Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Матонатли инсонлар ёшларни ибрат олишга ундайди

Матонатли инсонлар ёшларни ибрат олишга ундайди

Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг сабр-тоқати, матонати, жасоратига қойил қоласиз. Бошига тушган мусибатни енгиб ўтиб, олға интиладиган, ён-атрофга, дунёга муҳаббат билан қарайдиган, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қиладиган бундай кишилардан ҳар қанча ибрат олса арзийди.

Паралимпиячиларимиз бунга яққол намуна. Бутунжаҳон спорт байрами – олимпиада ўйинлари ҳар йили минглаб спортсеварлар диққатини ўзига жалб қилади. Спортчилар учун энг юқори чўққи ҳисобланган олимпиада мусобақалари иштирокчилардан жиддий тайёргарлик, катта тажриба ҳамда маҳоратни талаб этади. Бу чўққини забт этиш эса ҳар бир спортчи учун шараф, улкан муваффақият, машҳурлик олиб келади.

Олимпиадага ёндош бўлган яна бир халқаро мусобақа – паралимпияданинг шуҳрати ҳам асло кам эмас. Имконияти чекланган спортчилар учун махсус ташкил этилган бу мусобақанинг қатнашчилари икки карра маҳорат, тажриба ва матонат эгалари саналади. Жорий йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган Паралимпияда мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари улкан ютуқларни қўлга киритди.

Улар юксак матонат ва маҳорат кўрсатиб, 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлиши, эътиборлиси шу 19 та медалнинг 11 тасини спортчи қизларимиз қўлга киритгани албатта, юртимизда спортчиларни тайёрлаш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётгани намунасидир. Сабаби Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги эзгу ишларда дастуриламал бўлмоқда.

2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши инсонларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга муносабатини ўзгартириш, жамиятда уларнинг тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш ўзбекистонлик имконияти чекланган спортчиларнинг натижаларида ҳам акс этмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида намоён бўлди. Айниқса, имконияти чекланган инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу ишлар имконияти чекланган кишилар беэътибор эмасликлари, улар учун барча қатори имконият яратилганининг далили сифатида яққол намоён бўлмоқда.

Олимпиада қатори паралимпия ўйинларига ҳам пухта тайёргарлик учун барча шароитлар яратилди. Шунинг баробарида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизга автомашиналар ва пойтахтимиздан квартиралар ажратилди. Президент фармонига мувофиқ, барча иштирокчилар ва уларнинг мураббийлари пул мукофотлари билан тақдирланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашув давомида эришилган натижаларни мустаҳкамлаб, янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига ҳозирданоқ аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этиш таклифини билдирдики, бу ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Паралимпиячиларнинг ҳаётини, ютуқ ва зафарларини кенг тарғиб қилиш жуда муҳим. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшлар қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятдаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 111

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...

Тадбирлар тақвими