Cайт ранги: A A


Депутат фикри

“Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция йиғилишида куриб чиқилди

“Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция йиғилишида куриб чиқилди

Бугун, ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдик.

Таъкидлаш жоиз, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги Фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг, 16 та диний конфессия вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида белгиланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари давомийлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳозир юртимизда фаолият кўрсатаётган 141 та миллий маданий марказнинг асосий мақсадидир.

Фуқароларнинг она тилида таълим олишини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда, яъни ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилмоқда, олий таълим масканларида эса бир неча қардош ва хорижий тилларда таҳсил олиш имконияти яратилган.

Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунасидир.

Шуни таъкидлаш жоизки, тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ инсонларни, миллатлар, элатлар, халқлар ва давлатларни беғараз дўстлик ришталари орқали бирлаштириш Бирлашган миллатлар ташкилотининг энг асосий мақсадлари сирасига киради. Шу боис БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майдаги 65-сессиясида қабул қилинган 65/275-сонли резолюциясида халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш имкониятини яратиш мақсадида 30 июль – Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship) сифатида кенг нишонлаш белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан юртимизда 30 июль куни — Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонлаш белгиланяпти. Бу албатта, инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси  аъзоси



Кўришлар сони: 513

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...

Тадбирлар тақвими