Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жорий йилда 457 127 та доимий янги иш ўринлари яратилади

Жорий йилда 457 127 та доимий янги иш ўринлари яратилади

Аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали янгидан-янги иш ўринларини яратиш, бунда эса инновацион ечимларда кенг фойдаланиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2019 йилги сайловолди дастуридаги устувор вазифалардан бири саналади.

Партия ўтган қисқа вақт давомида партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий кенгашлардаги 800 дан ортиқ депутатлари билан биргаликда аҳоли даромадини изчиллик билан кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда таҳлил қилиб, тегишли таклиф ва тавсилар ишлаб чиқди.

Шу билан бирга, партия “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган тамойилга таянган ҳолда жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятларга эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Жумладан, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантиришда 2017 йилдан бошлаб туман ва шаҳарларда секторлар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ҳамда 2020 йилдан аҳолининг ҳар бир қатлами билан манзилли ишлаш мақсадида йўлга қўйилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Куни кеча қабул қилинган “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Президентимизнинг қарори эса, аҳоли бандлиги таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадаорлигини янги босқичга олиб чиқиш, шу билан бирга 2021 йилда қариб ярим миллион аҳолининг доимий бандлигини таъминлашнинг аниқ молиявий кўрсаткичларини белгилаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарорда 2021 йилда 457 127 та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш, меҳнат органлари томонидан 513 575 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун 92,3 миллиард сўм субсидиялар ажратиш, 65,1 миллиард сўм ишсизлик нафақалари тўлаб бериш, 40,6 миллиард сўм касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатларини қоплаш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига 125 миллиард сўм ресурслар ажратиш кўзда тутилган.

Хусусан, икки ҳафта ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳудудий (манзилли) дастурлар ишлаб чиқилиб ушбу дастурлар тасдиқланиш учун маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритилиши белгилаб қўйилди. Аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳудудлар кесмидаги фаолиятининг бундай тартибда амалга оширилиш ўз-ўзидан халқ вакиллари бўлган депутатлардан улкан масъулият талаб қилади.

Юқорида партия ўз сайловолди дастурида аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, бандлигини таъминлашда инновацион ечимларда кенг фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратганлигини айтиб ўтган эдик. Жумладан, партия томонидан 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури муҳокамалари жараёнида иш билан банд бўлмаган ёшларнинг бандлигини таъминлашда ёшлар билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш таклифини берган эди. Мазкур таклиф Давлат дастурининг 164-бандида ўз аксини топди.

Бундай аҳоли бандлигини таъминлашдаги инновацион ёндашув қарорда ҳам белгилаб берилган бўлиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда олти ой муддатда “барча учун иш” тамойили асосида ишсизлар, айниқса, аёллар, ёшлар, талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун ишлар, масофадан туриб бажариладиган ишлар, уйда бажариладиган ишлар, касаначилик ишлари, фрилансерлик фаолияти, иш графиклари, талаб этиладиган малака даражаси, иш ҳақи миқдори ва бошқаларни акс эттирган “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга тушириш вазифаси юклатилган.

Хулоса қилиб айтганда, қарор билан 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастурида белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг ҳаётимизга жорий этилишининг ижтимоий-иқтисодий механизмлари яратиб берилди. Натижада, 500 мингга яқин юртдошларимизнинг доимий бандлиги таъминланиб, 500 мингдан ортиқ юрдошларимизнинг эса бандлигига кўмаклашилади.

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 143

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...

Тадбирлар тақвими