Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Президент кутубхонаси билимли, маънавиятли, зукко, илмга чанқоқ, ватанпарвар ёшлар масканига айланади

Президент кутубхонаси билимли, маънавиятли, зукко, илмга чанқоқ, ватанпарвар ёшлар масканига айланади

Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳақидаги хабарни кўриб очиғи жуда хурсанд бўлдим. Қувончимнинг боиси шундаки, энди мамлакатимизда ҳам худди дунёнинг ривожланган мамлакатлари, мисол учун АҚШдаги Конгресс кутубхонаси, дунёдаги қўлёзма, китоб, харита, журнал ва бошқа манбаларнинг энг бой фондига эга бўлган Британия кутубхонаси, Ж.Кореянинг Сежон миллий кутубхонаси каби замонавий шарт-шароитларга эга улкан кутубхона бўлади.

Ушбу кутубхона 4 қаватли қилиб қурилади. Бу ерда бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади. Давлатимиз раҳбари бу мажмуани қуришда энг замонавий технологиядан фойдаланиш бўйича алоҳида топшириқ бердилар.

Тарихдан маълумки, бой кутубхоналарга эга бўлган давлатларда қадимдан фан ва маданият яхши ривожланган буюк олим ҳамда машҳур кишилар етишиб чиққан. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.

Тан олиш керак, интернет ривожланган ҳозирги даврда ҳаммаям кутубхонага бориб китоб ўқийди дея олмаймиз. Зарур бўлганда кўпчилик СМАРТ телефонлар ёки компьютер орқали электрон китоб ўқийди. Янги кутубхонада ана шу омилларни ҳисобга олиб, одамларни, айниқса ёшларни китоб ўқишга қизиқишини кучайтириш мақсадида турли интерактив лойиҳалар ҳам жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Телефонда ёки компьютерда китоб ўқиш яхши лекин, унинг инсон саломатлигига зарарини асло унутмаслик керак. Олимлар, мобиль телефонлардан фойдаланган болалар, хотира ва уйқу бузилиши хавф-хатарига кўпроқ дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар. Уларнинг асосий сабаби, суст ҳаракатдаги электромагнит тўлқинларининг боланинг кичкина ва нисбатан ингичка мия қобиғига кириб боришидир. Қолаверса, шифокорлар уяли телефонга боғланиб қолиш, хотиранинг бузилиши ва фикрни бир жойга жамлаш хусусиятининг сусайиши, доимий толиққанлик синдроми, кўз оғриғи ва қадалиши, кўз шиллиқ қаватининг қуриши, кўриш қобилиятининг жуда тез пасайишига олиб келишини таъкидлайдилар.

Энди китоб мутоласининг фойдаси ҳақида икки оғиз сўз. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари таъкидланагнидек, китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширади. Ҳар сафар китоб ўқилганида мия фаол ишлайди. У олинаётган маълумотни сақлаш учун янги толаларни яратади. Тадқиқотларда аниқланишича, доимий равишда китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти бошқаларга нисбатан секинроқ пасаяр экан.

Огайо штати университети олимлари таъкидлаганидек, инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлайди. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради, дейишмоқда улар. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, китоб ўқиш, бу – ҳаётдаги ўсиш, илгарилаш, ривожланиш, камол топиш, ўзини ўзи тарбиялаш, мустақил таълим олишдир. Демак, у инсонга фойда келтиради, ўзига ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини, айниқса ёшларни китобхонликка жалб қилиш, йирик кутубхона қуришдан кўзланган мақсад аниқ. Яъни Янги Ўзбекистонни билимли, маънавиятли, зукко, илмга чанқоқ, ҳаётда ўзининг қатъий позициясига эга, ватанпарвар ёшлар билан қуришдан иборатдир.

 

 

Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 107

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими