Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳажми янада ошади

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳажми янада ошади

Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қайта тикланувчи энергия манбалари улушини кескин ошириш, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган вазифалар, лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий ва ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган талабнинг ошаётганлиги, углеводород хом-ашёси захираларининг камайиб бораётганлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, энергетика соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, янги электр тармоқларини қуриш, эскиларини таъмирлаш, энергетика тизимини рақамлаштириш, мослашувчан энергия манбаларини яратиш ва эски иссиқлик электр станциялари портфелини янгилаш, кадрларнинг касбий тайёргарлигини ошириш бугунги кундаги муҳим вазифалардандир.

Йиғилишда 2022-2024 йилларда 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига, жами қуввати қарийб 3 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш режалаштирилганлиги ҳамда “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”да белгиланган 5 ГВт қуёш фотоэлектр ва 3 ГВт шамол электр станцияларини қуриш вазифаси 2026 йилга қадар амалга ошириш кўзда тутилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидлаш жоиз, давлат-хусусий шериклик асосида қайта тикланувчи энергия манбалари электр станциялари лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Хусусан, 2019 йилда Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида ўтказилган саноат кўламидаги қайта тикланувчи энергия манбалари электр станцияси қурилиши лойиҳаси танловида “Abu Dhabi future energy company - Masdar” компанияси ғолиб бўлган. Масдар томонидан Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши охирги босқичларда бўлиб, 2021 йил 27 августидан ягона энергетика тизимига яшил энергия етказиб беришни бошлаган.

Ушбу қуёш фотоэлектр станцияси дастлабки йилдан бошлаб йилига 260 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу Ўзбекистонда 80 миллион метр куб табиий газ сарф қилган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилишига эквивалентдир. Лойиҳа қурилиши давомида 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция жалб қилинган.

Шунингдек, келгуси йилда Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жами 900 мегаваттли яна 5 та қуёш электр станциясини барпо этиш бўйича инвесторлар танлови якунланиши ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Юқоридаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали, яқинда Глазго шаҳрида бўлиб ўтган иқлим бўйича халқаро саммитда таъкидлаб ўтилган Ўзбекистон 2030 йилгача иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бир бирлигига тўғри келадиган улушини 2010 йилга нисбатан 35 фоизга камайтириш ташаббусининг ижросини таъминлаш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини кенгайтириш мамлакатимизда энергетик барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Хайрилло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари


Кўришлар сони: 132

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими