Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тараққиёт стратегиясидаги иккита учлик

Тараққиёт стратегиясидаги  иккита учлик

Мамлакатимиз қисқа даврда босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда ишлаб чиқилган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик, экспертлар, олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлган ушбу ҳужжатда Тараққиёт стратегиясининг 7 та йўналиши бўйича 94 та мақсад ва 2022 йилга мўлжалланган 407 та банддан иборат “Йўл харитаси” ўз аксини топган. Лойиҳа билан танишиб, ҳам илмий, ҳам амалий нуқтаи назардан у иккита учлик асосига қурилганини англаш мумкин.

Биринчи учлик – бу Стратегияда кўзда тутилган барча мақсадларга элтувчи – макроиқтисодий кўрсаткичлар, яъни, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), инфляция ва ишсизлик кўрсаткичлари учлиги. Иккинчи учлик эса Монетар (пул-кредит сиёсати), фискаль (бюджет-солиқ сиёсати) сиёсатлар ҳамда Таркибий ислоҳотлар учлигининг интеграциясидир.

Энг аввало, макроиқтисодий кўрсаткичлар учлиги ҳақида тўхталиб ўтсак. Стратегияда иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ЯИМни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш кўзда тутилмоқда.

Агар бу борадаги кўрсаткичларга назар ташласак, 2020 йилда ЯИМ қарийб 60 млрд. долларни ташкил этганини кўрамиз. 2021 йилда бу кўрсаткич 68 млрд. долларга етказилди. 2022-2026 йилларда эса бу кўрсаткични 100 млрд. долларга олиб чиқишдек стратегик вазифа белгиланмоқда.

Инфляция даражаси 2020 йилда 11,1 фоизни, 2021 йилда 10 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда уни 9 фоизга тушириш ва 2023 йилдан бошлаб 5 фоиз даражасида ушлаб туриш белгиланмоқда. Ишсизлик даражасини 2 пунктга қисқартириш, яъни 2020 йилда бу кўрсаткич 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 9,2 фоизни ташкил этди. Келгусида уни 7,2 фоизга тушириш чоралари кўзда тутилмоқда.

Иккинчи учлик, Монетар (пул-кредит сиёсати), фискаль (бюджет-солиқ сиёсати) сиёсатлар ҳамда таркибий ислоҳотлар учлигининг интеграцияси ҳақида гапирганда, монетар ва фискаль сиёсат асосан таркибий ўзгаришларга хизмат қилишига эътибор берилганига эътибор қаратмоқчиман.

Хўш, таркибий ўзгаришлар ўзи нима?

Таркибий ўзгаришлар деганда ЯИМ таркибида иқтисодиёт тармоқлари улушининг ўзгариши тушунилади. Хусусан, ЯИМ таркибида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, транспорт, хизматлар каби иқтисодиёт тармоқлари мавжудки, улар ўз улушлари бўйича бири иккинчисига ўз ўрнини бўшатиб беради ва шунга қараб биз мамлакат иқтисодиётига баҳо беришимиз мумкин, яъни “аграр мамлакат”, “саноатлашган мамлакат” каби.

Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирги кунда аграр иқтисодиёт эмас, ЯИМ таркибида саноат улушининг юқорилиги мамлакатимиз иқтисодиётини “саноатлашган” дейишимизга асос бўлади. Бироқ, аграр соҳанинг улуши ҳам саноатдан юқори бўлмасада, бошқа соҳаларга нисбатан юқорилигича сақланиб турибди.

Тараққиёт стратегияси олтита тамойил устига қурилганлигини инобатга олсак, ушбу тамойилларнинг бири – “Хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” деб номланади. Бу тамойилнинг замирида юқорида айтилган ЯИМ таркибида саноат улушини янада ошириш мақсади мужассам.

Масалан, Стратегияда миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга ошириш мақсадининг қўйилиши ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Фармон лойиҳаси билан яқиндан танишар эканмиз, қўйилган марралар юқорилигига ишонч ҳосил қиласиз. Энг муҳими, ушбу марраларга етиш учун мамлакатимизда иқтисодий ресурслар, яъни инсон ресурслари ҳам, табиий ресурслар ҳам етарли. Фақат улардан унумли ва самарали фойдаланилса бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, аввало, ушбу мақсад ва вазифаларнинг моҳиятини чуқур англаб олишга боғлиқ. Зеро, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ва унда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш орқали Стратегияда қўйилган мақсадларга эришиш мумкин.

 

 

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 62

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими