Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тараққиёт бирликни талаб қилмоқда

Тараққиёт бирликни талаб қилмоқда

Халқимиз азалдан илм-маърифатли ва бағрикенг бўлишга интилган ва дунёни ҳам шундай яшашга даъват қилиб келган. Бугунга келиб эса аждодларимиздан мерос қолган куч ва ишонч бизни Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштиряпти. Бу саъй-ҳаракатлар улкан амалий ишларга айланиб, халқимизни буюк мақсад ва эзгу ҳаракатларга етаклаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 февраль куни имзоланган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони ҳам халқона ҳужжатлардан бири бўлди. Дастур лойиҳаси 18 январь куни халқ муҳокамасига тақдим қилинган бўлса, ўн кун давомида 4 мингга яқин таклиф келиб тушган ва унинг асосида лойиҳага 50 га яқин концептуал ҳамда 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

2021 йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам ушбу мақсадлар мужассам. Президентнинг сўнгги пайтларда «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», дея такрор ва такрор эътироф этиши ҳам бежизга эмас.

Умидли ёшлар мамлакатимизнинг келажаги ҳисобланади. Шу боис, Давлат дастурида ёшлар таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, илм-фан, маънавият ва маърифатни ривожлантириш масалаларига ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият берилганини қайд этиш жоиз.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш, яъни ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган ёшлар учун Президент гранти жорий этилади. Олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити берилади. Давлат грантлари сони 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилиши белгиланди.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Жамғарма ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши бу мамлакатимизга қисқа муддатларда савияли кадрларни етказиб бериш зарурати билан боғлиқ.

Партиямизнинг энг устувор йўналишларидан бири бу туризмни ривожлантиришдир. Таъкидлаш лозим, пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳа шубҳасиз бу туризм бўлди. Шу боис, Давлат дастурида бу соҳа ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган чоралар 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилиши белгиланди.

2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш доирасида авиаташувчиларга – ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда авиа чипта нархининг 25 фоизи, туроператор ва турагентларга – Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизини қайтариш механизми жорий этилади.

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг 12-13 декабрь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоятда ички туризмни янада ривожлантириш ва сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида транспорт хизматларини яхшилаш, хусусан, Фарғона водийсидан авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйишни, бунда чипта нархларини 30 фоизга арзонлаштиришни, кейинчалик бу тажрибани Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўллаш бўйича топшириқ берган эдилар.

3 февраль куни «Урганч – Фарғона» йўналишида илк парвоз амалга оширилди. Албатта, ушбу ташаббус ички туризмни ривожлантириш учун янги қадам бўлди. Чунки қанчадан қанча фарғоналик ватандошлар ҳали Хоразмни кўрмаган, хоразмликлар эса Фарғона водийсида бўлмаган.

Исроил собиқ бош вазири Голда Маирдан қандай қилиб буюк давлат қуриш мумкинлиги тўғрисида сўралганида: «Энг муҳими - ишланг, ишланг ва яна ишланг. Чунки сиздан бошқа ҳеч ким сизни ҳимоя қилмайди, боқмайди ва сизнинг мамлакатингиз сиздан бошқа ҳеч кимга керак эмас» дея жавоб берган экан.

Шу маънода, бугунги ўзгаришлар даврини халқимиз узоқ йиллар давомида кутди ва бу давр мамлакат тарихида миллий уйғониш даври сифатида муҳрланяпти.

 

Алишер ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 152

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.03.2021
ЎзМТДП фракцияси аъзолари айрим нормаларга қарши чиқди

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини ...

05.03.2021
Қонун лойиҳасига рағбатлантирувчи норма киритилди

2021 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Лицензиялаш,...

04.03.2021
Суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизми яратилади

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасига суғурта бозори фаолиятини либераллаштириш ва инвесторлар учун...

Тадбирлар тақвими