Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси

Юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси

Халқимизда бола — пошшо, деган нақл бор. Шу сабабли ҳар бир бола оилавий муҳитда, фаровонликда яшашга ва тарбияланишга ҳақли. Боланинг биргина табассуми дунёни бахтга, қувончга тўлдиради. Унинг кўзларига, беғубор нигоҳига боққанингда, дунё ташвишларини унутасан, киши.

Айниқса, болажонларнинг шўх-шодон  кулгулари, хурсандчиликларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Агар унинг қалби дарз кетса, уни ҳеч қандай давлат ёки бойлик билан бутлаб бўлмайди. Бундай болаларнинг ўзига, эртанги кунига ишончи йўқолади, қалби ўксийди.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, жумладан, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилгани, меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминлангани кўплаб ёшларнинг кўнглига малҳам бўлмоқда.

Лекин шунга қарамай, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини амалда рўёбга чиқариш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. "Меҳрибонлик уйи"ни битирган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, таълим олиши ва бандлигини таъминлаш борасида яхлит тизим шакллантирилмаган.

Эндиликда меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқилиб, 14 ёшдан юқори ўғил-қизларни энг талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилиши айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳеч қачон ўз болаларини ташлаб қўймаслигини, инсонпарвар мамлакат эканлигини яна бир бор намоён этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг таълим-тарбияси, уй ва иш билан таъминланиш даражаси таҳлил қилиниб, бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 17 фоизи чин етимлар, қолган 83 фоизи эса ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ҳисобланади. Бундай оилаларга моддий ёрдам бериш орқали аксарият болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш мумкин.

Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланиши, бунда болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилиши эса кўплаб болажонлар қалбига чароғонлик,  оиласига  шоду хуррамлик бахш  этди. “Темир дафтар”га кирган оилалар фарзандлари, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилиши аминманки, минглаб қалбларда эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади.

Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирилиши, 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга  янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилиши, бунинг учун жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилиши Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро давлатнинг эътиборида эканлигидан далолатдир.

Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилиши, бундай талабаларга пенсия тўлаш муддати амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилиши, уларга зарур адабиётлар сотиб олиши учун ҳар йили бир марта 1 миллион 200 минг сўм субсидия берилиши эса очиғи, тарихда бўлмаган.

Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва даволаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши, бундай болаларни зарур тиббий восита ва аравачалар билан таъминлаш, жарроҳлик операциялари ўтказиш, имплантант ва протез ўрнатиш учун қўшимча маблағ ажратилиши мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарор, деб ҳисоблайман. Яратилаётган имкониятлар эса одамларнинг кайфиятини кўтарди, ҳар бир фуқарога беқиёс куч-қувват бағишлади. 

Хулоса қилиб айтганда, ота-она меҳридан маҳрум ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни орзу-умидларини рўёбга чиқариш кечиктириб бўлмас вазифалардандир. Шу жиҳатдан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум, кўнгли ярим болаларни қўллаб-қувватлашдек амалий ишларга барча бирдек ёндашиши керак. Зотан, ҳар бир бола эътибор ва меҳрдан куч олиб яшайди.

 

 

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 131

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими