Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Парламент — янгиланиш жараёнларининг фаол иштирокчиси

Парламент — янгиланиш жараёнларининг фаол иштирокчиси

Кейинги беш йил ичида Ўзбекистон демократик янгиланишлар, жадал ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди. Авваламбор, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида миллий парламентаризмни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ўтган қисқа даврда парламентнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тубдан ўзгарди. 2017 йилдан янги демократик институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси институти амалиётга жорий қилинди.

Қонун ижодкорлиги фаолияти тубдан ўзгарди

Парламент қуйи палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари ҳам бутунлай янги йўналишда ташкил этилди. Қонун ижодкорлиги фаолиятининг илмий ва эксперт-таҳлилий таъминоти мустаҳкамланди. Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, 2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Хусусан, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.


Тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқилиши талаб этилмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайтирилди. Муайян соҳага тааллуқли ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган бир нечта қонун ўрнига, ягона кодекс қабул қилиш амалиёти қарор топди. Масалан, илгарги сайловга оид 5 та қонун ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилинди.

Шунингдек, илгари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари парламентга қонун лойиҳасини киритиш билан кифояланиб, уни депутатлар олдида ҳимоя қилиш масаласига унча эътибор қилишмас эди. Натижада, бошқа субъектлар киритган қонун лойиҳасини парламентда ҳимоя қилиш ҳам депутатлик корпуси зиммасига юклатилар эди. Бу эса, лойиҳанинг қизғин муҳокама қилинишида салбий таъсир кўрсатар эди. Эндиликда, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг ўзи ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг муҳокамаси том маънода жонланди. Айтиш жоизки, Қонунчилик палатасининг кўриб чиқишидаги қонун лойиҳалари сони аввалги йилларга қараганда қарийб 3 бараварга кўпайди.

Ўтган даврда давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган илгари мавжуд бўлмаган 50 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Парламент назоратида янги институтлар жорий қилинди

Тараққиётнинг янги босқичида парламентаризм тизимининг салоҳиятини ошириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли парламентнинг назорат қилиш ваколатлари ҳам сезиларли даражада кенгайтирилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди. Парламент назоратининг ушбу янги шакли Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш, Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда депутатлик корпусининг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.


Шунингдек, Ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш – “ҳукумат соати” институти амалиётга самарали жорий этилди. Мазкур институт парламент назорати фаолиятига янгича руҳ олиб кирди. Бугунги кунда аҳолини ташвишга солиб келаётган ҳаётий долзарб муаммоларга айнан “ҳукумат соати” тадбирларида ечим топилмоқда. Бундай тадбирларимиз ижтимоий тармоқларда, хусусан, Қонунчилик палатасининг “Youtube”, “Facebook” ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри, жонли эфирда намойиш этиб борилмоқда.

Илгари парламент назорати объектига давлат ва ҳокимият бошқаруви органлари кирар эди. Лекин шундай давлат органлари борки улар давлат бошқаруви органларига кирмайди. Ёки парламент назоратини хўжалик бошқаруви органлари устидан ҳам ўтказишга эҳтиёж туғилади. Чунки қонунлар ижроси билан боғлиқ масалалар барча соҳада вужудга келади, аҳолини қийнайдиган масалалар ҳам фақат давлат органлари билан боғлиқ бўлиб қолавермайди. Шундан келиб чиқиб биз парламент назорати объектини кенгайтирдик. Эндиликда, парламент назорати давлат органлари ва хўжалик бошкаруви органлари устидан хам олиб борилади.

Илк бор Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинди. Ўз навбатида, бюджет ижроси устидан назорат ҳам эндиликда вазирлик ва соҳалар кесимида манзилли олиб борилмоқда. Бугунги кунда нафақат Ҳукумат фаолиятини назорат қилиш, балки, Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш ва маъқуллаш амалиёти жорий этилди. Бу эса ҳукумат таркибини шакллантиришда халқ вакилларининг бевосита иштирокини таъминламоқда ҳамда уларнинг фикри ва овози асосида муайян бир вазир ёки бошқа ҳукумат аъзосини лавозимга қўйиш амалга оширилмоқда. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий этилди.

Сайловчилар депутат олдига эмас,
депутат ўз сайловчилари олдига боради

Ўтган даврда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишига айланди.

Сайлов округларидаги сайловчилар билан ҳамкорликнинг шакл ва усуллари ўзгартирилди. Халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлик касб этди. Илгари депутатлар ўз сайловчилари билан йилда 2-3 марта учрашган бўлса, бугунги кунда депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайлов округларида бўлиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланмоқда.


Қолаверса, депутатлар ўз сайловчилари билан ахборот коммуникация технологиялари орқали мулоқот олиб бормоқда. Ахборот майдонида депутатлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашди. Депутатларнинг мулоқотини кучайтириш мақсадида уларнинг “Facebook” ва “Телеграм” ижтимоий тармоқларида ўз саҳифалари ва каналлари очилди.

Ўтган даврда депутатлар ҳудудларда одил судловни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, “Темир дафтар”га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” асосида ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни атрофлича ўрганиб, соҳада тегишли чоралар кўрилишига эришишди.

Ёш парламентарийлар кўпайди

Сўнгги йилларда парламентда ёшларнинг ўрнини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутатларининг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади. Бугунги кунда палатада ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишда фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, ўтган давр мобайнида 19 та қонун лойиҳаси юзасидан Ёшлар парламенти томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид таклифлар тайёрланди.

Очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди

Тараққиётнинг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда парламент фаолиятида ҳам очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди. Жумладан, медиа маконининг талаб ва эҳтиёжларига мос тарзда Қонунчилик палатаси мажлислари, парламент назорати тадбирлари, сиёсий партия фракциялари, қўмита йиғилишларини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди.

Электрон парламент механизмларидан самарали фойдаланилиши натижасида пандемия шароитида ҳам миллий парламентимиз бир кун ҳам ўз ишини тўхтатмади. Барча муҳокамалар ва овоз бериш жараёни онлайн тарзда ўтказилиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган қатор қонунлар қабул қилинди.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари кескин фаоллашди

Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқда, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясида, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясида ўзининг аъзолигини тиклади. Бу эса, кенг доирадаги масалалар бўйича самарали ҳамкорлик борасида қўшимча имкониятлар эшигини очди.


Ўтган даврда Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича қатор парламентларо ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилди. Жумладан, Қонунчилик палатасида 2015-2019 йилларда 28 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият олиб борган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони қарийб икки бараварга ошиб, 52 тага етди.

Сўнгги йилларда халқаро йўналишдаги қонун ижодкорлиги ҳам сифат жиҳатдан сезиларли даражада ўсди. Жумладан, 2015-2019 йилларда халқаро шартномаларни ратификация қилишга қаратилган 47 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, ушбу рақам олдинги чақириқларга нисбатан икки бараварга кўпдир.


Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбуриятлари бажарилиши ҳамда халқаро йўналишда қабул қилинган “Йўл хариталари” ижроси устидан парламент назорати кучайтирилди. Масалан, парламентимиз БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистон томонидан бажаришга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичларини янада яхшилашга доир режалар ижросига ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.

Кўплаб олимлар таъкидлаганидек, парламент давлат ҳокимиятининг бошқа институтларидан фарқли равишда доимо “демократия назарияси ва амалиётининг кесишуви рўй берадиган нуқтада туради” ва халқ ҳокимиятчилигининг тимсоли ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ вакилларидан янада фаол бўлишни талаб этади. Шу маънода, парламент ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори ва мададкори бўлиш учун бор салоҳиятини ишга солган ҳолда, ўз фаолиятини такомиллаштириб бораверади.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Коррупцияга қарши курашиш ва

суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 123

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

26.10.2021
Бола ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...

Тадбирлар тақвими