Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мансабдор шахсларнинг қонунлар ижроси бўйича жавобгарлиги ва масъулияти янада ошади

Мансабдор шахсларнинг қонунлар ижроси бўйича жавобгарлиги ва масъулияти янада ошади

Мамлакатимизда сўнгги тўрт йилда барча соҳада кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, жамият тараққиётини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бироқ уларнинг барчаси ҳудудларда ва ташкилотларда талаб даражасида ижро этиляпти, дейиш мушкул. Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур камчиликларни бартараф этиш борасида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатда қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини пухта иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни таъминлаш, улар қабул қилингач, ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Эндиликда, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни пухта ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг таъсирчан амалиётини шакллантириш, уларни аниқ ижрочилар, кенг жамоатчилик ва аҳолига тезкор етказиш, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жорий, ўрта муддатли ва истиқболдаги вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича шошилинч ҳамда тезкор чоралар кўриш мақсадида Президент Администрацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг ташкилий, ижро ва назорат фаолиятининг ягона тизими жорий этилади.

Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, аввало, ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишига боғлиқ. Бу борада Олий Мажлис палаталарининг ҳам ўрни ва роли муҳимдир. Фуқароларнинг соҳалардаги ўзгаришлар юзасидан таклиф ва муносабатларини эшитиш ва муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таҳлил қилиб бориш, унинг кенг жамоатчиликка етказилишини таъминлаш, натижалар бўйича келгусида қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан вазифалар белгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Фармонда қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг пухта иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши белгилангани парламент фаолиятида қўмиталар ҳузурида қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишга кўмаклашувчи экспертлар гуруҳлари фаолиятининг аҳамиятини оширади ва, ўз навбатида, қабул қилинадиган қонунларнинг халқчиллиги ва ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қолаверса, фармондан давлат хизматчиларининг масъулиятини ошириш бўйича жавобгарлик белгилаш, давлат органларидан тегишли ҳужжатлар ижроси юзасидан маълумотларни сўраб олиш, ижро таъминланмаган бўлса, унинг чораларини кўриш бўйича огоҳлантириш ва кўрсатмалар киритиш масалалари ҳам ўрин олган. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилади.

Бундан мақсад мансабдор шахсларнинг қонунлар ижроси бўйича жавобгарлиги ва масъулиятини янада ошириш, қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини жамоатчилик томонидан назорат қилиш механизмини такомиллаштиришдир.

Фармонда Олий Мажлис палаталарига қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг ижро ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шу жумладан, ислоҳотларнинг аҳоли турмуш тарзига таъсирини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича парламент назоратини тизимли ташкил белгиланган.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Ҳисоб палатаси билан биргаликда соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ҳамда тематик таҳлилий ўрганишлар ўтказиш, жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш Адлия вазирлигига юклатилган.

Бир сўз билан айтганда, фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишига хизмат қилади.

 

Муҳтабар ҲУСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 133

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.03.2021
ЎзМТДП фракцияси аъзолари айрим нормаларга қарши чиқди

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини ...

05.03.2021
Қонун лойиҳасига рағбатлантирувчи норма киритилди

2021 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Лицензиялаш,...

04.03.2021
Суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизми яратилади

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасига суғурта бозори фаолиятини либераллаштириш ва инвесторлар учун...

Тадбирлар тақвими