Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Фуқаролар саломатлиги ҳар нарсадан устун

 Фуқаролар саломатлиги ҳар нарсадан устун

Инсоннинг орзу ҳаваслари кўп. Уй қурсам, тўй қилсам дейди. Елиб-югуради, яхши яшашга интилади, турмуш ташвишларига ғарқ бўлади. Шу тариқа баъзан соғлиғини ҳам ёддан чиқариб қўяди. Кеча ўзи ва соғлиғи пул топиш учун чопган бўлса, бугун ўзи ва маблағи соғлиғини топиш учун чопади. Айтмоқчи бўлганимиз – саломатлик энг улуғ неъмат. Хасталик тўшагида ётган одам эса ҳар ердан нажот излаб қолади. Ана шу пайтда унга ёрдам қўлини чўзиш – энг катта яхшилик, энг улкан савоблардан саналади.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу ҳужжат жорий йил Давлат дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга имконият яратиш, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизикли аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 – 2022 йиллар давомида белгиланган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади. Қайд этиш зарурки, ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудлардаги 13 та филиали томонидан аҳолига юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 35 та марказнинг ташкил этилиши эса шошилинч тиббий ёрдамни қишлоқ аҳолисига яқинлаштиришга, уни ўз вақтида кўрсатиш орқали фуқаролар ҳаётининг сақлаб қолинишига имкон яратилади.

Марказларнинг асосий вазифалари сирасига “олтин соат” тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш, бириктирилган туман ва шаҳарлар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш сингари вазифалар киритилди.

Марказларга ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий шифо ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади, ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади. Шунингдек, уларга туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини молиялаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар татбиқ этилади. Марказларни молиялаштириш республика бюджети ва маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, қарор билан тасдиқланган 2021–2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш чора-тадбирлари дастурига биноан, 6–23 ойлик болаларни уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан,  2–10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан,  6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни – “А” витамин билан,  ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар, 3–15 ёшдаги болаларни йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни поливитамин темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш учун 2021–2023 йилларда Давлат бюджетидан 264,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилаяптики, бу ҳам юртимизда оналар ва болалар саломатлигига эътибор яна ҳам кучайганидан далолат беради.

Шу билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ ёрдамини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси қабул қилинди. Мазкур режага кўра, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг умумий ўринлар фонди ҳисобидан нефрология ва гемодиализ бўлимларини 50 ўрингача етказиш, диализ аппаратлари ва сарфлаш воситаларини харид қилиш, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда айниқса, гемодиализ ёрдамига бўлган эҳтиёжни инобатга олганда, ушбу ғамхўрлик минглаб беморлар жонига оро кириши аниқ.

Қарорда кўзда тутилган масалаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва маҳаллий давлат ҳокимияти масъулларига вазифалар юклатилди. Ҳисоб-китобларга кўра, қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2021–2023 йилларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 463 миллиард сўм ҳамда халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 37,7 миллион доллар харажат талаб этилади. Албатта, бу анчагина салмоқли рақамлар. Лекин инсон соғлиғи ҳар қанча маблағдан устун туради. Зотан, давлатнинг куч-қудрати ҳам ўз фуқаролари саломатлигига бефарқ эмаслигида намоён бўлади.

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш

масалалари қўмитаси аъзоси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 107

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими