Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жон қадар ардоқли, иймон қадар қадрли

Жон қадар ардоқли, иймон қадар қадрли

Не бахтки, Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан Янги Ўзбекистоннинг бугунги нуфузи, мавқеига мос равишда нишонладик. Истиқлолнинг халқимизга берган бебаҳо неъматлари қадрини қалбан ҳис қилдик. Дарвоқе, Ватанимиз мустақиллиги шу мамлакатда яшовчи ҳар бир фуқаро учун, шу юрт тақдирига, келажагига ўзини дахлдор деб билган ҳар бир инсон учун жон қадар ардоқли, иймон қадар қадрлидир.

Зеро, 30 йил мен учун Ўзбекистонимиз тарихининг энг фараҳбахш онлари, орзулар, армонлар рўёбига гувоҳ бўлган шонли йилларимиз ва машаққатли йўлларимиз бўлиб қолади. Бу даврда қадимий ва навқирон Ўзбекистон кўз ўнгимизда оёққа турди, тикланди, юксалди. Бу муддатни агар инсон умрига менгзасак, одамзод улғайиш поғонасининг тоғни урса талқон қилгудек, энг серунум палласи, йиллар давомида олинган билимларни соҳаларга татбиқ этишга ғайрат билан киришган мустақиллик боласининг ўрта ёшлилар қаторига қўшилаётган давридир.

Элимизни тафаккур қуллиги, фикр қарамлиги, имон заифлигидан асраган йилларда ҳар биримиз ватанимизни ўзимиз учун қайтадан кашф этдик. Давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар бугун ҳам жадаллик билан амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган янги сиёсий ташаббуслар бугун халқаро даражада тан олинмоқда. Жамиятда янги сиёсий муҳит шаклланмоқда.

Шу ўринда савол туғилади. Бу савол ҳар бир юртдошимизнинг шу улуғ сана арафасида ўзига тез-тез берадиган анъанавий саволи десам, хато бўлмайди назаримда. Бугун мен “Истиқлол туфайли тақдиримда қандай ўзгаришлар бўлди?”, “Мустақиллигимизни мустаҳкамлашга мен қандай хисса қўшдим?” каби саволларга жавоб излаётган бехаловат инсонлар қаторидаман. Чунки мустақиллик куни мен учун Ватан олдида ҳисобдорлик куни, ўзимни сарҳисоб қиладиган кун!

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан мамлакатимиз раҳбари иштирокида ўтган тантанали маросимни кузатар эканман, чорак асрга яқинлашиб қолган меҳнат фаолиятимни бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказдим. Ушбу даврнинг тенг ярмини ёшлар ташкилотларидаги, қолган ярмини парламентдаги фаолиятим ташкил этадиган бўлса, мустақиллигимиз шарофати билан университетда олган билимим, Президент академиясида орттирган кўникма ва тажрибам асосида, устозларимнинг панду-насиҳатлари, кўрсатмаларига таянган ҳолда зиммамдаги вазифаларни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилдим, дейишдан бошқа жўяли гап айта олмадим. Шу камтарона меҳнатим Президентимиз Фармони билан Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган кўплаб юртдошларимиз қаторида эътироф этилганидан кўксим осмон қадар юксалди, чексиз қувонч, ҳаяжонни ҳис қилдим. Буни сўз билан таърифлашга ожизман!

Шу аснода ўзимни яна саволга тутдим? Бундай юксак эътирофга муносиб бўлиш учун нима иш қилдим?!

“Содиқ хизматлари учун” медалини кўксимга қадар эканман, бир нарсага амин бўлдим, яъни, ушбу мукофот нафақат менинг, балки парламентда фаолият олиб бораётган ҳар бир ҳамкасбимнинг, мени қўллаётган жамоанинг, узоқдаги яқинларим — сайловчиларимнинг меҳнатлари эътирофидир. Мен бу мукофотни келгуси фаолиятим давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ватанимиз қудратини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида бор билим ва тажрибамни сафарбар этган ҳолда икки карра шижоат билан меҳнат қилишга даъват сифатида қабул қилдим.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни бунёд этиш, юртимизни чин маънодаги демократик мамлакатга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилиш олдимизда турган устувор вазифадир.

Жуманазар ОТАЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби


Кўришлар сони: 81

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...

Тадбирлар тақвими