Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

ХАЛҚИМИЗ ТОМОНИДАН ВА ХАЛҚИМИЗ УЧУН ЯРАТИЛГАН ОЛИЙ ҚОМУС

ХАЛҚИМИЗ ТОМОНИДАН ВА ХАЛҚИМИЗ УЧУН ЯРАТИЛГАН ОЛИЙ ҚОМУС

Ўзбекистон халқи ўзининг бутун ривожланиш тарихи мобайнида жамиятдаги ҳар бир инсоннинг манфаатларини бирдек ҳимоя қила оладиган, азалий миллий қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини, ўзлигини, шаъни ва қадр-қимматини кафолатлайдиган ҳамда айни пайтда жаҳондаги ривожланган давлатларда қарор топган илғор Конституциявий ғояларни қамраб олган яхлит қомусий-ҳуқуқий ҳужжатга эҳтиёж сезиб яшади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимизнинг букилмас сиёсий иродасини ва хоҳиш-истагини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий пойдевор бўладиган, иқтисодий-ижтимоий фаровонликни, маданий ва маърифий тараққиётимизни таъминлайдиган, энг асосийси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган тамойиллар ўз аксини топган Олий Қомусимиз ишлаб чиқилди. Бош Қомусимиз инсон манфаатларини таъминлаш учун хизмат қиладиган инсонпарвар фуқаролик жамиятининг, адолатли ҳуқуқий давлатнинг, демократик суверен йўлимизнинг ҳуқуқий асосига айланди.

Шу билан бирга Конституциямизда замонавий ўзбек миллий давлатчилигининг тенг ҳуқуқлилик, қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларининг сўзсиз устуворлиги каби принциплар билан бир қаторда ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган муқаддас анъаналар, хусусан, оиланинг муқаддаслиги, фарзандларнинг ота-онаси олдидаги бурчлари ҳам аниқ-равшан белгилаб берилди.

Бироқ ҳар қандай конституция қанчалик залворли ва мукаммал бўлмасин, аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш сифати, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш кафолатлари нафақат конституциявий нормаларнинг ҳаққонийлигига таянади, балки улар, асосан, фуқаролар ва давлат институтларининг ушбу нормаларни таъминлашга бўлган интилишлари ҳамда саъй-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис Асосий Қомусимизда белгиланган инсонпарварлик принципларининг амалга ошишида давлатнинг самарали фаолияти беқиёс аҳамиятга эгадир. Зеро, бугунги замонавий демократик жамиятларда давлат институтлари фаолиятининг самарадорлиги конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш ва ундаги принципларни рўёбга чиқариш даражасига қараб баҳоланади.

Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ собитқадамлик ва қатъиятлик билан Конституциявий ваколатлари доирасида Конституциямизнинг барча нормаларини ҳаракатга келтириш ҳамда уларнинг ишлашини таъминлаш чораларини кўришга киришди ва бунга муваффақ бўлди.

Хусусан давлатимиз раҳбари қонунчилик жараёнига янги амалиётни олиб кирди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг янги, демократик шакллари жорий этилмоқда, қонун ҳужжатлари лойиҳалари кенг жамоатчилик вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар доирасида муҳокамалардан ўтмоқда. Қонун ижодкорлиги жараёнига бундай янгиликларни татбиқ этилиши натижасида қонун ҳужжатларининг амалий самарадорлиги ва ҳаётийлиги кескин ошишига эришилмоқда.

Президентимиз Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципига алоҳида эътибор қаратиб, халқни эшитиш ва унинг ташвишу муаммоларини ҳал этишни, фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз сиёсий йўлининг қатъий ва ўзгармас принципларидан бирига айлантирди. Шу билан бирга мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган «Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади» деган конституциявий нормани бажариш вазифасини жамиятнинг ва давлат органларининг олдига кўндаланг қўйди.

Харакатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда конституциявий қонунчилик нормаларини амалда қўллаш соҳасида Ўзбекистон Президенти томонидан юксак касбий малака ва беқиёс фидокорлик билан амалга оширилган туб ўзгаришлар кўламини таҳлил қилар эканмиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддалари мисолида ушбу жараёнга оид айрим муҳим мисолларга эътибор қаратмоқчиман.

Биринчи мисол. “35-модда. Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг, уларга муносабат билдиришнинг мутлақо янги ва самарали тизими яратилиб, уларни давлат органлари томонидан кўриб чиқиш амалиёти тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, шунингдек туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари мазкур тизимнинг марказий бўғинига айланди. Ушбу янги тизимлар ўз навбатида давлат органларининг халқ томонидан кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш борасидаги масъулиятини кучайтириш ва пировард натижада муҳим конституциявий нормани ҳаракатга келтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Иккинчи мисол. “29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.

Сўнгги вақтларда Президентимизнинг қатъий иродаси туфайли мамлакатимизнинг миллий ахборот соҳасида чинакамига инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимиз фуқаролари ўз фикрини эркин ифодалаш имкониятига эга бўлди. Мамлакатимизнинг ахборот майдонида шундай очиқлик ва сўз эркинлиги муҳити яратилдики, ҳар бир муаммо яширилмасдан ошкора жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқила бошлади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги принципи қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Учинчи мисол. “40-модда. Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Давлат раҳбари учун энг ноёб ва зарур қобилиятни – олдиндан узоқни кўра билиш ва ўз вақтида чоралар кўриш қобилиятини ўзида мужассам этган Президентимиз ўз фаолиятини бажаришга киришган биринчи кунларидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширмаганда, бутун дунёни таҳликага туширган коронавирус пандемияси мамлакатимизни қандай мушкул вазиятга солиб қўйиши мумкинлигини эндиликда тасаввур этиш қийин эмас.

Ўзбекистон Президенти бутун дунёни таҳликага солган пандемия билан боғлиқ мураккаб ва оғир вазиятларда бутун масъулиятни қатъий ирода билан ўз зиммасига олди ва бутун давлат идораларини, жамоатчиликни бу хавфнинг олдини олиш чораларини кўришга сафарбар этди. Натижада Ўзбекистон коронавирус инфекцияси пандемияси туфайли қурбонлар сонини ва иқтисодий йўқотишларни энг паст кўрсаткичга тушира олган озчилик мамлакатлар қаторидан жой олди. Миллий ва халқаро ҳамжамият соғлиқни сақлаш миллий тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг шахсан иштирок этганлиги фуқароларнинг малакали тиббий хизматга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, мамлакатни коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир нохуш оқибатлардан халос этиш имкониятини берганлигининг гувоҳи бўлди.

Тўртинчи мисол. “42-модда. Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”.

Ўзбекистон Президентининг бевосита ташаббуслари илм-фан, техникани, маданиятни ривожлантириш соҳасини жонлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўлди. Давлат бошлиғи таълим ва маданиятни ривожлантириш жараёнларига янгича шакл-шамойил берди. Бу борада замонавий глобал тараққиётга ҳамоҳанг бўлган ва ҳар бир шахсни ижодий, инновацион, маданий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий тизимни яратишнинг тамал тошини қўйди.

Натижада кенг кўламли изланишлар, тузилмавий ўзгаришлар туфайли барча даражадаги таълим, илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар тизими, миллий маданиятни ривожлантириш жараёнлари қайта жонлана бошлади.

Умуман, Президентимиз Асосий қонунимизнинг бутун фалсафаси ва руҳини барчамизга чуқур сингдириш билан бир қаторда, Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган барча нормалар ва принципларни хаётга тадбиқ этилишига эриша олди. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Конституциямиз янги демократик нормалар билан бойитилди.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз халқ хоҳиш-иродасини билан яратилган Ўзбекистон Конституциясининг бутун қудрати ва салоҳиятини ўзининг шахсий намунаси, тиним билмас ташаббускорлиги билан барчамизга намойиш этмоқда ва ибрат бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқий давлат ва инсонпарварлик принципларига нисбатан ҳурмати, содиқлиги, шунингдек қонунийликни ва Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқий нормаларнинг аниқ бажарилишини таъминлашга бўлган интилишлари ҳаммамиз учун улкан ибратдир.

 

Нурдинжон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикери

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


Кўришлар сони: 1410

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...

Тадбирлар тақвими