Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қачонгача монополларга емаган сомса учун пул тўлаймиз?

Қачонгача монополларга емаган сомса учун пул тўлаймиз?

Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Башарият ҳаёт тарзини яхшилаш ўзи учун қулай шароит яратиш мақсадида кўплаб ихтиролар кашф этди. Агар XIX ёки XX асрнинг биринчи ярми билан таққослайдиган бўлсак, турмушимизда нечоғли катта ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Бугун биз ҳаётимизни ичимлик суви, электр, табиий газ, жамоат транспорти, мобил алоқа ва интернетсиз тасаввур қила олмай қолдик. Булар албатта тараққиёт меваси!

Лекин ушбу хизматларни етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатлар талабга жавоб берадими, адолатлими?

Сир эмас, бизда асосий коммунал хизматлар монопол ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Истеъмолчида танлаш имконияти йўқ. Агар бу ташкилотлар истеъмолчининг манфаатларига ҳурмат назари билан қараса, ҳуқуқларини поймол қилмаса, хизматидан рози бўлинса, майли эди. Аммо, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр соатлаб эмас, кунлаб ўчирилса, табиий газ ёки суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларга изоҳ шарт бўлмаса, аҳоли ичмаган суви учун пул тўлашга мажбур бўлса, телефон алоқасида ҳам ғазабни келтирадиган ҳолатлар етарли бўлса-ю, улар устидан чора кўришнинг самарали қонуний асоси бўлмаса, нима қилиш керак?

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқсак, кўрсатиладиган барча коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар тўлиқ қайта кўриб чиқилиши шарт. Чунки унга юридик ҳужжат мақоми берилиши, унда томонларнинг ҳуқуқ ва масъулияти аниқ кўрсатилмаса, яна электр таъминоти учун тўловни 5 кунга кечиктирган фуқаро жарима тўлайди ёки таъминотдан узиб қўйилади. Лекин ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр таъминоти тўхтатилса ёки кучланиш ортиб кетгани сабабли хонадонлардаги электр асбоблар ишдан чиқса таъминотчига чора кўришнинг имкони йўқ.

Адолатли шартномада албатта истеъмолчи ва таъминотчининг аниқ манзил ва боғланиш имкони, кўрсатиладиган хизмат тури, ҳажми, сифати, ўлчов асбобларининг ким томонидан қандай тартибда, қандай муддатда назорат қилиниши, кўрсатилган хизматлар учун тўлов шартлари ва миқдори, ҳар иккала томондан шартноманинг бирор моддаси бажарилмаган тақдирда кўриладиган чора ҳақида аниқ маълумотлар киритилиши шарт.

Рақамли иқтисодиёт бутун дунёни эгаллаётган даврда яшамоқдамиз. Ҳар биримизнинг олишимиз зарур бўлган ва бизга кўрсатилган коммунал хизмат ҳажми очиқ бўлмас экан, фуқароларимизнинг электр тармоқлари ёки газ таъминоти корхоналарида компьютер олдида ўтирган ёшгина ходимларга ялинишларини кўришга, корхона мутасаддиларининг кўрсатмалари асосида ҳисоб рақамларимизга ўзлари хоҳлаган рақамларини киритишларига гувоҳ бўлаверамиз.

Халқ демократик партияси аҳолига сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш, энг муҳими, бу борада ижтимоий адолат тамойилларига қатъий риоя қилинишини ҳукуматдан талаб қилади.

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 753

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2022
Депутатлар устувор вазифаларни белгилаб олдилар

2022 йил 4 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...

03.07.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида»ги Фармонини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига ва «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги...

02.07.2022
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклифлар берилди

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шарофиддин...

Тадбирлар тақвими