Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Прописка тизимини ислоҳ қилиш — тарихий қадам

 Прописка тизимини ислоҳ қилиш — тарихий қадам

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олди. Айниқса, узоқ вақтдан буён фуқаролик ҳуқуқига оид тўпланиб қолган кўп масалалар ҳуқуқий ислоҳотлар билан ўз ечимини топмоқда. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи бир қатор қонун ва фармонлар қабул қилингани эътиборга молик.

Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун билан мамлакатимиз ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган 50 мингга яқин шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишига имконият яратилди. Бу борадаги масалаларни кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари амал қилиши белгилаб берилди. Шунингдек, соҳадаги ўзгаришлар жорий йилда қабул қилинган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонунда ўз ифодасини топди.

Президентимизнинг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш юзасидан ишлар бошлаб юборилди. 

Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан “прописка” сўзи маънавий эскирганлиги ва ушбу атама фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “эркинликни чекловчи” деган тушунчаларни келтириб чиқараётганлиги муносабати билан “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлиш учун бу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш талаби бекор бўлди.

Қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилди. Яъни бошқа вилоятда доимий рўйхатда бўлган фуқаро Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олгандан кейин, аввало, ўзи шу манзилга доимий рўйхатга ўтади. Сўнгра оиласи (турмуш ўртоғи, фарзандлари)ни, агар хоҳласа, ота-онаси, бобо-бувиси ва набираларини ҳам доимий рўйхатга ўтказиши мумкин бўлди.

Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинди.

Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйҳатга олиниш имконига эга бўлди.

Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишига оид қоида бекор қилинди.

Илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келганида ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади. Яъни олдин амалда бўлган тартиб бўйича аввалги яшаган манзилига фақатгина давлат йўлланмаси билан ишга юборилган, ўқиш учун кетган, жазони ижро этиш муасссасидан озодликка чиқиб қайтиб келган фуқароларгина, агар шу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этсалар, яна қайтадан доимий рўйхатга олинган. Эндиликда ҳар қандай шахс Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан маълум сабаларга кўра, ёки ўзининг хоҳишига кўра рўйхатдан чиқиб кетса ҳам, хоҳлаган пайтида яна қайтиб, тегишинча Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудига доимий рўйхатга туриши мумкин бўлди.

Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) шунингдек, уларнинг оила аъзолари доимий рўйхатга туриш имкониятига эга бўлди.

Фармонда пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни “ягона дарча тамойили” асосида амалга ошириш механизмлари рақамлаштирилиши лозимлиги белгиланган.

Шу асосда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” дастури воситасида амалга ошириш йўлга қўйилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинди. “Манзил” дастури орқали рўйхатга олиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида — 2020 йил 1 сентябрдан амал қилмоқда.Ушбу тартиб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

“Ягона дарча тамойили” дейилганда фуқаронинг иши бир жойда ҳал бўлиши тушунилади. Мазкур ҳолатда доимий рўйхатга эга бўлиш учун фуқаро талаб этиладиган ҳужжатларни тақдим этиш учун бошқа давлат идораларига бориши шарт эмас. Мурожаат ички ишлар органининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасининг ўзида ҳал бўлади. Масалан, доимий рўйхатга қўйиш учун зарур бўлган уй-жой кадастр ҳужжатлари, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар электрон кўринишда идоралараро ҳамкорлик тизими орқали рақамлашган шаклда олинади. Худди шундай бошқа ҳужжатлар — ўлим, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳдан ажрашганлик тўғрисидаги гувоҳномалар, шахснинг ишлаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам тармоқ орқали электрон тарзда олиниши мумкин.

Фуқаро доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи бериш амалиёти жорий этилди. Ушбу тартибга асосан паспортларга штамп босиш тартиби бекор қилинди.

Идоралараро ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадида Адлия вазирлигининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви” ахборот тизими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси, Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ” ахборот тизимлари комплекси “Манзил” дастурига интеграция қилинди.

Халқ таълими вазирлигида ҳам вояга етмаганларни туғилганлик ҳақида гувоҳномаси маълумотларига ҳамда вояга етганларни жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базаси яратилиб, “Манзил” дастури орқали ўзаро ҳужжат алмашиш имкониятига эга бўлди.

Мудофаа вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини реал вақт режимида ҳарбий ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш йўлга қўйилди, 2021 йил 1 январдан қолган вилоятларда йўлга қўйилиши белгиланган.

Олий Суднинг ахборот тизими “Манзил” дастури билан интеграция қилиниб, шахсни турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги ҳақида қарор рақами, санаси ҳамда унинг қонуний кучга кириш санаси ва суд қарори асосида бекор қилинган бўлса, қарор рақами, санаси ҳамда унинг қонуний кучга кириш санаси ҳақидаги маълумотларни тадқим этиш электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Албатта, фуқароларнинг турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирларининг босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги тизимда замонавий муносабатларни жорий этиш имкониятини берди. Қонунчиликдаги ўзгаришлар асосидаги прописка тизимининг ислоҳотлари билан аҳолини доимий рўйхатга олиш тартиб-таомиллари либераллаштирилди ҳамда фуқароларнинг эркин кўчиб юриш соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланди.

 

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 1206

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...

Тадбирлар тақвими