Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Халқаро ҳужжатдаги нормалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топди

Халқаро ҳужжатдаги нормалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топди

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва унга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугун юртимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич иплементация қилишнинг ўзбек модели шаклланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги нормалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Муқаддас динимиз ҳалқимизни бирлаштириб, миллати ва тилидан қатъи назар, маънавий покланиш, одамларни тинчлик, эзгулик бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тотувликка ундайдиган, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир”.

Айнан шу масалалар “Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида дин соҳасидаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш” мавзусидаги халқаро видеоконференцияда ўз аксини топган бўлиб, қатор нуфузли хорижий ва маҳаллий маърузачилар томонидан Ўзбекистонда мустақиллик йилларида миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида катта тажриба тўпланганлиги, мамлакатда виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш масалаларини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилганлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш борасида тегишли ижобий амалиёт ҳам шаклланганлиги эътироф этилди.

Дарҳақиқат, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Президентимиз “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққанлиги ҳам, жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Бу ҳужжатнинг асосий мақсад — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат бўлиб, резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ислом динида инсонпарварлик улуғланганлигига яна бир бор эътиборини қаратиб, “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини етказишни, энг муҳим вазифамиз деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимиздаги азалий қадриятларимизни қадрлаймиз. Муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз, Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”- дея таъкидлаган эдилар.

Бунга яқинда янги таҳрирда тайёрланиб, қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун яққол мисолдир. Виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Мамлактимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, Янги Ўзбекистонни қуриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар виждон эркинлиги борасидаги қонунчиликни ҳам қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирди.

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ бўлган масалаларга аниқ ечим топиш, виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва виждон эркинлиги бўйича халқаро ҳужжатлар ва стандартларга миллий қонунчилигимизни мувофиқлаштириш, энг асосийси фуқароларимизнинг виждон эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши давр ва замон талаби эди. Ватанимизда ташқи, ички сиёсат, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш соҳаларида бўлгани каби миллий ва умуминсоний қадриятлар, диний эркинлик ва бағрикенглик ривожи тарихида ҳам янги давр бошланди. Бутун мамлакатимиз халқи кўз ўнгида бўлгани каби жаҳон ҳамжамияти эътирофида ҳам янги Ўзбекистон намоён бўла бошлади. Рўй бераётган ўзгаришларнинг мантиқий исботи сифатида виждон эркинлиги ва диний ташкилотларга оид янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Эътироф этиш лозимки, қонун лойиҳаси юзасидан халқаро ва миллий даражада маслаҳатлашувлар ва муҳокамалар ўтказилди. Қолаверса, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда халқаро экспертлар томонидан қонун лойиҳаси юзасидан таклиф, тавсия ва хулосалар берилди. Миллий даражада ўтказилган маслаҳатлашув ва муҳокамаларда барча конфессияларнинг вакиллари, диний ташкилотлар ва диний таълим муассалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, аёллар ва ёшлар фаол қатнашдилар.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти вакилининг фикрича, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё учун диний эркинлик таъминланган эркин жамиятга ўтиш йўлини биринчи бўлиб кўрсатиб берди.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси мазкур қонунда виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқлар кўлами кенгайганлиги, шунингдек, давлатнинг бу жараёндаги роли янада аниқлаштирилганини эътироф этди.

Қонунда, бир томондан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўрнатилган талаблар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг, Инсонийлик мезонлари бўйича ЕХҲТнинг тавсиялари ўз аксини топган. Иккинчи томондан, қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, диний қадриятлари ва бугунги кун воқелиги ҳам инобатга олинган.

Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистонда турли конфессиялар ва турли этник гуруҳларнинг биргаликда яшашининг кўп асрлик тарихий тажрибаси тўпланган. Асрлар мобайнида унинг ҳудудида турли динлар ва эътиқодлар мавжуд эди. Мамлакатимизда 16 та турли конфессия бўйича 2275 та диний ташкилот фаолият юритмоқда, улардан 92 фоизи ёки 2092 таси ислом динига оид ташкилотлардир.

Халқаро конференция иштирокчилари таъкидлаганидек, виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги янгиликлар ва енгилликлар бугун пайдо бўлган эмас. Бу каби ҳаракатларнинг замирида йиллар давомида тўпланган тажриба, масалага илмий ёндошув, хориж тажрибасини чуқур ўрганиш ва изланишлар ётибди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Концепция инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, унинг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлаб туришга йўналтирилди.

Иккинчидан, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни “алоҳида хавотирга молик давлатлар” рўйхатидан чиқарди. 2018-2019 йилларда Ўзбекистон делегацияси диний эркинликларни илгари суриш бўйича Вазирлар конференцияларида мунтазам иштирок этди. Мазкур анжуманларда Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасидаги ютуқлари ижобий баҳоланди.

Учинчидан, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланди.Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради”. Шу маънода, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда “Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Тўртинчидан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 25 сентябрда қабул қилган қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.

Олтинчидан, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармонига кўра, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. Эндиликда, ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари тантанали равишда тақдирлаб борилади.

Шу тариқа мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.

Зеро, Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар

ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари

қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 116

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топиши керак

Халқ билан мулоқот. Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишла...

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

Тадбирлар тақвими