Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қўмита фаолияти сарҳисоб қилинди

Қўмита фаолияти сарҳисоб  қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида жорий йилнинг 6 ой якунлари кенг муҳокама қилинди.

Қўмита шу йилнинг биринчи ярми давомидаги фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси иш режалари ва дастурларида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофазалаш, бандликни таъминлаш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш каби муҳим йўналишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга устувор аҳамият қаратди.

Қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 3 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлиб, ҳозирга қадар улардан 2 таси қабул қилинган бўлса, 1 таси иккинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланмоқда.

Ҳисобот даврида қўмита томонидан жами 59 та йиғилиш, қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича 57 та ишчи гуруҳ, 11 та экспертлар гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Шунингдек, 7 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, шундан 2 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 4 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 1 таси эса қўмита қарорининг ижросини мониторинг қилишга бағишланди.

Шунингдек, қўмита томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, давлат дастурларининг ижроси ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан жорий йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусановга «Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги парламент сўрови юборилди.

Эътиборга молик жиҳати, қўмита фаолиятида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш, улар юзасидан қонуний чоралар кўришга ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратилди. Ўтган даврда қўмитага келиб тушган 451 та мурожаат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Жойлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида, самарали ҳал этиш мақсадида қўмита аъзолари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари номига 46 та депутат сўрови юборилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Қонунчилик палатаси ҳамда унинг қўмиталари номига йўлланаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳиятида аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади. Хусусан, бугунги кунда уларнинг таркибида амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлар салмоғи ортиб бораётир.

Бинобарин, ҳисобот даврида фуқаролардан 2 та кодекс ва 13 та қонун ҳужжатига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Уларда Меҳнат кодексига, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича асосли фикрлар баён этилгани қувонарлидир.

Ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан қўмита номига келган жами 75 та мурожаатга ижобий ечим топилди. Масалан, Бухоро шаҳрида яшовчи М.Мавлонованинг ер ва мулк солиқлари бўйича йўллаган аризаси ижобий ҳал қилинган бўлса, “Матлюба-Махлиё” МЧЖнинг ер ва мулк солиқлари бўйича қайта ҳисоблаш натижасида 2 954,2 минг сўм солиқ қарзи имтиёзли тарзда камайтирилди.

Шу билан бир қаторда, қўмита аъзолари томонидан турли масалалар юзасидан 412 нафар фуқаро қабул қилиниб, юзма-юз мулоқотлар давомида улардан кўтарилган 521 та муаммонинг 207 таси ижобий ҳал этилди, 314 таси кўриб чиқилиши учун тегишли давлат органларига юборилди.

Мисол учун, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи муқаддам судланган, ЖИЭМдан озод этилган фуқаро И.Солиевга туман “Агробанк”идан 10 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағини олишда амалий ёрдам берилди. Натижада унинг бандлиги таъминланиб, паррандачилик йўналишида ўз иш фаолиятини йўлга қўйди.

Мирзаобод тумани, Навбахор МФЙда яшовчи Ҳулкар Эралиеванинг уй-жойи Сардоба сув омбори талофати натижасида бузилгани сабабли фуқарога кўп қаватли уйлардан 1 дона хонадон берилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, фуқаронинг оила аъзолари сони кўплигини инобатга олиб, қўшимча 2 хонали уй ажратилишида амалий ёрдам берилди.

Қўмита аъзолари ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиб, уларни бартараф қилиш юзасидан тегишли ташкилот ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида ҳал қилиш чора-тадбирларини кўрдилар.

Тадбир якунида қўмитанинг жорий йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси атрофлича муҳокама этилиб, бугунги кундаги мамлакат ҳаётида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларга ҳамоханг тарзда такомиллаштирилиб, қабул қилинди.

 

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 113

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими