мазкур жараёнларга кенг жалб қилиш орқали Миллий мақсадларга тез ва сифатли эришиш мумкин. Бироқ бугунги кунда белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Шунингдек, йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилиб, вазифалар белгилаб олинди.

 


Кўришлар сони: 1484

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими