Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тадбиркорлик субъектлари учун янги имконият ва рағбатлар

Тадбиркорлик субъектлари учун янги  имконият ва рағбатлар

Мамлакатимизда кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, аҳолини бизнесга жалб қилиш орқали камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.


Кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётган “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармон лойиҳасида ҳам тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитларни яратиш каби устувор йўналишлар ўрин эгаллаган.


Еттита йўналиш ва 94 мақсадни қамраб олган ҳужжат лойиҳаси аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга. Унда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш ва рағбатлантиришга алоҳида аҳамият берилгани диққатга сазовордир.

Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш, мамлакатда 2026 йил якунига қадар ишсизлик даражасини камида 2 баравар қисқартириш масаласи белгиланганки, бу минглаб ишсиз ёшлар, хотин-қизларни хурсанд қилди, ниҳоятда мамнун этди.


Тараққиёт стратегияси лойиҳасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “Очиқ мулоқот”ни ўтказиш, ҳудудларда 200 та янги саноат зоналарини ташкил этиш ва бизнес-инкубаторлар тизимини ривожлантириш, шароити оғир бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, илғор хорижий тажриба асосида факторинг амалиётини ривожлантириш ҳам муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган.

2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш, ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун зарур маълумотларни эркин фойдаланишга чиқариш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш кўзда тутилаётгани соҳа ривожи йўлида муҳим қадам бўлади, дейиш мумкин.


Яна бир муҳим жиҳат, республикамиз экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда экспорт ҳажмларини 30 млрд. АҚШ долларига етказиш, ушбу мақсадга эришиш йўлида 2022 йилга мўлжалланган Экспортни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу борада экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 32 фоиздан 42 фоизга ёки 5,9 млрд. АҚШ долларига етказиш, мавжуд хомашё ресурсларини қайта ишлаш қувватларини ошириш ҳисобига экспорт таркибидаги улушини 34 фоиздан 24 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.

Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириб, Европа давлатларига ДжиЭсПи+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, мувофиқликни баҳолаш органлари халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатларини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тизимини жорий этилиши соҳа вакиллари учун катта имконият ва рағбат бўлади.

Қувонарли томони, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6,5 мингтадан 7,3 мингтага, товарлар экспорт географиясини кенгайтириш, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчини очиқ танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш назарда тутилаётгани энг тўғри ва оқилона қарордир.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз фикри, таклифлари инобатга олинган ушбу ҳужжатни қабул қилиниши билан тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилади, фуқароларимиз турмуш даражаси янада яхшиланади. Зотан, унинг ҳар бир йўналишидаги вазифалар, энг аввало, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш, энг муҳими, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

 

 

Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 48

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими