Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон-ШҲТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги самарали ҳамкорлик

Ўзбекистон-ШҲТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги самарали ҳамкорлик

Маълумки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларини самарали ҳал қилишда, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда катта ҳисса қўшиб келаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.

1996-1997 йиллари “Шанхай бешлиги” номи билан ташкил этилган ҳамда 2001 йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши билан “Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти” номини олган мазкур тузилманинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, хавфсизлик, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа устувор соҳалардаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Минтақавий хавфсизликни кафолатли таъминлаш, терроризм, экстремизм, айирмачилик ва гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Ўтган 20 йил мобайнида минтақавий ва халқарo вазиятда кескин ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг таъсирчан мeханизми сифатида намoён этмоқда. Қисқа даврда ташкилoт салмoқли шартнoмавий-ҳуқуқий базага эга бўлди, институциoнал жиҳатдан тўлақонли тузилма сифатида шаклланди, қатор таркибий органлари ташкил қилиниб, уларнинг барқарoр фаoлияти йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоиз, ташкилот “Шанхай руҳи” негизида ташкил қилинган бўлиб, ушбу тамойил ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби асоскор қоидаларни ўзида муажассам этади. “Шанхай руҳи” ташкилотга аъзо давлатларнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудрати ҳар хил ўлчамда бўлишига қарамай, уларнинг барчаси тенг ва ҳамжиҳатлигини билдиради.

Чунончи, ШҲТ доирасида барча қарорларнинг консенсус асосида қабул қилиниши тамойили ҳам “Шанхай руҳи”нинг мазмун-моҳиятини ва унинг мукаммал тузилма сифатида намоён этади. Ушбу тамойил ташкилотнинг “ўрта” ва “кичик” салоҳиятли аъзоларига жаҳоннинг қудратли куч марказлари ҳисобланган Хитой ва Россия билан бир қаторда, ШҲТ устувор йўналишларини белгилашда фаол ва тенг ҳуқуқли иштирок этиш имконини беради.

Агар ШҲТни бошқа минтақавий ва трансминтақавий халқаро ташкилотлар билан солиштирадиган бўлсак, у нақадар катта куч ва салоҳиятга эга эканини кўрамиз. ШҲТга аъзо давлатларнинг иккитаси, яъни Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади. Дунё аҳолисининг деярли ярми ШҲТга аъзо мамлакатларда истиқомат қилади.

Ташкилотнинг умумий макони Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди. ШҲТга аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 23 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон ана шундай нуфузли ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида у билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан алоқаларнинг ривожланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади”, - деди Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида Олий Мажлисга Мурожаатномасида.

Мамлакатимизнинг сўнгги йилларда ШҲТ доирасидаги фаолиятини ташаббускорлик ва прагматизм тамойиллари устувор бўлиб бораётгани билан ифодалаш мумкин. ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади.

Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентдаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм институти барпо этилди. Бу пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча тузилмалар сифатида Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада кучайтиради.

Умуман олганда, ўтган 5 йил мобайнида Ўзбекистон томони 30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу анча жиддий ва катта кўрсаткич ҳисобланади. Энг муҳими, Ўзбекистон ташкилот доирасида ўз ташаббуслари шунчаки эълон қилмасдан, балки уларни амалий чора-тадбирлар орқали ҳаётга фаол жорий этаётгани билан ажралиб туради.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил октябрь ойида Россия Федерацияси раислигида бўлиб ўтган навбатдаги cаммитида давлатимиз раҳбари пандемия шароитида “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлашнинг муҳимлигига катта эътибор қаратиб, глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш йўли билан енгиш мумкинлигини таъкидлади. “Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина, ШҲТ ҳам кучли бўлади, – деб алоҳида таъкидлади Президентимиз. – Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз, айниқса, муҳим аҳамиятга эга”.

Мамлакатимиз ШҲТ фаолиятини янги мазмун билан тўлдириш, минтақалараро транспорт ва транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли технологияларни ривожлантириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини излаш, иқлим ва экологик таҳдидларга қарши курашда аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларни бирлаштириш каби истиқболли йўналишларга катта эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ШҲТнинг амалий аҳамиятини ва халқаро обрўсини ошириш учун унинг янги кун тартибини шакллантиришга ўз конструктив ҳиссасини қўшишга тайёрлигини намоён этмоқда.

ШҲТнинг 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган юбилей саммитида ШҲТнинг 20 йиллик фаолиятининг асосий натижалари, ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бу Тожикистон ўз истиқлолининг 30 йиллик тантаналарини кенг нишонлаётган ушбу байрам кунларига уланиб кетаётганида катта рамзий маъно бор ва Душанбеда саммитга ниҳоятда катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этиш лозим.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашадилар, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган мисли кўрилмаган глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича ШҲТ доирасида қўшма қадамларни кўриб чиқадилар.

Душанбедаги ШҲТ саммити якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Эрон Ислом Республикасини ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилиш жараёнига старт бериш тўғрисидаги қарорини қабул қилиш кутилмоқда. Бундан ташқари, Миср Араб Республикаси, Қатар давлати ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан “мулоқот бўйича шерик” мақомини бериш режалаштирилмоқда. Айтиш керакки, сўнгги йилларда мулоқот бўйича шериклик йўналишига катта урғу берилмоқда. Ҳозиргача Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия, Шри-Ланка каби давлатлар бундай мақомга эгадир.

Саммитда шунингдек, ШҲТнинг янги Бош котиби ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори тўғрисида қарорлар ҳамда ШҲТ мадҳиясининг қабул қилиниши кутилмоқда. Янги мадҳия Саммит якунида биринчи марта янграйди. Тарихий ШҲТ саммити натижасида ШҲТнинг 20 йиллигига бағишланган Душанбе декларацияси ва ўттизга яқин қарор қабул қилинади.

Кун тартибидан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўйича ҳаракатлар режаси, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, яшил белбоғ дастури, сайёҳлик ва маданият пойтахтлари ҳақидаги низом, шунингдек бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик бўйича англашув меморандумларини тасдиқлаш ўрин олган.

Умуман, Саммит якуни ва унинг доирасида қабул қилиниши кутилаётган барча муҳим ҳужжатлар “Шанхай руҳи”ни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этишлари кутилмоқда. Чунки ушбу давлатда тинчликни ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун стратегик масаладир.

Саммит – ушбу муаммони муҳокама қилиш учун жуда қулай дипломатик “майдон” ҳисобланади. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, келгусида Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун бу давлатга зарурий озиқ-овқат, нефть ва электр энергиясини етказиб беришда давом этмоқда.

Чунки ҳозирги мураккаб бир пайтда бу давлатни яккалаб қўйиш мавжуд вазият ва тарангликни янада кучайтиради холос. Шу сабабли, аввало қўшни давлатлар бундай шароитда якдиллик ва бир-бири билан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни олиб бориши аҳамияти кескин ошади.

Ўзбекистон мазкур обрўли тузилма доирасида доимо янги хавф ва хатарларга қарши кураш, савдо ва иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича қўшма салоҳиятларни оширишга, аҳоли фаровонлигини кўтаришга, саноат кооперация жараёнларига, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга, транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлашга жиддий аҳамият қаратиб келади.

Душанбе Саммити ниҳоясида мамлакатимиз учун ўта муҳим воқеа юз бериши кутилмоқда: Ўзбекистон ва 2021-2022 йилларда ШҲТга раисликни қабул қилиб олади. Бу жуда масъулиятли ва шарафли миссия бўлиб, тобора ортиб бораётган Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва таъсирини янада кучайтириш учун жуда муҳим имкониятдир. Қолаверса, ҳозирги вақтда бутун дунёда ва минтақада кечаётган фундаментал ўзгариш ва тенденцияларни инобатга олсак, Ўзбекистон ШҲТ орқали бу жараёнларга бевосита таъсир кўрсатиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, ўтган даврда ШҲТ ўзини самарали механизм сифатида намоён этиб, сиёсат ва хавфсизликдан иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликкача бўлган кенг қамровли масалаларни ўз ичига олган минтақавий муаммоларнинг бутун бир мажмуини ҳал этишга қодир халқаро форум сифатида жаҳон сиёсат саҳнасидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Дунё бўйлаб кенг тарқалган пандемия эса ШҲТга бўлган объектив ҳаётий заруратни янада оширмоқда.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси 

раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 70

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими