Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ташланган яна бир муҳим қадам

Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ташланган яна бир муҳим қадам

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига қараганда, пандемия сабаб бўлиб, дунё бўйича 100 миллиондан ортиқ одам ишсиз қолди. Натижада ўтган йили 22 йил ичида илк бор қашшоқлик даражаси кескин ўсди. Яъни, 176 миллион киши қашшоқлар қаторига қўшилди. Катта иқтисодий зарар кўрган давлатлар ҳамон ўзини тиклай олмаяпти. Аксарият мамлакатлар пандемиядан жабр кўрган аҳолисини ижтимоий ҳимоя қила олмаяпти.

Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам пандемиядан кам зарар кўрмади. Юзлаб, минглаб корхоналар фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатишга мажбур бўлди. Ўтган йилнинг учинчи чорагида ишсизлик даражаси 15 фоизга кўтарилди. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда пандемия асоратларини камайтириш бўйича ўз вақтида самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўрта ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар турли солиқ ва мажбурий тўловлардан бутунлай ёки қисман озод этилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ишсиз фуқароларга ёрдам бериш, янги иш ўринларини яратиш энг устувор вазифага айланди ва бу пандемия билан боғлиқ салбий кўрсаткичларнинг пасайишига ёрдам берди.

Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фаоллашмоқда. Президентимизнинг ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятларга қилаётган сафарларида ҳам асосий эътибор ишсизликни камайтириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилмоқда. Деярли ҳар бир селектор йиғилишларида ушбу масала муҳокама қилиняпти. Жумладан, давлатимиз раҳбари раислигида 8 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам шу масалада бўлди.

Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг асосий манбалари қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, савдо ва сервис соҳаларидир. Масалан, магистрал йўллар бўйида савдо ва хизматларни йўлга қўйиш, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар ташкил этиш орқали 150 мингта иш ўрни яратиш мумкин.

Аҳоли бандлигини таъминлашдаги яна бир катта захира – ер. Шу йил январда ёшларга экин майдонларидан ер ажратилгани яхши натижа берди. Энди Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинади. Бунинг учун жорий йилдан бошлаб қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилади. Пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна 100 минг гектар ер ажратилади.

– Ёшларга ер берилиши тажриба бўлган эди. Энди катта тизимга ўтяпмиз. Ерни ҳақиқий эгасига – халққа берамиз. Ҳокимлар, сектор раҳбарлари қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериши зарур. Берганда ҳам, манфаатдор қилиб, адолатли ажратиш керак. Бу юз минглаб одамларимизни иш билан, даромад билан таъминлайди, – деди давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Маълумки, ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо ва коррупциялашган жараён эди. Шу боис, 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда белгиланганидек, энди тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади. Ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.

Албатта, аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш масалаларида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда ер муносабатларини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган Фармон бу борада узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз. Эндиги вазифа бу борада белгиланган топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида ва тўла ижро қилинишини таъминлашдир. Бунда биз депутатларга ҳам катта масъулият ва ишонч билдирилмоқда.      

Аҳмаджон ҒАНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 73

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими