Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Табиатни асраш – инсонни асраш демак

Табиатни асраш – инсонни  асраш демак

Инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлишдир. Демак, инсоният табиат қадрини, унинг неъматлари бебаҳо эканини чуқур англаб етиши лозим.

Бугун табиатга етказилаётган барча зарарларнинг оқибатларини ўзимиз шоҳиди бўлиб турибмиз. Ер юзида бошланган глобал муаммолар, яъни иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ердаги ҳароратнинг кўтарилиб бориши, қурғоқчиликлар, чўлланишлар буларнинг барчаси негизида кўп йиллар давомида инсониятнинг табиатга етказиб келаётган кичик зарарлари ҳосиласи ётади.

Натижада айни вақтга келиб атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик масалалар бутун дунёда глобал муаммога айланиб бормоқда. Шу боис, бугунги кунда инсоният олдида экологик муаммоларни юмшатиш масалалари кўндаланг бўлиб турибди. Бу борада нафақат дунё мамлакатлари, балки нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам бонг урмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ўнтадан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшамоқда. Олимларнинг фикрича, дунёдаги барча ўлимларнинг 15 фоизи ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ.

Шунингдек, сўнгги 5 йил инсоният тарихида энг иссиқ йиллар сифатида қайд этилган. Афсуски, кейинги 5 йилда ҳам глобал ўртача ҳароратнинг янги рекордлари кутилмоқда. Иқлим ўзгариши экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, минтақада, айниқса, Оролбўйи ҳудудларида экологик вазиятнинг кескинлашувига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши туфайли кўплаб экотизимларнинг заҳиралари деярли бутунлай тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутмоқда. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси 2018 йилда БМТнинг “Иқлим ўзгариши тўғрисида”ги ҳадли конвенцияси ­ Париж битимини ратификация қилди.

Мазкур битимнинг ратификация қилиниши Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан, грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш кабилар шулар жумласидандир.

Яна бир муҳим масала, 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинган ҳолда, мамлакатимиз раҳбарининг бу ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 24 август куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, олдимизда турган муҳим бўлган, ижроси кечиктириб бўлмас бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Айтиш жоизки, ҳар бир дарахтнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар беқиёс эканини ҳаво хароратини кескин ошиб кетиши ва ифлосланиш оқибатида нафақат инсониятга, қолаверса, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Шунга қарамай мамлакатимизда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари ҳали-ҳануз давом этиши ачинарлидир.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш борасида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий этилган эди. Кейинчалик ушбу мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилиб, мамлакатимиз ҳудудида ўтган 6 ойда 316 минг дона қимматбаҳо дарахтларни асраб қолишга эришилди.

Лекин ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган. Шу боис, ушбу ҳолатларни олдини олиш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиб, унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилмоқда.

Республикамизда экологик муаммолар ва атроф-муҳит муҳофазасидаги лоқайдликларга барҳам бериш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштирокининг фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш Ўзбекистон Экологик партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг бош мақсадидир.

Экологик партия соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштириш, жумладан, Экологик кодексни қабул қилиш ғоясини илгари суради. Айни вақтда эса фракция аъзолари маиший ва саноат чиқиндиларини тартибга солиш, улардан иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун устида иш олиб бормоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларни бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Шу нуқтаи назардан, бутун жамиятимизда экологик масалаларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, экологик маданиятни юксалтиришда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур.

 

Наврўзбек ЮСУПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Экологик партия фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 103

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими