Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон — Туркманистон: Дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон — Туркманистон: Дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистоннинг қардош мамлакатлар билан стратегик шериклик алоқалари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликка асосланган. Бугунги кунда Туркманистон билан муносабатларимиз ҳам шу асосида юксак суръатлар билан ривожланиб боряпти.

Ўзбекистон ва Туркманистон энг яқин қўшни, биродар мамлакатлар, вақт билан синалган ишончли дўст ва ҳамкорлардир. Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлиги давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолат.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак. Аждодларимизнинг илмий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки саналади. Туркманистонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Махтумқули асарлари кириб бормаган хонадон йўқ, деса бўлади. Сўнгги йилларида анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги замон руҳида ривожланмоқда. Ўтган йиллар давомида эришилган натижалар бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Биргина мисол, 2017 йил март ойида Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга ташрифи доирасида тарихий аҳамиятга эга ҳужжат — Стратегик шериклик тўғрисидаги битим, шунингдек, умумий қиймати 150 миллион долларлик шартномалар имзоланган. 2018 йил апрелда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида эса Тошкент шаҳрида “Aшхобод” боғи ва Махтумқули кўчаси, Хоразм вилоятида Ўзбек-туркман дўстлик уйи ва “Улли ҳовли” мажмуасининг очилиши халқларимиз ўртасидаги дўстлик, бирлик ва маданий яқинликнинг ёрқин намунаси бўлди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бу галги расмий ташрифи ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Ташриф давомида икки мамлакат Президентлари кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш бўйича қатъий қарорлар қабул қилганлари мисолида ҳам кўрдик.

Ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошгани, жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ошгани ҳам тасдиқлайди.

Бу натижаларга эришишда ишбилармон доира вакилларининг ҳиссаси катта. Хусусан, жорий йил 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми ҳам ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилди. Форум якунида қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Қўшма баёнот қабул қилди. Унда олий даражадаги учрашувнинг асосий якунлари ўз ифодасини топди, Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Албатта, икки томонлама муносабатлар барча йўналишда, жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, ушбу соҳада ижобий натижалар қўлга киритилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, тижорат мақсадида икки мамлакат автомобил ва темир йўллари орқали учинчи мамлакатга транзит юклари ташилади. Жорий йилнинг саккиз ойида халқаро юк ташиш ҳажми умумий ҳисобда қарийб 13,5 фоизга ўсиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 1,2 миллион тоннага ошди.

Транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш Жанубий Осиё ва Жанубий Кавказ йўлаклари орқали янги ташқи бозорларга чиқиш, шу жумладан Ашхобод битимига мувофиқ халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ҳудудлараро шерикликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинар экан, чегарадош вилоятлар ўртасидаги мунтазам бевосита мулоқот ҳамда ҳар йили Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари форумини ўтказиш иқтисодий ҳамкорликни ўстиришнинг янги драйвери бўлиб хизмат қилиши борасида якдил фикр билдирилди. Бундай форматдаги илк учрашув келгуси йилда Хивада ўтказиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи жуда самарали бўлди, у ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этади ва истиқболда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

 

 

 


Кўришлар сони: 74

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

26.10.2021
Бола ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...

Тадбирлар тақвими