Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Парламент дипломатияси: халқ манфаатлари ҳимояси янги босқичга чиқди

 Парламент дипломатияси: халқ манфаатлари ҳимояси янги босқичга чиқди

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан мустаҳкамланган, ҳар недан устун қўйилган жамият, мамлакатда ривожланиш бўй чўзади. Бу, айниқса, замонавий дунё тажрибасида ўз исботини топаётган ҳақиқатдир.

Ўзбекистонда узоқ эмас, сўнгги беш йилларда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган қараш тубдан ўзгарди. Реал турмушимизда ҳис этаётганимиз бу ҳақиқат, энг аввало, давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларда яққол намоён бўлмоқда.

Бугун “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар реал воқеликка айланиб бормоқда. Буни бир томондан, давлат органларининг фаолияти тобора шаффоф ва очиқлашиб бораётгани, иккинчи томондан эса, жамоатчилик фикри ОАВ, ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари орқали давлатга етиб бориб, унинг кундалик фаолиятида катта таъсир кўрсатаётганида кузатиш мумкин.

Биргина мисол, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган ва қабул қилинаётган ҳар бир қонун, ҳар бир қарорда халқ манфаатлари акс этмоқда. Парламентнинг ялпи мажлислари онлайн форматда телерадио каналлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри кенг жамоатчиликка намойиш этила бошланди. Эътиборлиси, жамоатчилик вакиллари ушбу муҳокамаларнинг фақатгина пассив кузатувчиси бўлмасдан, улар ҳақида интерфаол равишда ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини бериш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати, сўнгги йилларда миллий парламентаризмда илгари умуман кузатилмаган янги институт ва амалиётлар жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат билан чиқиш институти, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги Давлат дастурларининг ижроси бўйича парламент олдида ҳисобот бериши амалиёти, Ҳукумат аъзоларининг қуйи палата олдида махсус ҳисоботи, яъни “Хукумат соати” институти, Давлат бюджетини қонун шаклида қабул қилиш амалиётлари шулар жумласидандир.

Шунинг баробарида, депутатларнинг аҳоли билан доимий мулоқотини кучайтириш мақсадида уларнинг ижтимоий тармокларда саҳифалари яратилди ва улар ўз сайловчилари билан интерфаол шаклда мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.

2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш борасида муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу тарихий ҳужжат ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти янада оширилди.

Эндиликда, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши ҳам ижобий амалиётлардан . Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.

Албатта, бу борада Ўзбекистонда парламент дипломатиясининг аҳамияти ҳам тобора юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Таъбир жоиз бўлса, парламент миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятнинг фаол иштирокчисига айланди.

Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари фаолияти янада фаоллашди. Бугунги кунда ушбу парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни ривожлантириш учун доимий майдон вазифасини ўтамоқда ва ўз навбатида, чет эллик ҳамкорлар билан очиқ, конструктив, жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмига айланяпти.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, 2015–2019 йиллар давомида жами 28 давлатнинг қонунчилик органлари билан ҳамкорлик гуруҳлари фаолият олиб борган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 51 тага етди. Жумладан, 50 та давлат ва 1 та Европа Иттифоқи парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди.

Бугун хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва самарали ҳамкорлик кўламини янада ошириш, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишни уюштириш, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказишда мазкур ҳамкорлик гуруҳларининг роли тобора кучайиб бормоқда.

Аҳамиятли томони, сўнгги беш йил ичида Олий Мажлис кўплаб нуфузли парламентлараро бирлашмаларга аъзо бўлиб кирди. Парламентлараро Иттифоқ, МДҲга аъзо мамлакатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси шулар жумласидан. 2017 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ўзининг ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеясидаги иштирокини қайта тиклади. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясига аъзолиги масаласи кўриб чиқилмоқда.

Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалари географиясини кенгайтириш, жаҳон миқёсида мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентлараро гуруҳлар фаолиятини жонлантириш ҳамда бу борада таъсирчан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Ушбу янги институтнинг ташкил этилиши парламентнинг халқаро парламентлараро алоқаларини сезиларли даражада фаоллаштирди.

Хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг ташаббусларини илгари суриш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси тасдиқланди.

Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш, хорижий давлатлар парламентлари билан тажриба алмашинувини йўлга қўйиш орқали ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда парламентимиз мамлакат ташқи сиёсатининг фаол субъектига айланди. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиб, натижадорлиги ошиб боряпти. Ушбу ҳолат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда узвий алоқаларни ўрнатиш имконини шакллантириб, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 130

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

26.10.2021
Бола ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...

Тадбирлар тақвими