Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари янги босқичга кўтарилади

Азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари янги босқичга кўтарилади

Бугун ким билан учрашманг ёки суҳбатлашманг, барчанинг диққат-маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 31 март куни Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклидаги норасмий саммитида илгари сурган қатор ташаббусларига қаратилганининг гувоҳи бўласиз.

Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги янги Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида ҳам фаол ва самарали фаолият олиб бораётгани, яъни узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни тобора кенгайтираётгани, аввало Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатишга ҳаракат қилаётгани қўшни давлатлар раҳбарларининг эътирофига ҳам сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Қозоғистоннинг қарийб 1 асрдан буён фаолият юритиб келаётган ва 6 та тилда ахборотларни узатадиган “Kazinform” халқаро ахборот агентлиги мухбирининг “Садир Жапаров Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларига миннатдорчилик билдирди” сарлавҳали мақоласида таъкидланишича, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий онлайн саммитида “Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикаси Президентларига расмий ташрифим давомида қабул учун миннатдорчилик билдираман”, дея келажакда бошқа туркий тилли давлатлар раҳбарлари билан учрашиш имкониятига эга бўлишига умид боғлаган.

Президентимизнинг аввало иқтисодий алоқаларни кучайтириш, шунингдек аъзо давлатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкига эга бўлиш фурсати етгани, минтақа транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш билан боғлиқ ташаббусларининг амалга оширилиши умумий 115 миллион кишилик аҳолига эга давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти янада яхшиланишига имкон беради.

Маълумки, мамлакатимиз Президенти Туркий кенгашнинг 2018 йил 3 сентябрь куни Чўлпонота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтган саммитида биринчи марта фахрий меҳмон сифатида қатнашганди. Бир йил ўтиб, 2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзо бўлди ва 2009 йил 3 октябрь куни имзоланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. Бир ойдан сўнг, яъни 2019 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон Бокуда Туркий кенгашнинг олий маслаҳат органида ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида қатнашди ва Президент Шавкат Мирзиёев ТТДҲК еттинчи саммитида нутқ сўзлади.

Ушбу анжуманда Президентимиз томонидан адабиёт ва санъат соҳасида Халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Жорий йилнинг 31 март кунидаги норасмий саммитда маълум бўлганидек, Президентимизнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳамда ушбу мукофотни Мир Алишер Навоий номи билан аташ ҳақидаги таклифи ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан тўлиқ маъқулланган.

Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган, улуғ зот – Алишер Навоийга юксак эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламиз. Бу нуфузли мукофотнинг таъсис этилиши туркий бирлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз”, дейди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

Дарҳақиқат, ушбу муҳим янгилик жорий йил мамлакатимизда 580 йиллиги кенг миқёсда нишонланаётган, ўзбек адабиётини жаҳон юксаклигига кўтарган ва адабий тилига асос солган Мир Алишер Навоий бобомизнинг хизмати не-не даврлар ўтсада, асрлар ошсада, дунё бўйича муносиб даражада эътироф ва эҳтиром кўрсатилаётганидан далолатдир. Жумладан, улуғ бобокалонимиз “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётдаги ўрни, унинг грамматик мукаммаллиги, сўзларга бойлиги, форсий тил қоидаларига қиёсланган ҳолда чуқур ва аниқ мисоллар орқали таҳлил этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатини илгари суриши, шунингдек Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларни мустаҳкамлашига Туркий кенгаш ташкилоти қўшимча омил бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Одилжон ТОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг

ўринбосари


Кўришлар сони: 177

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...

Тадбирлар тақвими