Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади

Ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади

Қоракўлчилик экспорт ва инвестициялар нуқтаи назаридан жуда салоҳиятли соҳа ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатимизда ўзбек қоракўли брендини яратиш ва дунё миқёсида тарғиб қилишга катта эътибор қаратиляпти. Зеро, қоракўлчиликнинг ўзига хос тарихи бор, бу сердаромад соҳа.

Нега десангиз, қоракўл қўйларидан олинадиган тери қадимдан қадрланган. Юртимизда ҳам қимматбаҳо терилардан тикилган бош кийимлар машҳур бўлган. Чунки қоракўл қўйларидан қимматбаҳо мўйнадан ташқари, гўшт, сут, жун каби маҳсулотлар ҳам олинадики, буларнинг барчаси катта даромад келтирувчи манбалардир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда майда шохли наслдор молларни кўпайтиришга алоҳида эътибор берилаётганига қарамай, мавжуд яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, уруғчилик майдонларини кенгайтириш, соҳада экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Давлатимиз раҳбарининг «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан соҳадаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топаётгани аҳамиятлидир.

Унга биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 мартга қадар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан қоракўлчилик кластерларига озуқа учун ер майдонлари ажратилади. Бу жуда тўғри қарор бўлиб, насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлашда яхши самара беради.

Мазкур ҳужжатда қоракўлчиликка ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам назарда тутилаётгани қоракўлчилик тармоғини ривожлантиришга ташлаган муҳим қадамдир. Масалан, жорий йилнинг 15 февралига қадар Молия вазирлигининг вақтинча бўш турган маблағлари ҳисобидан 100 миллиард сўм маблағ «Туронбанк» АТБга Марказий банк асосий ставкасида ажратилиши белгиланди.

Банк бу маблағни «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, яъни бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасига 2 фоиз банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланадиган ставка бўйича кредит сифатида тақдим этиши экспортбоп қоракўл ва қоракўлча терини қайта ишлашда кутилган натижа бериши аниқ.

Яна бир муҳим янгилик — 2024 йил 1 январга қадар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигидаги яйловлар ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қўмитага ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Бу дегани қоракўлчилик кластерлари ўзларига ажратилган яйловлар учун белгиланган ер солиғининг фақат ярмини тўлайди, холос.

Қарорда наслдор қўй ва эчкининг, шу жумладан, қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилиши ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Уюшма аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этиляпти.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу қарорига мувофиқ, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти тузилмасида Марказлашган илмий-наслчилик тажриба лабораториясини ташкил этиш ҳам белгиланди.

Эндиликда наслчилик лабораторияси соҳада маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида табиий серпуштликка, юқори ҳаётчанлик ва мослашиш хусусиятига эга бўлган қўш маҳсулдор янги қўй зотларини яратишнинг лаборатор тажрибаларини олиб бориш, шунингдек, илмий-наслчилик тажриба станцияларида юқори наслдор элита синфига мансуб наслли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли йўлга қўйиш билан шуғулланади.

Хулоса қилиб айтганда, қоракўлчилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш ва яйловлардан фойдаланишда солиқ имтиёзларини қўллаш бугунги кунда долзарб вазифалардан саналади. Мазкур қарор қоракўлчиликни ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиши билан бирга, жойларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилишига ишонаман.

Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 64

Депутатлар минбари

Янгиликлар

03.03.2021
Ўзбекистон – Япония: парламентлараро музокаралар бўлиб ўтди

2021 йил 3 март куни Япония парламенти билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламентлараро...

03.03.2021
Кооперативлар фаолияти қонун билан мустаҳкамланмоқда

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида кооперация соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий асослар соҳадаги муносабатлар...

03.03.2021
Қонун лойиҳаси қўмитага қайтарилди

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими