Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ватан остонаси маҳалладан бошланади

Ватан остонаси маҳалладан бошланади

Халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида маҳалла ва оила институтини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилган бўлиб, бу борада амалга ошириш зарур бўлган устувор вазифалар аниқ белгиланган.

Биз болалигимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” ёки “Маҳалланг – ўз уйинг” деган нақлларни эшитиб вояга етганмиз. Бугун эса ҳаёт тарзимиз, даврнинг ўзи, тезкор воқеалар ривожи маҳалла институтини янада ривожлантириш, ваколатларини кенгайтириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Камбағаллик, ишсизлик билан боғлиқ йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг илдизи айнан маҳаллага бориб тақалиши ва унинг ечими ҳам айнан ўша жойда экани ҳеч кимга сир эмас. Маҳалладаги муаммоларни туман ёки вилоят раҳбарлари билмаслиги мумкин, лекин ўша жойда яшаётган одамларга кундек равшан.

Бу борада лойиҳада маҳаллаларга молиявий мустақиллик бериш ва ваколатларини кенгайтириш ваколати белгиланаётганини энг яхши қарор, деб ҳисоблайман. Зеро, бу мавжуд муаммоларни ўша жойнинг ўзида ҳал қилиш, зарурий маблағларни тўғри, ўз ўрнида сарфланишига имкон яратади.

Шунингдек, маҳалла институти фаолияти самарадорлигини кескин ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш зарур. Бу мақсадга эришиш учун фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштироки ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, тизимни рақамлаштириш вазифаси кўзда тутилган. Бу каби вазифаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш талаб этилади.

Ҳужжат лойиҳасида маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш масаласи ҳам илгари сурилмоқда. Албатта, бугунги кунда “ўсиш нуқталари”га катта аҳамият берилаётгани бежис эмас.

Холбуки, халқимизнинг шундай миллий анъана ва қадриятлар борки, ҳар бир жойнинг ўзига яраша ҳунармандлари, бирор буюмни ишлаб чиқараётган тадбиркорларимиз фаолияти уларда ўз аксини топган. Яъни, “темирчилар”, “дурадгорлар,” “безакчилар” каби атамалар билан номланаётган жойлар мавжуд.

Масалан, Хоразмда қўлда гилам тўқиш ёки ёғочларга безак ўйиш билан шуғулланаётган оилалар бор. Улар маҳаллаларда кўпчиликни ўзига эргаштира олади. Худди шундай тадбиркорлик давлат томонидан қўллаб-қувватланилса, “бренд” даражасида маҳсулот ишлаб чиқариш ёки етиштириш ривожланган бўлар эди. Бу ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ўз-ўзини банд қилиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Ватан остонаси маҳалладан бошланади. Маҳаллалар тинч-осойишта бўлса, уйимиз тинч бўлади, халқ манфаати йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз натижаси амалда таъминланади.

 

Муборак АҲМЕДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” демократик

партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 34

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими