Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Зулайҳо АКРОМОВА: ҚҚС: моҳияти ва қўллаш механизмини биламизми?

Зулайҳо АКРОМОВА: ҚҚС: моҳияти ва қўллаш механизмини биламизми?

1958 йилда Францияда жорий этилган қўшилган қиймат солиғини назарда тутувчи “ҚҚС” тушунчасига нисбатан ҳамон турлича қарашлар билдирилади. Бир тараф унинг нархлар кескин ошишига хизмат қилишини таъкидласа, иккинчи тараф аксинча, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш воситаси деган қарашни ҳимоя қилади. Ҳолбуки, нима бўлганида ҳам, бугунги кунда дунёнинг 140 га яқин мамлакатида солиқнинг ушбу тури жорий қилинган. Бу эса, кўр-кўрона равишда товар ёки хизматларга муайян фоизни қўшиб қўйиш эмаслигига дастлабки исботдир.

Демак, ҚҚС хусусида тугал фикр билдиришдан аввал, унинг моҳиятини ҳамда қўллаш механизмини чуқур ўрганиш энг тўғри йўлдир.

Маълумотларга кўра, республикамизда 2018 йили қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 6,7 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатида бу кўрсаткич 81,5 мингтага етган. Ушбу маълумотнинг ўзиёқ, солиққа тортишнинг мазкур усули дастлаб тадбиркорлар томонидан нархлар ошиб кетиши билан боғлиқ билдирилган ҳадиклар анчайин асоссиз бўлганига исботдир.

Аммо амалда ўзини оқлаган бўлишига қарамасдан, Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар ҚҚСни тўлашга ўтиши жараёни хусусида ҳам шундай хавфсирашлар кузатилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу ҳолатда ҳам аввалгисида бўлгани каби ҚҚСнинг моҳияти ва механизмини тўғри тушунмаслик, бу борада мавжуд имтиёзлардан хабарсизлик ана шундай ҳадиклар “болалашига” асос бўлмоқда. Бундай вазиятда имкон қадар содда ва тушунарли тилда тарғибот олиб бориш ёки хўжалик раҳбарлари ҳамда уларнинг ҳисобчилари учун махсус семинарлар ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерлар имкониятидан унумли фойдаланиш муҳимдир.

Аввало, мазкур Фармон барча хўжалик юритувчи субъектларга тенг шарт-шароитларни яратиш учун қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини ташкил этиш мақсадида белгиланганини инобатга олиш зарур.

Нима учун айнан “тўлақонли занжир” атамасига урғу берилган, деган савол кўплаб қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан тилга олинмоқда. Гап шундаки, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ёки хизмат кўрсатувчилар хомашё ёхуд ярим тайёр маҳсулотларни харид қилиш, импорт қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ жараёнда айнан ҚҚС тўловчилар билан бирга ишлаши тўлиқ занжир тушунчасини юзага келтиради. Яъни, бундан фақатгина тадбиркор ва фермерлар манфаат кўради. Фақатгина айнан мана шу жараёнда эътибор қаратиш зарур бўлган муайян қоидаларга амал қилиш, уларни ўрганиб олиш лозим.

Биринчидан, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи тилга олинган Фармонига кўра, 2019 йилнинг 9 ойида пул айланмаси (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши талаб этилади. Бу эса, ҳамма фермер хўжаликлари ёппасига, деган ва ҳозирча алдамчи бўлиб турган қараш нотўғрилигини англатади.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда 28 мингдан ортиқ янги субъект ҚҚС тўловига ўтган. Улар орасида устав капитали 10 миллионлаб доллардан ошган йирик корхоналар бор. Улар ҳисоб-китобда ҚҚСни инобатга олиш имкониятидан маҳрум эди. Шунингдек, 75 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ҳам қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоб қилишни ўрганиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимиздаги 85 минг нафар фермернинг атиги 1316 нафари 1 миллиард сўмдан ортиқ умумий пул айланмасига эга. Бундан ташқари, 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига айланади. Демак, айни пайтда, Ўзбекистонда 27 минг фермер ёхуд жами фермерларнинг 32 фоизи 50 гектардан ортиқ ер майдонидан фойдаланишини инобатга олсак, юқорида айтилганидек, оддийгина “ҳамма эмас” деган қараш юзага чиқади.

Аммо ҚҚСни тўғри қўллаш ва ундан манфаатдорлик қолган хўжаликларни ҳам ушбу “даража”га чиқишга ундайди. Зеро, кўпчилик ҳолларда ҚҚСни қўллашдаги англашилмовчилик унинг бутун занжир давомида бир марта қўлланилишини инобатга олмаслик билан боғлиқ. Шу боис, солиқнинг ушбу турига ўтилганида алоҳида ҳисоб варақа юритилади. Масалан, фермер ҳам ҚҚС бўйича ҳисоб қила олади, уруғ, агротехника, электрэнергия, газ, сув сотиб олади ва шулардаги ҚҚСни инобатга олиши мумкин бўлади.

Иккинчидан, ушбу тартибнинг жорий этилишидан кўзланган мақсад — пахтасаноат ва мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари учун хомашё етказиб берувчи фермерларни ҚҚС занжирига қамраб олишдир. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, ушбу йўл билан бозор ҳамда ишлаб чиқариш босқичларида барқарор нарх сиёсатига эришиш мумкин.

Учинчидан, 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилгани фермер хўжаликларнинг 2019 йил рентабеллиги ўсишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда ҚҚСни соҳада қўллаш учун билиш зарур бўлган яна айрим жиҳатлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсак. Қўшилган қиймат солиғи қиймат яратиш жараёнида ҳосил бўладиган жараёндан ҳисобланади. Шу кунгача ҳам хўжаликлар бу борадаги тўловларни тўлаб келган. Яъни, коммунал тўловлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитлар, эҳтиёт қисмлар учун тўловлар таркибида ушбу солиқ тури мавжуд бўлган. Демак, бу ҳисоб варағида кўрсатилган ҚҚС бюджетга ҳисобланадиган ҚҚСдан олиб ташланади.

Шуни унутмаслик керакки, хўжаликлар ҚҚСдан озод қилиниши мумкин бўлган бир неча ҳолатлар ҳам мавжуд. Уларнинг энг асосийси ва фермерлар учун бевосита аҳамиятлиси, етиштирилган маҳсулот ёки хизматни экспорт қилиш билан боғлиқ. Зеро, бу ҳолатда, ҚҚС фоизи нолга тенг бўлади. Ҳатто, жараёнда тўланган бўлса ва маҳсулот кейинчалик экспортга чиқарилса, у ҳолда, ҳисобга олинган ҚҚС миқдоридаги маблағ бюджетдан қайтариб берилади.

Мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, замонавий ва илғор бозор механизмларини соҳага жорий қилишда муайян қоидалар тўла англаб етилса ва тўғри қўлланса, нархлар ошиб кетиши билан боғлиқ хавотирлар ўз аҳамиятини йўқотади. Бинобарин, ушбу нормаларнинг амалиётга жорий этилиши мамлакатда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Зулайҳо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 574

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими