Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Комила КАРОМОВА: Келажак аёл қўлида йўргакланади

Комила КАРОМОВА: Келажак аёл қўлида йўргакланади

Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Аммо инсон тақдири онага боғлиқ, деган сўзларда ҳам кўп ҳикмат бор. Ризоуддин Ибн Фахриддин таъкидлаганидек, оиланинг асл устуни аёлдир. Эркаклар тарбияда фақат аёлга бўйсунадилар. Фарзанднинг илк тарбиячиси бу – унинг онаси. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аёлларга муносиб турмуш шароити яратиш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш, қонуний манфаатлари, хуқуқларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади.

Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш баробарида, юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни ҳам чуқур ўрганиш уларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бунинг учун, албатта, барча бўғиндаги ташкилотлар ишини янада такомиллаштириш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш зарур.

Таъкидлаш жоиз, аёл ўзидан ўзи сиёсий фаол кучга айланмайди. Бунинг учун шароит, имконият яратилиши керак. Мамлакатимизда эса бу соҳада катта ишлар қилиняпти. Энг муҳими, қонунчиликнинг хуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Фақат биз бу қонун, қарорларни тарғиб қилишда етарли фаолият олиб бормаяпмиз. Опа-сингилларимизнинг қонунлардан бехабарлиги эса ўз имкониятларидан етарли фойдаланмаслик, қонунбузилиш ҳолатларига олиб келаётгани ҳам ҳақиқат. Кейинги уч йил ичида қабул қилинган қонун, фармон ва қарорларга бир сўз билан таъриф берадиган бўлсак, улар аёлни қадрлашга, эъзозлашга, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилди. Масалан, 2018 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ, барча фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши оила институтининг мустаҳкамланишида амалий қадам бўлди. Мазкур фармон билан ФҲДЁ органларининг фаолияти туман, шаҳар ҳокимликларига бўйсундирилди. Уларнинг фаолиятини назорат қилиш ҳоким ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари зиммасига юклатилди.

Жамиятдаги қатор кўнгилсизликларнинг олдини олишда иш билан таъминланганлик жуда муҳим ҳисобланади. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда бу масала жуда муҳим. Бандлик қатор ҳаётий муаммоларнинг ечими ҳисобланади. Бандлик жиноятлар, оиладаги ажримларнинг олдини олади, аёлнинг иш излаб узоқларга кетишига тўсиқ бўлади. Энг муҳими, у болалари олдида бўлиб, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшади. Лекин бандлик, бандлик, деган билан бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарори мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат хуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини кўллаб-қуватлашга кенг имкониятлар яратади. Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддасида пенсия ёшига етган фуқаро билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эди. Янги қарорда эса аёл 60 ёшга тўлгунича иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя этиш бўйича комиссияси ҳам тузилди.

Хотин-қизлар хуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонун ижодкорлигига катта эътибор берилгани натижасида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг хуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тайзиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Хотин-қизлар меҳнатини рағбатлантиришга ҳам катта эътибор бериляпти. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан иқтидорли қизларни тақдирлаш тизими такомиллашди. Ҳар йили 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизларимизнинг 28 нафарига мазкур мукофот тақдим этилмоқда. Иқтидорли қизларнинг давлатимиз томонидан бундай қўллаб-қувватланиши, ижтимоий ҳимоянинг бундай кўриниши дунёдаги ҳеч қайси давлатда йўқ. Ёки ҳаётда, жамоат, меҳнат фаолиятида ўрнак бўлган аёлларимиз Президентимиз фармонига биноан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Буларнинг барчаси замирида аёл зотига улкан ҳурмат, эҳтиром, ғамхўрлик бор. Ўз навбатида, бу эътибор барча хотин-қизларга катта масъулият юклайди.

Болаларимиз тарбиясида эътибор қаратишимиз зарур бўлган вазифаларни биз амалга оширмасак, фидойилик кўрсатмасак муваффақиятларга эриша олмаслигимиз тайин. Бу хақда давраларда кўп гапиришимиз керак. Токи, ҳар бир қабул қилинаётган қарор, қонундан аёл ўз вақтида хабардор бўлсин. Соатлаб телефонга тикилиб ўтирадиган ўғил-қизларимиз эътиборини ҳаётга қаратайлик. Қўлига китоб тутқазайлик, шеърга ошно қилайлик, санъатга шайдо этайлик. Жисмонан бақувват бўлиб вояга етишлари учун уларни спорт тўгараклари томон бошлаб борайлик, юрагида китобга ҳавас уйғотиб, ўзимиз китобхонликда намуна кўрсатайлик. Ўзимиз намуна бўлайлик, деб такрор-такрор айтгим келади. Опа-сингилларимизга кийим, тақинчоқларимизни кўз-кўз этиб эмас, фарзандларимизнинг ақл-идроки, фанлардаги муваффақиятлари билан мақтанайлик.

Ахир, шу кўзмунчоқ боламиз эртага спортда, фанда, санъатда дунёни забт этса, унинг билими, одобига дунё ҳавас қилса, шу бизнинг бахтимиз, шу бизнинг фахримиз эмасми?! У ўз йўлини топиб олса, адашмаса, қоқилмаса, шу бизнинг тинчимиз эмасми?!

Биз дунё тан оладиган, ҳавас қиладиган ўғил-қизларни тарбиялашга масъулмиз. Аёлнинг ҳурматини жойига қўядиган, юртига таянч бўладиган марду майдонларни вояга етказишга, андишали қизларни, мард йигитларни тарбиялашга бурчлимиз. Бизнинг энг катта, асосий, шарафли вазифамиз ҳам ана шу.

Комила КАРОМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутат


Кўришлар сони: 480

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

22.01.2020
Ҳаракатлар режасида кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси парламент назоратида бўлади

Йиғилишда дастлаб, фракция аъзолари номзодларнинг истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ...

Тадбирлар тақвими