Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Давлат кўчмас мулк жойлашган ер ҳам хусусийлаштириш объектига киради

Давлат кўчмас мулк жойлашган ер ҳам  хусусийлаштириш объектига киради

Кейинги йилларда жойларда ерга оид ҳуқуқий муносабатларда пайдо бўлаётган турли хил низолар ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этишни, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни эркин муомалага киритишни тақозо этмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган апробация, ҳуқуқий эксперимент якунлари амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишга ундади.

Ўрганишлар натижасида аниқланганига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан, уларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти мавжуд эмас, ер бозорини тўлиқ шакллантириш ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришда тенг ҳуқуқлар берилмаган.

Ўтказилган эксперимент ҳам хусусийлаштирилган ер участкалари қийматини аниқлашнинг мосланувчан тизими йўқлигини кўрсатди, бу эса ўз навбатида кенг қатламли аҳоли учун хусусийлаштиришнинг жозибадорлигини ва ҳаммабоплигини оширишга хизмат қилмайди. Шу каби барча омиллар, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормалари номувофиқлигини ва нотўғри талқин қилинишини бартараф этадиган аниқлаштириш ва таҳририй тузатишларни киритишни талаб қилди ва ушбу қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар акс эттирилган қонун лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳа билан амалдаги қонунининг 29 та моддаси ўзгартирилиб, қўшимчалар билан тўлдирилган ҳолда, 2 янги моддани киритиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳада якка тартибдаги тадбиркорларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун уларга берилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш белгиланмоқда. Қолаверса, кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ тўлдиришлар ўз ифодасини топмоқда.

Унда ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишга қаратилган янги нормалар киритилиб, инсон омили таъсир қилмайдиган тарзда аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу йўналишда ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия фаолияти бекор қилиниб, ушбу комиссиянинг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бериладиган ер участкасига мулк ҳуқуқини тақдим этувчи давлат ордерига алмаштирилиши кўрсатилмоқда.

Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтириш белгиланяпти. Бу эса маҳаллий ҳокимият органларининг ер участкаларини хусусийлаштиришга бўлган қизиқишини оширади, шунингдек, урбанизацияни ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга, жумладан, зарур муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини яратиш ҳамда янгилашга ёрдам беради.

Амалдаги қонуннинг асосий тушунчалар моддасига киритилаётган қўшимчада давлатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкий мажмуа (корхона), бинолар, иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар давлат кўчмас мулк объектлари сирасига кириши қайд этилмоқда. Тўлдирувчи хусусиятга эга норма асосида хусусийлаштириш объектлари қаторидан хусусийлаштирилаётган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари ҳам ўрин олмоқда.

Ерларни хусусийлаштиришда рискларни камайтириш мақсадида ушбу жараён аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида амалга оширилиши керак. Бироқ, бутун республика бўйича ушбу ҳужжатларни қабул қилиш бир неча йиллик вақтни талаб этади.

Шу сабабли, ушбу ҳужжатлар бўлмаса ҳам, аҳоли пунктининг маълум қисмини ривожлантириш ёки режалаштириш бўйича ҳужжат (кичик саноат зонаси, “бизнес сити”ларда) асосида ҳам хусусийлаштириш, шунингдек, экспертлар таклифлари асосида бино-иншоотлар остидаги ерларни кадастр ҳужжатида белгиланган фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан хусусийлаштириш таклиф этилмоқда.

Хусусийлаштириш субъектларига оид моддага киритилаётган қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари хусусийлаштириш субъектларидир, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эллик юридик шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек, давлат органлари, муассасалари ва унитар корхоналари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ва халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хусусийлаштириш субъектлари бўлмаган шахслар хусусийлаштирилган ер участкаларини олишга ҳақли эмас. Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган харажатлар чегириб қолингандан кейин Давлат бюджетига йўналтирилиши белгиланмоқда.

Соҳага оид айрим давлат органларининг ваколатлари қисми билан боғлиқ нормаларга аниқликлар киритилмоқда. Масалан, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги кейинчалик электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш мақсадида бўш турган ер участкаларини аниқлайди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулк объектларини аниқлайди, ушбу объектларни улар жойлашган ер участкалари билан бирга электрон онлайн-аукционга қўяди, ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерини беради ва уларнинг реестрини юритади.

Амалдаги қонуннинг аризани бериш ва кўриб чиқиш тартиби ҳақидаги моддасига қўшилаётган нормаларга мувофиқ, ер участкасини хусусийлаштиришга ариза Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси томонидан – унга шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан – унга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан берилади.

Хусусийлаштириш субъектларига ер участкасига нисбатан доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ҳуқуқи ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ўтган тақдирда мазкур ер участкасига нисбатан хусусийлаштириш ҳуқуқи ҳам ўтади. Агар ер участкаси бир неча хусусийлаштириш субъектлари томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва фойдаланиладиган бўлса, ариза барча субъектларнинг фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган келишувига биноан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суд томонидан белгиланган тартибда берилади.

Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Ариза ер участкасини хусусийлаштириш масаласини кўриб чиқиш учун асос бўлади. Уни кўриб чиқиш ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарнома ҳисобланади. Ижобий қарорга эга бўлган хабарнома ариза берувчига хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш учун асос бўлади. Салбий қарор ҳақидаги хабарномада қонунчиликнинг ёки шаҳарсозлик ҳужжатларининг аниқ талабларини кўрсатган ҳолда ер участкасини хусусийлаштиришни рад этишнинг асосли сабаблари кўрсатилади.

Aризани кўриб чиқиш натижаси устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин. Тўлдирувчи характердаги нормаларнинг яна бирига мувофиқ, хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулки объекти ва у жойлашган ер участкасининг бошланғич нархи ушбу объектларнинг ягона мулкий мажмуа сифатида баҳоланган қийматига тенг қилиб белгиланади. Амалдаги қонунга қўшилаётган янги 271-модда давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш деб номланган.

Унга кўра, хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулки объектлари жойлашган мулки объектлари жойлашган ер участкалари тасдиқланган хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аниқланади.

Ер участкаси унда жойлашган давлат кўчмас мулк объекти билан бир вақтда хусусийлаштирилганда, ер участкасига ҳамда кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқини берувчи ягона давлат ордери расмийлаштирилади. Давлат ордерлари берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Умуман олганда, қонун лойиҳасида ўз аксини топаётган шу каби бошқа янги нормалар ҳуқуқий эксперимент давомида аниқланган хусусийлаштириш жараёнига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга, ер бозорининг шаклланиши ва ривожланишига, кўчмас мулк бозорининг жадал ўсишига, аҳолининг кредитга лаёқатлилиги ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш имконини яратади.

Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қизғин муҳокамадан ўтказиш чоғида қонун лойиҳасининг айрим нормалари бўйича баҳсли, ҳатто эътирозли фикр-мулоҳазалар билдирилиб, бир қатор таклиф-тавсиялар берилди. Шу кунларда лойиҳани янада пухталаштириш, амалиётдаги ҳолатлардан келиб чиқиб такомиллаштириш устида фаол иш олиб борилмоқда.

 

 

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 102

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими