Cайт ранги: A A


Депутат фикри

“Шаҳидлар хотираси” кўнгилочар маскан эмас

“Шаҳидлар хотираси” кўнгилочар маскан эмас

Ҳар миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам бўлмоғи лозим. Айни шу мақсадга хизмат қилувчи “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияловчи масканга айланиши шарт.

Албатта, ушбу ҳудуднинг янада ободонлаштирилиши Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади. Бу мўъжаз масканга ташриф буюрган ёшларимиз, хорижлик сайёҳлар шу пайтгача етарлича тадқиқ қилинмаган ҳақиқатларини англаб етиши муқаррар.

Аммо кейинги вақтларда қурилиш вазирлигининг «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларни келтириб чиқарди ва бу бежизга эмас. Чунки Бўзсув соҳилида барпо этилган хотира мажмуаси ҳудудида шўроларнинг шафқатсиз зулм ва зўравонлик сиёсати қурбонига айланган юзлаб, минглаб ватандошларимиз, халқимизнинг не-не асл фарзандлари отилган, бекафан, бежаноза кўмиб юборилган.

Бироқ шу ўринда хотирлаш мажмуасида велойўлаклар, велопрокат, амфитеатр, дўконлар, кафе, автотураргоҳ қурилиши қанчалик тўғри? Шу ва шу каби саволлар кишини ўйлантириб қўяди. Ахир, номи ва мақсадидан ҳам кўриниб турибди, бу ер шаҳидлар хиёбони. Бундай масканда одамлар яйраб, ҳордиқ чиқариши, тамаддихоналарда ўз вақтини ўтказиши бу жойнинг ҳурмати ва мавқеини ерга уриб қўяди-ку!? Бу ерга келганлар аввало шаҳид боболаримизнинг руҳига Қуръон тиловат қилиб, хотирасини ёд оладилар. Бир оз тин олиб, ўша машъум тарихни бир-бир кўз олдига келтиради, бугунги осойишта кунларимизга шукроналар келтиради. Тинчилигимизнинг қадрига етадилар. Яъни, бу маданий эмас, инсон маънан, руҳан озуқа оладиган, тарихни ўрганадиган маскандир.

Назаримизда, ушбу мажмуани Президентимиз ташаббуси билан алоҳида эътибор қаратилаётган зиёрат туризм масканига айлантириш ҳамда бу ерда динимиз аҳкомларига мувофиқ зиёратчиларга замонавий шарт-шароитларни яратиш мақсадга мувофиқдир.

Миллий ўзликни англаш тарихни ўрганишдан бошланади. Тарихий масканлар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, сақлаш, асраш, миллий-маънавий тикланиш, бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, уларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва анъаналарга чуқур ҳурмат, эҳтиром уйғотиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифалари ҳисобланади. Шу маънода, партиямиз фаоллари «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ҳудудида дўкон, кафе, кўнгилочар марказлар қурилишига қарши. Бу борадаги ҳар қандай қарор жамоатчилик розилигисиз амалга оширмаслиги керак.

Миллий маданиятимиз ва тарихимизни тарғиб қилувчи бу масканнинг реконструкцияси билан боғлиқ ҳар бир жараён партиямиз депутатлари ва фаолларининг эътиборидан четда қолмайди. Тегишли вазирлик ва идоралар жамоатчилик, зиёлилар билан бу масалани жиддий муҳокама қилиб, тўғри қарор қабул қилишига умид қиламиз.

 

Муборак АҲМЕДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

 


Кўришлар сони: 94

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...

Тадбирлар тақвими