Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Конституциямизда малакали тиббий хизмат кафолатланган

Конституциямизда малакали тиббий хизмат кафолатланган

Конституция — давлатнинг асосий қонуни бўлиб, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. У тенглик, қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мутлоқ устуворлигига асосланган замонавий ўзбек давлатчилигининг фундаментал асосларини аниқлаб беради. Унинг муқаддимасидан тортиб, якунловчи қоидаларига қадар инсон, унинг фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик ғоялари сингдирилган.

Бош қомусимизнинг иккинчи бўлими фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган. Бу бўлимда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ўз аксини топган. Жумладан, фуқароларнинг тиббий хизматга бўлган ҳуқуқи ҳам шу бўлимда белгиланган.

Ҳар бир инсон, у туғилгандан то умрининг охиригача бир эмас, бир неча бор бу хизматдан фойдаланишига тўғри келади. Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Таъкидлаш жоиз, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун бўладими, фармон, қарор бўладими, барчаси авваламбор Конституцияга асосланади. Мамлакатимизда фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга, аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар, бир неча юзлаб Президентимизнинг фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Улар доирасида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, дори таъминотини яхшилаш, тиббий таълимни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борадаги ишлар янада жадал тус олди. Тиббиётнинг барча бўғинида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Энг асосийси, бу каби эзгу ишлар замирида нафақат шаҳарларда, балки чекка-чекка қишлоқларда ҳам малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.

Бугун тиббиётнинг барча тармоқларида — бирламчи тиббий санитария ёрдамидан тортиб, ихтисослаштирилган тиббий хизматгача, шунингдек, хусусий тиббиёт тизимида тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларда кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари кўпайди. Ихтисослаштирилган ва хусусий тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар тармоғи ҳудудлар, туман-шаҳарларгача етказиляпти. Кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини оширишга эътибор кучайди.

Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш учун ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада ошди. Соҳадаги ҳаражатлар 4 баробар, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун ҳаражатлар 7 баробарга кўпайди.

Ўтган давр давомида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Негаки, бу тизимни, соҳанинг асоси десак муболаға бўлмайди. Чунки, шу тизимни такомиллаштириш, унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш орқали аҳоли соғлиғини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари ташкил этилиши орқали аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Бундай муассасалар фаолияти мутлақо янги тизимда йўлга қўйилди. Уларда “тиббиёт бригадалари” ташкил этилди. Ушбу бригадалар томонидан аҳоли манзилли скринингдан ўтказилиб, индивидуал патронаж тизими йўлга қўйилмоқда.

Оилавий поликлиникаларда тиббий текширувлар сони кўпайди, тор соҳа мутаҳассислари қабули йўлга қўйилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона марказлашган тизими яратилди.

Тез тиббий ёрдам шохобчалари икки баробардан зиёдга (800/1666), тез тиббий ёрдам бригадалари сони қарийб 1000 тага (1890/ 2842) кўпайиб, улар поликлиникаларгача жойлаштирилди. Тез ёрдам тизимини дори-дармон билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар миқдори оширилгани боис, таъминот 100 фоизга етказилди. Бугунги кунда туман-шаҳарлардаги тиббиёт муассасалари ҳам реанимобиллар билан таъминланган бўлиб, уларнинг сони 430 дан ошди.

Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасалар ташкил этилди. Бундай хизмат турлари кўпайтирилиб, муассасалар тармоғи кенгайтирилмоқда. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари сони 20 тага етди. Жойларда уларнинг филиаллари, туманларда бўлимлари ташкил этилмоқда. Натижада, ҳудудларда амалга оширилаётган юқори технологик операциялар улуши 55 фоизга ошди.

Инсон аъзолари трансплантацияси амалиёти жорий этилиб, 700 дан ортиқ буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра трансплантацияси бажарилди. Бу амалиёт вилоятларда ҳам йўлга қўйилмоқда.Кардиохирургия амалиёти олдин фақат Республика муассасаларида амалга оширилган бўлса, ҳозирда 12 та вилоятда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди, 10 та вилоятда очиқ юрак операциялари ўтказилмоқда.

Ихтисослаштирилган муассасаларда диагностика усуллари 70 тадан 174 тага, даволаш усуллари 60 турдан 264 турга кўпайди. Соҳага ахборот коммуникация тармоғи тизими жорий қилинди. Ихтисослашган тиббий хизмат тизимида телемедицина йўлга қўйилди. Биргина, жорий йилнинг ўзида Тошкентдаги марказлардан телемедицина орқали ҳудудлар билан 9600 дан зиёд онлайн боғланишлар ташкил этилиб, 40 мингдан зиёд беморлар жойида консултация қилинган, 3 мингга яқин беморга консилиум, 180 дан зиёд намойишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Бундай марказларда даволаниш ва текширувлардан ўтишда ордер бериш тизими бекор қилиниб, электрон навбат тизими жорий қилинди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг самарали тизими яратилди. Барча ҳудудларда перинатал, скрининг ва кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили пойтахтимизда Болалар миллий тиббий маркази қуриб фойдаланишга топширилди.

Туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида барча кўп тармоқли туман поликлиникаларида пренатал скрининг хоналари ташкил этилиши натижасида ҳомиладорларни биринчи уч ойлигида скрининг УЗИ текширувидан ўтказиш 92 фоизга етказилди. Бунинг самараси ўлароқ туғма ривожланиш нуқсонларидан ўлим ҳолати 50-60 фоиздан 8 фоизга камайди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қатор мақсадли миллий дастурлар амалга оширилди. Тиббиётда хусусий секторнинг ривожланиши соҳада соғлом рақобатни юзага келтирди. Хусусий шифохоналар қарийб 2 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 6,5 мингдан ошди, 1,5 мингдан зиёди янги тиббий ихтисосликлар ҳисобига фаолиятини кенгайтирди. Лицензияланадиган тиббий ихтисослик турлари 129 тага етказилди. Хусусий шифохоналарда мураккаб ва юқори технологияли жарроҳлик усулларига рухсат берилди.

Соҳада кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Олий тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, квоталарни бакалавриатга 2 баробар, магистратурага 2,3 баробар, ординатурага 5 баробар ошириш, мақсадли квоталар жорий этиш, орқали алоҳининг врачлар билан таъминланиши 22,3 дан 23 га етказилди. Бундан ташқари, айрим мутаҳассисликлар бўйича интернатура, хорижий қўшма таълим дастурлари доирасида ўқитиш йўлга қўйилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш орқали тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилгани билан ҳам муҳимдир.

Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар самараси, ўлароқ, бугунги кунда ҳатто мураккаб, замонавий, юқори технологик тиббий муолажаларни ҳам ҳудудларда амалга ошириш, марказга келмасдан, ўз ҳудудида қолган ҳолда телемедицина орқали республика муассасаларидаги малакали мутахассислар кўригидан ўтиш, маслаҳатини олиш ва даволаниш имконияти яратилди.

Таъкидлаш жоиз, коронавирус пандемиясига қарши кураш тажрибаси, бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилган ислоҳотларнинг самарали ва натижадор эканлигини кўрсатиб берди.

Пандемия даврида миллий ва халқаро жамият шунинг гувоҳи бўлдики, соғлиқни сақлаш миллий тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишда Давлатимиз раҳбарининг шахсан иштироки Ўзбекистонга фуқароларнинг малакали тиббий хизматга бўлган конституцион ҳуқуқи ижросини таъминлаш, мамлакатни коронавирус инфекцияси сабабли вазиятнинг ёмон тарафга ривожланиб кетишининг оғир оқибатларидан қисқа вақт ичида қутқариш имконини берди.

Бу ҳуқуқнинг амалда таъминланиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиғини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда. Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ўртача умр кўриш давомийлиги 73,7 ёшдан 74,8 ёшга ошди, гўдаклар ўлими 11,5 промилледан 9 промиллега камайди. Хавфли ўсма ва сил каби ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи пасайди.

Бош қомусимизда кафолатланган меъёр бугун янгича механизмлар орқали рўёбга чиқарилмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида келгуси беш йилликда ҳаётга тадбиқ этиладиган, муҳим ташаббус ва халқчил ғояларни ўз ичига олган, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланиши эълон қилинди.

Шундан, тўртинчиси — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш йўналиши бўлиб, унда халқимиз саломатлигини таъминлаш бош мезон қилиб белгиланиши назарда тутилмоқда.

Бунда тиббиёт соҳасига йўналтириладиган маблағларни 2 баробарга ошириш, тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш, бунда, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш чоралари кўрилиши назарда тутилмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилиши, давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилиши белгиланадиган бўлди.

Албатта, ислоҳотлар доирасида белгиланган вазифаларни вақтида ва сифатли амалга ошириш орқали фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган конституцион ҳуқуқи таъминланишига замин яратилади.

Жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, кундалик ҳаётимиз Конституцияда белгиланган меъёрлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, уни чуқур ўрганиш, ҳаётимиздаги аҳамиятини англаш ҳар доим долзарб аҳамиятга эга.

 

 

Зумрад БЕКАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 94

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими