Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилади

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилади

Ўзбекистон “Адолат” СДП 2019 йилги сайловолди дастурида Ўзбекистонда “ақлли бино, ақлли шаҳар” концепциясини кенг жорий этиш, ушбу концепция доирасида энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар кўлами ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш каби ташаббусларни илгари сурган эди.

Шунингдек, партия ўз сайловолди дастурида уй-жой коммунал хизматлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг оптимал тариф ва қийматларини белгилайдиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уй-жой коммунал хизматлар соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, соҳага йўналтириладиган маблағларнинг самарали ва оқилона сарфланиши устидан таъсирчан депутатлар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишни назарда тутган эди.

Ўтган вақт давомида кўп квартирали уйларда яшовчи юртдошларимиз томонидан уй-жой мулкдорлари ширкатларининг хизмат кўрсатиш фаолияти яхши йўлга қўйилмаганлиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги юзасидан қилган мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.  Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан бир неча бор Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти таҳлил қилиниб, маҳаллий Кенгашлар сессияларида ва Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида кўриб чиқилди. Ўрганишлар натижаси юзасидан тегишли таклиф ва тависиялар берилиб уларнинг ижроси назоратга олинди.

Куни кеча Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг давлатимиз раҳбарига кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимотида эса соҳадаги йиллар давомида фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ечимига оид бир қатор таклифлар билдирилди.

Вазирлик маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 37 минг 402 та кўп қаватли уй, уларда 1 миллион 300 мингдан ортиқ хонадон бор. Бу уйларнинг 68 фоизига ширкатлар, 24 фоизига бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади, 8 фоиз уйлар эса мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди.

Жумладан, мавжуд 4 минг 430 та уй-жой мулкдорлари ширкатларининг атиги 1 минг 350 таси ёки 30 фоизининг фаолияти қониқарли тартибда йўлга қўйилган. Қолгани ўрта ва оғир шароитда фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўрганишларда аниқланишича, тўловлар бўйича тарифларнинг норентабеллиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Кўп ширкатлар ўз вазифасини бажармайди, бунинг учун уларда кадрлар етишмайди. Оқибатда хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Бадалларнинг тўлиқ йиғилмаслиги туфайли дебиторлик қарздорлиги ошиб кетган.

Сайловчилар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотлардаги соҳага оид энг кўп учраб келаётган эътирозлардан бири бу кўп квартирали уй-жойларнинг шошмашошарлик билан қуриб битказилиб, қурувчилар томонидан маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрига ўтказилиши ва янги уйларга кўчиб кирган хонадон эгалари бу уйлардаги носозликлар сабаб ўрта йўлда сарсон бўлишаётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бўлар эди.

Эндиликда, янги кўп квартирали уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлиши белгиланиб, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳам талаб этилмоқда.  Бу эса ўз-ўзида ҳар бир қурувчи ташкилотнинг ўз ишига бўлган масъулиятини оширади. Яъни, уй-жой фойдаланишга топширилгандан кейин икки йил давомида қурилиш билан боғлиқ аҳоли мурожаатлари қурувчи ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан бартараф этилиб, фуқароларнинг сарсонгарчилигининг олди олинади.

Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этилиб, уни 35 фоиз республика бюджети, 35 фоиз маҳаллий бюджет ва қолган 30 фоизи мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади. Бу маблағларнинг ўз вақтида мақсадли сарфланиши эса маҳаллий Кенашлардаги партия депутатларидан катта масъулиятни талаб этади.

Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида эса бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестри юритилиб, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисобрақам очилади. Уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудуди аниқ белгиланиб, мулкдорларга ҳисобот бериш тартиби жорий қилинади. Шу билан бирга ҳисоб-китоблар биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, кундан-кунга юртимиз чиройига кўрк қўшиб бораётган осмонўпар биноларнинг қурилиш сифати ошиб, ушбу уй-жойларга кўчиб келувчи минглаб оилаларнинг муаммо ва ховотирлари бартараф этилади. Кўп квартирали уйлар бошқарувида мукаммал ҳолатдаги яхлит тизим яратилади.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 169

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...

Тадбирлар тақвими