Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиз

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиз

Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу сабабли мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётир.

Президентимизнинг куни кеча Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштироки ва унда илгари сурган қатор ташаббуслари мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға эмас.

Ушбу тарихий нутқ Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ва БМТ билан олий даражадаги алоқаларининг мантиқий давоми бўлиш билан бирга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича глобал шерикликни кенгайтиришга қаратилган янги қадамидир. Чунки анжуманда инсон ҳуқуқлари соҳасида энг долзарб бўлган муҳим масалалар ҳақида сўз юритилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини қайд этди. Бундан англаш мумкинки, бундан буён мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш борасидаги изчил ислоҳотлар жадал тусда давом эттирилади.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш таклифини илгари сургани ёдимизда. Юртбошимиз ўз нутқида ёшлар масаласига тўхталиб, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклифини илгари сургани минг-минглаб ёшларнинг кўнглидаги гап бўлди, уларни эзгу мақсадлар сари етаклади. Сабаби бу орқали ёшлар масалаларини БМТнинг юқори минбарларида доимий равишда муҳокама қилиб бориш имконияти яратилади.

Жорий йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам улкан мақсадлар мужассамдир. Негаки, Ўзбекистон сўнгги йилларда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга ошираётганини барчамиз кўряпмиз, гувоҳи бўляпмиз. 2021 йилда Болалар омбудсмани институти фаолияти янада такомиллаштирилиб, бу борада алоҳида қонун қабул қилиниши энг тўғри ва оқилона йўлдир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда изчил давом эттирилишини таъкидлаган эди. Шу боисдан давлатимиз раҳбари анжуманда айни масалага яна бир маротаба тўхталиб, бир қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Хусусан, бу борада Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этиб, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига мамлакатимиз ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади.

Муболағасиз айтаманки, ушбу маърузани тинглар эканман, унинг замирида халқимизнинг неча йиллик орзулари, умидлари ижобатини кўрдим. Президентимиз ўз нутқида “Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз” деди. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилаётгани Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашга ташланган яна бир муҳим қадамдир.

Хулоса қилиб айтганда, анжуман минбаридан айтилган сўзлар нафақат юртдошларимизни, балки халқаро ҳамжамиятни ҳам тўлқинлантириб юборгани аниқ. Шундай экан, нутқда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда биз депутатлар янада фаол бўлишимиз, халқимиз учун Президентимиздек фидоийлик, жонкуярлик билан ишлашимиз лозим. Зеро, бош мақсадимиз ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашдир.

 

Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 88

Депутатлар минбари

Новостная лента

27.02.2021
Ҳудуд муаммолари депутат иштирокида ўз ечимини топмоқда

Дастлаб, тумандаги чекка ҳудуд “Манақ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро...

27.02.2021
Муаммолар ечими қаерда?

“Оқтош” МФЙдаги нуронийлар ҳудуддаги собиқ масжид биносидан мақсадли фойдаланиш масаласини кўтаришд...

26.02.2021
Чаманзор қишлоғи муаммолари ўрганилди

Шу кунларда Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Oлий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери...

Тадбирлар тақвими