Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Марказий ва Жанубий Осиё: экологик таҳдидлар ва имкониятлар

Марказий ва Жанубий Осиё: экологик таҳдидлар ва имкониятлар

Ўзбекистон 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга мезмонлик қилди. Унда дунёнинг 44 давлатидан иккита олий ва юқори даражали делегация, 15 та парламент делегацияси, 37 та давлатнинг ташқи ишлар вазири, 180 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Халқаро анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақадаги таҳдидлар ва имкониятлар, барқарор ривожланиш бўйича 10 та асосий ташаббус илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар ичида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига, иқлим ўзгаришига мослашиш, минтақада “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, келгусида Орол денгизи қуриши каби муаммоларга йўл қўймаслик ҳамда БМТ билан ҳамкорликда ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугун Марказий ва Жанубий Осиёда 2 млрд. аҳоли яшайди. Ушбу аҳолининг аксарият қисми арид ҳудудларда яшашини инобатга олган ҳолда авваломбор трансчегаравий сув объектларидан халқаро меъёрлар асосида самарали фойдаланиш, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш лозим бўлади.

Давлат раҳбари форумдаги нутқида, жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб, тан олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Айтиш жоиз, бугунги кунда иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида минтақадаги аксарият давлатлар томонидан Париж Битими қабул қилинган. Янги келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам атмосфера ҳавосига турли зарарли ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиш белгилаб қўйилган.

Зеро, экологик муаммолар ижтимоий-ғоявий ва ҳудудий чегара билмайди, уларнинг олдини олишда ягона самарали йўл дунё халқлари, барча миллат ва элатлар эътиборини табиат ва жамиятдаги номутаносиблик ҳамда унинг кун сайин кескинлашиб бораётганлигига қаратиш лозим.

Шу маънода, таъкидлаш жоизки, бугун Марказий ва Жанубий Осиё давлатларида саноатлаштиришнинг жадаллашиб бориши ва аҳоли сонининг кескин ортиб бориши ҳамда иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада ошиши жараёнларида “яшил иқтисодиёт” принципларини ривожлантириш нафақат маълум бир давлатни, балки бутун минтақани барқарор ривожлантириш имкониятларини беради.

Жаҳонда “яшил” технологияларни яратиш ва сотиш бозорларининг ҳар йили 30 фоизга ўсаётганлиги ва жаҳон ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси йилига 6-7 фоизга қадар ортаётганлиги кузатилиши баробарида, мамлакатимизда экологик тоза асбоб-ускуналар бозорини ривожлантиришга ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келгусида минтақадаги барча давлатлар томонидан саноат корхоналарни “яшил” технологияларга ўтишини рағбатлантиришга қаратилган иқтисодий ва молиявий рағбатлар тизимининг жорий этилиши нафақат мамлакатлар иқтисодиётини, балки минтақада барқарор экологик муҳитни сақлаб қолиш имконини яратади.

Қишлоқ хўжалигида агроинновацияларни татбиқ этиш соҳасига доир концепция ишлаб чиқиш, ресурс тежайдиган ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида “Яшил белбоғ” дастурини қабул қилиш бўйича билдирган таклифи диққатга сазовордир. Минтақада иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил технологияларни жорий этиш масалалари илгари сурилди.

Маълумки, бугунги кундаги долзарб масалалардан бири озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир. Яқин келажакда, яъни 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолиси сони 9,8 миллиардга етишини инобатга олсак, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инсоният олдида турган ва ечимини кутаётган кескин муаммога айланиши ҳеч кимга сир эмас. Агар, рақамлар таҳлил қилинганда бугунги кунда сайёрамизда 2,5 млрд. гектар ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилаётган бўлса, келгусида қарийиб 10 млрд. аҳолини истъемолини қондириш учун ҳосилдорликни 70 фоизга ошириш талаб этилади.

Боз устига иқлим ўзгариши, чўлланиш ва қурғоқчиликнинг кўчайиши натижасида ҳар йили жуда катта майдонлар қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетмоқда. Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда давлатимиз раҳбарининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни татбиқ этиш соҳасига доир концепцияни ишлаб чиқиш бўйича таклифи нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиё сув ресурсларининг қарийб 90 фоизини қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Ачинарлиси, айрим ҳудуд ва минтақаларда ҳали ҳамон суғоришнинг эскирган, самарсиз усулларидан фойдаланилмоқда. Ана шундай шароитда, аграр соҳада алоҳида маҳсулотларни етиштиришда замонавий, экологик тоза ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш трансчегаравий сув ресурсларини халқаро меъёрлар асосида фойдаланишга имкон яратади. Бунда айрим давлатларнинг илғор тажрибаларини жалб этишни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари форумда яна бир бор аллақачон минтақавий доирадан чиқиб глобал тус олган Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун барча ҳаракатларни бирлаштириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада БМТ шафелигида Оролбўйи минтақасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун кўп шериклик асосидаги траст фондининг ташкил этилиши юқори баҳоланди.

Дарҳақиқат сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Оролбўйидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, Орол денгизи қуришининг минтақа аҳолиси генофондига, биологик хилма-хиллигига, экологик тизимнинг бир бутунлига салбий таъсирини камайтириш борасида миқёси жиҳатдан улкан ишлар амалга оширилганлиги нафақат маҳаллий, балки хорижий экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

Эътироф этиш жоизки, сўнги йилларда Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 млн ер майдонида ўрмонлаштириш ишларининг хамда “яшил худудлар” ва “яшил белбоғ”ларнинг барпо этилиши нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, балки минтақа давлатлари манфаатлари учун хам хизмат қилишини унутмаслик керак.

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдори. Минтақанинг барча давлатларида туризмнинг барча йўналишларини, хусусан зиёрат ва экотуризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд.

Бугунги кунда минтақада ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектларни ва мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ушбу ҳудудлар умумий майдонини кенгайтиришда давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли қўшни давлатлар ҳамкорлигида давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш имкониятлари мавжуд.

Юртбошимиз томонидан форумда илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш лозимлиги, Термизда ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказиш таклифи берилди.

Умуман мозийга назар ташласак, узоқ ўтмишдан муқаддас заминимизда яшаган улуғ аждодларимиз бундан кўп асрлар илгари ҳозирги замонавий илм-фанга пойдевор қўйиб, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшишган. Зеро, ғарбда “Нур Шарқдан таралади” деган иборанинг пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас, албатта. Буюк бобокалонларимиздан қолган илмий-маънавий мерос Шарқ уйғониш даврининг дурдоналари мақомида дунё аҳли томонидан ҳақли равишда тан олинган. Айниқса, Марказий Осиё ўрта асрлар илмий-маданий марказларидан бири сифатида бошқа минтақалардаги Ренессанс жараёнига ижобий таъсир кўрсатгани жаҳон илм-фанида ўз тасдиғини топган.

Давлатимиз раҳбари томонидан форумда билдирилган таклифларни аниқ дастур ва лойиҳаларга айлантириш орқали амалга ошириш ҳамда мазкур форумни ҳар йили ўтказиш таклифи илгари сурилди. Мазкур таклифлар форум иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган юқори даражали халқаро конференция Марказий ва Жанубий Осиё халқлари тараққиёти ва тинчлиги учун муҳим таклиф ва мулоҳазалар ҳамда тажрибаларини конструктив муҳокама этиш ва ўзаро фикр алмашиш учун халқаро платформа вазифасини ўтайди.

 

         Ислом ХУШВАҚТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 164

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.09.2021
Хитой – Марказий Осиё:Ягона тақдир жамиятини шакллантиришда қонунчилик органларининг роли

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари билан биргаликда “Хитой ...

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

Тадбирлар тақвими