Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий вазифалари

Халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини  таъминлашнинг энг асосий вазифалари

Ўзбекистон замини — буюк алломалар юрти. Бу макондаги дунёвий ва диний илмлар ривожи асрлар ошса-да, ўз аҳамиятини йўқотмаган ва улар яратган илмий асарлар инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшиб келмоқда. XI асрда яшаб ўтган Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида шундай ёзади: “Ҳукмдорларнинг қайси бирида билим бўлса, билимга эътибор кучли бўлса, ўша яхши, эзгу ишларни амалга оширади, мамлакатда қонун-тартиботларга, адолат ва бунёдкорликка ривож беради”.

Бугунги янгиланаётган Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётининг янги босқичида илм-фан ривожига катта эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас, албатта. Шунинг учун ҳам Учинчи Ренессансни барпо этиш бўйича миллий тараққиёт истиқболлари ғояси илгари сурилиб, амалий ҳаракатлар олиб бориляпти. Мамлакатимизда “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” ғояси негизида янги Ўзбекистон барпо этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бундан беш йил олдин давлатимиз раҳбари халқимиз билан бамаслаҳат “Ҳаракатлар стратегияси”ни қабул қилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу стратегия асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Барчамиз бу жараёнларда бевосита иштирок этиб, ислоҳотларнинг амалий натижасини ўз ҳаётимизда ҳис қилганимиз ҳам бор гап.

Орадан муайян вақт ўтиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда “Ҳаракатлар стратегиясидан—Тараққиёт стратегияси сари” тамойили илгари сурилиб, кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари белгилаб олинган.

Мазкур стратегияда 7 та устувор йўналишдаги масалалар қамраб олинган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

— инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

—мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

—миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

—адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

— маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

— умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

— мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси тайёрланди. Унда мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими жорий этилмоқда.

Биргина 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадга эришиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналишида 41 та, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида 28 та, иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида 133 та, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида 55 та, маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш йўналишида 33 та, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш йўналишида 39 та, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишида 77 та чора-тадбир белгиланган.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш бу шунчаки, хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятни ўзида мужассам этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиляпти. Шу боис хусусий мулк устуворлиги Ўзбекистон қонунчилигида асосий тамойил сифатида белгиланиши, давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги кафолатланганлиги ва бу қонунлар янада такомиллашиб бориши амалий босқичга чиқди. Адолат ва қонун устуворлиги — халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти эканлиги қатъий белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “Биз ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик. Халқимиз бизга ишонди ва инонди. Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда”

Шу боис ҳам иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилиши, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга ислоҳотларимизнинг биринчи даражали устувор вазифаси сифатида қаратилаётир. Миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалар бўлиб, мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш мақсад қилинган.

Хусусан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши, бунда хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилаётгани таъкидланади. Бу борада “хомашёдан — тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда иш билан бандликни таъминлашда меҳнат бозорида тадбиркорлик фаолияти асосий майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис тадбиркорлик ва бизнесни янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошланган ислоҳотларнинг қатъий давом эттирилиши жуда катта маъно-мазмунга эга.

Янги Ўзбекистон стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя соҳасида бошқарув тизими ислоҳ қилиниб, ижтимоий хизматларнинг сифати яхшиланади ва кўлами кенгайтирилади.

Аҳолимиз табиатан олганда уй-жой билан ўзини бахтли ҳис қиладиган, орзу ҳаваслари эзгулик билан йўғрилган миллатлар сирасига киради. Шунинг учун ҳам энг муҳим масалалардан бири сифатида турар-жой масаласини ҳам ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш доимий эътибор марказида.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида қабул қилган дастурлар, айнан арзон уй-жойлар дастури асосида сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилган. Бу — олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилади, дегани.

Ана шундай ишлар кўламини янада кенгайтириб, келгусида ҳудудларимизда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивларининг бунёд этилиши халқимиз учун катта янгилик бўлди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши, стратегик тармоқ бўлган қишлоқ хўжалиги самарадорлигини тубдан ошириш ва уни диверсификация қилиш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий йўналишини ташкил этади. Шу мақсадда фермер ва деҳқонлар даромадини 2 баробар кўпайтириш учун зарур шароитлар яратилиб, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръат камида 5 фоизга етказилади.

Инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи бундан буён ҳам доимий эътибор марказида бўлади. Шу боис 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилиши белгиланди.

Таълим сифатини оширишда анъанавий тажрибаларни халқаро намуналарга уйғунлаштирган ҳолда, болалар боғчалари тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали кичкинтойларни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаш учун катта сармоялар ажратилмоқда. Мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилмоқда. Уларнинг барчаси ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади.

Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилиши вазифаси кўндаланг қўйилиб, мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини оширишга бирламчи вазифа сифатида қўйилаяпти.

Бу йўналишда аниқ вазифалар ҳам белгилаб олинган бўлиб, унга кўра нодавлат боғчаларга ва мактабларга фарзандини юбораётган ота-оналарнинг 3 милион сўмгача тўловларини даромад солиғидан озод этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш ҳамда дарсликларни янгилаш учун Давлат бюджетидан 605 миллиард сўм ажратиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1–4-синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш, давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Айтиш керакки, Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши олий таълимда сифатни таъминлашнинг янги босқични бошлаб берди. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалий ижроси олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрловчи давлат олий таълим муассасаларини шакллантириш мақсадларини ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантириш, тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам айни муддао бўлади. Республикамизда Қорақалпоғистон ва вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади, давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, бюджетдан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маблағларни 3 баравар ошириш, мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори воситалари миқдорини 80 фоизга етказиш, тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш, “оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолиятни амалга оширишга рухсат бериш, бирламчи тиббий-санитария хизматининг фаолияти “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйилиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этиш каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида фуқаролар ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётларида ҳис қилади.

Жамиятимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу тизимнинг амалда ишлаши натижасида ушбу тоифадаги инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этади.

Келгусида хорижий давлатларда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. Бу тизимни такомиллаштириш учун “Ватандошлар” жамоат фонди орқали чет элларда яшаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилалари билан алоқалар кенгайтирилади. Ҳамюртларимизни она тилимиз, маданият ва урф-одатларимиз асосида жипслаштириш, уларнинг билим ва салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

2020 йил бутун инсоният учун жиддий синовлар йили бўлди. Талафотлар катта, йўқотишлар кўп, асоратлар эса ниҳоятда оғир. Аммо ана шундай мушкул вазиятда одамзод бир нарсани ўрганди: ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаёт учун курашиши, олдинга интилиши ҳамда яшаши ва ишлаши зарур.

Энг муҳими, ана шундай мураккаб вазиятда давлатимиз, ҳукуматимиз одамларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ. Аксинча, эҳтиёжманд оилалар ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватланди. Айни шу вақтда Президентимиз ташаббуси билан “Темир дафтар”лар жорий этилгани эса масаланинг оқилона ечими бўлди. Бу тизим давлат ёрдамини йўналтириб туриш, ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш учун муҳим асос яратди.

Эътиборли томони, “Ёшлар дафтари”га 18–30 ёшгача бўлган йигит-қизлар киритилса, “Аёллар дафтари” орқали 30 ёшдан ошган аёллар қамраб олинади. Рўйхатни шакллантиришда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи борларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Камбағалликни одамларга пул тарқатиб қисқартириб бўлмаслиги – оддий аксиома. Одамлар турмуши яхшиланишига тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Иқтисодий тараққиёт, бир томондан, камбағалликни камайтирса, иккинчи томондан, камбағалликнинг кўпайиши иқтисодий тараққиётни сусайтиради. Одамларда соғлиқни сақлаш ва таълимдан фойдаланиш имкони чекланса, улар борган сари қашшоқлашади, иқтисодиётда талаб камаяди. Ўз навбатида, иқтисодиёт ўзининг юқори малакали ходимларига бўлган эҳтиёжини қоплай олмайди. Оқибатда ўсиш секинлашади.

Шунга қарамай, коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда аҳолининг барча қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Хусусан, 2020 йил бошида ҳар ойда 552 минг оилага моддий ёрдам берилган бўлса, йил охирига бориб ижтимоий нафақа бериладиган оилалар сони 1 миллион 200 мингтага етди. Президент қарори билан 2021 йилнинг декабрь ойида “Темир дафтар”га киритилганлар, 18 ёшга тўлмаган фарзанди бор боқувчисини йўқотганлар тоифасига кирувчи пенсия олувчи оилалар ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчиларга бир марталик 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилди.

Жорий йилда “Темир дафтар” тизими янги босқичга кўтарилади. Яъни, “Ижтимоий реестр”га қамраб олинган барча эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар билан бирга, маънавий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган.

Бу мақсадларга эришишда иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз. Шу асосда “Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади.

Кейинги 5 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 83 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвецтиция киритилишига эришилди, кўплаб йирик, ўрта ва кичик, хусусан, маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали қарйиб 2,4 миллионта янги иш ўрни яратилди.

Мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 марта ўсди. Ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 2, аҳоли даромадларининг 2,5 баробарга, иш ҳақи, пенция, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорининг ҳам сезиларли ўсиши таъминланди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда сўнгги беш йилда амалга оширилган улкан тарихий ислоҳотларнинг муфассал таҳлили Президентимизнинг яқинда нашр қилинган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ўз аксини топган. Бу янги Ўзбекистонни тараққиёт йўлини янги босқичга олиб чиқишнинг кафолати.

Сўнгги йилларда фуқаролларнинг ижтимоий маданий ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Беш муҳим ташаббус” каби 20 дан ортиқ давлат ижтимоий дастурлари ва концепциялари амалга оширилмоқда.

Стартегиянинг бош мақсади — миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида сақлаб қолиш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиб, тараққиётимизга энг каттта ижтимоий хавф солаётган камбағаллик иллатидан қутилиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг ягона омили сифатида таълим-тарбия масаласини 2030 йилгача талаб даражасида шакллантиришдан иборат.

Прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатларимизни янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсад бўлиб қолади.

Энг муҳими, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшаши давлатнинг бош мақсадига айланиб бормоқда.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

 


Кўришлар сони: 48

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими